Хизмат вазифасини бажараётиб тажовузга учраган тиббиёт ходимлари ҳақида

 

Бирор дардга чалинсак ёки яқинларимиз бетоб бўлса, дарҳол 103 рақамини терамиз, нажот истаймиз. Кеча-ю кундуз шошилинч чақирувга тезкорлик билан етиб бориб, тиббий хизмат кўрсатадиган беминнат врач ва ҳамширалар муолажасидан миннатдор бўламиз.

Бироқ баъзан ноўрин ва ёлғон чақирув ҳоллари ҳам учраб туради. Бу эса тиббиёт ходимлари бошқа жойда нажот кутиб ётган беморлар ҳолидан хабар олиш имкониятларини чеклаб қўяди, ўз навбатида ҳақиқий хасталарга вақтида ёрдам беришга тўсқинлик қилади. Бундан ташқари, ортиқча харажат ва оворагарчиликка сабаб бўлмоқда. Зеро, бир марталик тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун сарфланадиган маблағ ўртача 150 минг сўмни ташкил этади. Агар буни бир неча баробарга кўпайтирсак, қанақа катта сумма юзага келишини англаш қийин эмас.

Бу масаланинг бир тарафи. Унинг иккинчи жиҳати ҳам борки, у ҳақида сўз очишнинг ўзи кўнгилни хира қилади. Гап шундаки, охирги вақтларда тез ёрдам машинасини кечикиб келишда айблаш ва тиббиёт ходимларини ҳақоратлаш, ҳатто уларга қўл кўтариш ҳолатлари учраб турибди. Жорий йилнинг 19 февраль санасида ҳам ана шундай тажовуз рўй берди.

Тунги соат 23:13да тез тиббий ёрдам call-марказига Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги хонадонларнинг биридан чақириқ тушган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳодисага қуйидагича изоҳ берди: тез ёрдам бригадаси чақирув жойига соат 23:25да, яъни 12 дақиқада етиб борган. Беморнинг аҳволи ўта оғир бўлгани учун у зудлик билан пойтахтдаги И.Иргашев номли 4-сон шаҳар клиник шифохонасига етказилган.

Муассаса бош шифокори Б. Мамажонов эса шифохонада 52 ёшли бемор Д. Н.га «Гипертония касаллиги. Гипертоник криз. Ўпка шиши ва агонал ҳолат» ташхиси қўйилганини таъкидлайди. Шу сабабли у зудлик билан реанимация бўлимига ётқизилган. Бу пайтда беморнинг ҳолати оғир бўлиб, кўз қорачиғи кенгайган, фотореакция аниқланмаган, нафас активлиги кузатилмаган, уйқу артериясида ҳам пульсни аниқлаб бўлмаган. Шу тариқа беморда клиник ўлим ҳолати қайд этилган.

Хабарга кўра, беморга сунъий нафас юбориш, дефибриллятор орқали таъсир кўрсатиш ва бошқа муолажалар олиб борилган. Юрак ва нафас реанимацияси 30 дақиқа давомида 3 марта қайта ўтказилган. Стандартлар бўйича амалга оширилган тезкор муолажаларга қарамасдан, бемор ҳаётдан кўз юмган.

— Беморнинг вафоти ҳақида яқинларига маълум қилинганда эса унинг фарзандлари хизмат вазифасини бажараётган шифокорларга нисбатан сабабсиз жисмоний тазйиқ ўтказган, — деди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази нейрохирургия ва қўшма жарроҳлик илмий бўлими раҳбари Козим МАҲКАМОВ. — Натижада шаҳар тез тиббий ёрдам хизматининг шифокори, 32 ёшли Д.У. «Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, чап ёноқ соҳаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, кўкрак қафаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, травматик шок 1,2-даража» ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Яна бир тез тиббий ёрдам хизмат ходими, яъни фельдшер, 21 ёшли А.А. «Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бурун суягининг ёпиқ синиши. Кўкрак қафаси соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши» ташхиси билан мазкур шифохонанинг реанимация бўлимида даволанмоқда.

20 февраль тонгида ҳам жабрланган тиббиёт ходимларининг аҳволи оғирлигича қолаётгани ва уларга махсус жарроҳлик амалиётига тиббий кўрсатма борлиги сабабли улар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказимизга ўтказилди. Айни пайтда ҳам улар 24 соат давомида шифокор назорати остида қолмоқда.

Мутахассиснинг сўзларига қараганда, мия чайқалишининг ўзида бемор бир неча босқичли даволаш муолажаларини олиши керак экан. 6 ойгача бадантарбия ва жисмоний машқлар ҳам тақиқланишини таъкидлади.

— Ҳозир аниқ гап айтиш қийин, — дейди у. — 14 кунгача жонлантириш бўлимида даволанади. Кейин беморнинг ҳолатига қараб, палаталарга олинади. Зарур чоралар кўрилгач, улар бир йилгача шифокор назоратида бўлиши лозим. Тиббиёт ходимлари тузалиб кетар, лекин уларда руҳий ўзгариш кузатилиши мумкин. Шифокорларнинг тажовуз ва тазйиқларга учраши натижасида айримларда бу соҳада ишлаш истаги йўқолади. Ҳозирда ҳаттоки шифокорнинг фарзанди ота-онасининг изидан кетишни истамайди. Агар рўй бераётган ҳодисаларнинг олди олинмаса, оқибати яхшилик билан тугамайди. Аввало, қонуний чораларни кучайтириш керак, деб ўйлайман. Қонунлар амалда ишлайдиган бўлиши зарур. Белгиланган меъёрлар сирпанчиқ, айланиб ўтадиган бўлмаслиги лозим. Акс ҳолда, бу касбга қизиқиш сусайиб кетади. Ҳимоя қилинмасдан, талаб қўйилса, мутахассислар камаяди. Зотан, ҳар қандай тажриба ва малака учун вақт талаб этилади.

Шифохонада оғир аҳволда қолаётган тиббиёт ходимларининг ёнига кирдик. Уларга ҳам саволлар билан мурожаат қилдик. 32 ёшли шифокор:

— Улар 6-7 киши эди. Кучимиз етмасди. Шунингдек, хизмат вақтида бемор ёки унинг яқинларига куч ишлатиш мумкин эмас. Пешонада бор экан... Болаликдан орзу қилган касбим. Ишлашда давом этаман тузалиб чиқсам.

— Мамлакатимизда тиббиёт ходимларининг нуфузини ошириш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда. Шунга қарамай, аҳоли орасида уларга нисбатан нописанд муносабатда бўлиш, ҳатто куч ишлатиш, тажовуз қилиш ҳолатлари илгари ҳам бўлган ва ҳозир ҳам давом этмоқда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Қизилгул Қосимова. — Бу жуда ачинарли ҳолдир.

Ҳаётнинг ўзи пандемия пайтида тиббиёт ходимларининг ўрни ва жасорати, ишининг аҳамияти, уларсиз бир кунни тасаввур қилишнинг ўзи қанчалик қўрқинчли эканини кўрсатиб берди. Кўзга кўринмас ёв билан курашда улар ўз ҳаётларини хавф остига қолдириб, қанчалаб бемор ҳаётини асраб қолишди. Буни унутиб қўйишимиз ачинарли ҳол. Уларни ҳимоя қилишни қонун билан белгилаб қўйиш бугунги давр талаби бўлиб қолаяпти.

Тиббиёт ходимларига нисбатан ҳужум қилганлик учун жавобгарликни белгиловчи, шунингдек, ўз вазифасини бажараётган тиббиёт ходимларини беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари ҳужумидан ҳимоя қилувчи махсус нормалар мавжуд эмас. Амалдаги қонунчиликда фақат соғлиққа зарар етказган шахсни жавобгарликка тортиш бўйича умумий меъёрлар белгиланган. Қонунчилик палатасининг депутатлари ташаббуси билан қонун лойиҳаси палатага киритилган эди. Қонуннинг асосий мақсади – тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ўз касбий мажбуриятларини бажараётган тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳолатларини бартараф этиш. Бу билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади.

Тажовузга учраган шахсларнинг ҳам оиласи, яқинлари бор. Уларнинг айни дамдаги ҳолатини англаш қийин эмас. Тўғри, отасини йўқотган инсонга жуда ҳам оғир. Лекин бу ўлимнинг асл сабаби нимада? Марҳум қаерда тиббий назоратда турган? Касаллик варақаси тарихи қандай? Ўз вақтида шифокор кўригидан ўтиб турганми?..

Қатор саволларга аниқлик киритиш керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам тиббиёт ходимларига қўл кўтаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бунинг учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Кимнинг тиббиёт ходимига эътирози бўлса, соҳа раҳбарларига ёки судга мурожаат қилиши мумкин. Бу қонуний қарор, маданиятли қарор бўлади.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

"Ўзбекистон овози" мухбири.

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш