Энг олий қадрият

 

Президентимизнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги нутқи инсон қадр-қимматини улуғлаш ва уни қадрлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Нутқда гендер сиёсати масалаларига эътибор қаратилди, ижтимоий-сиёсий ҳаётда ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини оширишга қаратилган ишлар қатъий давом эттирилиши, хусусан, жорий йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти ва хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказиш режалаштирилаётгани айтиб ўтилди.

Таъкидланганидек, гендер сиёсати масалалари бугун мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг муҳим бўғинига айланди. Масалан, юртимизда оилавий зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга «Ҳимоя ордери» берилиши ҳам мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида қўлга киритилган салмоқли ютуқлардан бири бўлди.

Бугунги янгиланаётган жамиятда аёлларнинг сиёсат ва иқтисодиётга кенг жалб қилиниши туфайли гендер тенглиги борасида ўзгаришлар, силжишлар, ҳаттоки ютуқлар кўзга ташланмоқда. Айниқса, сиёсатда аёллар фаоллашганининг гувоҳимиз, яъни давлат бошқарувида, судлов тизимида, ички ишлар, божхона тизимида ҳам хотин-қизларнинг меҳнат қилаётгани айни ҳақиқатдир. Сўнгги йилларда аёлларимиз орасидан ҳоким аёлларнинг сайланиши, гендер тенглик масалаларининг амалий исботидир.

Сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланиб, сайлов қонунчилигида белгиланган аёллар учун 30 фоизлик квота ажратилишига эришилди.

Шунингдек, хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида кредитлар ажратиш охирги йилларда сезиларли ошди.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ушбу тарихий нутқ инсон ҳуқуқ ва манфаатлари билан боғлиқ барча жабҳаларни қамраб олгани, яъни фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, Ўзбекистонда сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қийноқларнинг олдини олиш, қийноқларга қарши конвенциянинг Факультатив протоколини ратификация қилиш масалалари юртимизда инсон қадр-қиммати энг олий қадрият эканидан далолат беради.

Ўзбекистон раҳбарининг нутқи инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича глобал шерикликни кенгайтиришга хизмат қиладиган янги қадамдир.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш