Инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича эзгу ташаббуслар фаол қўллаб-қувватланди

 

Ҳуқуқий демократик давлат, очиқ ҳамда адолатли жамияти қуришнинг пойдевори мустаҳкам бўлиши учун аввало, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш кафолати мустаҳкам бўлиши керак. Чунки фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли тарзда ҳимоя қила олган жамиятдагина адолат қарор топади инсонга муносиб яшаши учун тўлақонли шароит яратиб берилади.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ўзида ифодалаган демократик ислоҳотларни амалга ошириш, кучли фуқаролик жамиятини қарор топтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бу борадаги кенг кўамли ислоҳотлар БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилиб, қўллаб-қувватланмоқда.

Жаҳоннинг нуфузли халқаро минбари – БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида Президентимиз томонидан билдириб ўтилган фикрлар ҳам мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қадриятларга қанчалик даражада содиқ эканлигини яна бир бора намоён этди.

Хусусан, давлатимиз раҳбари алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Яқинда Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги янги қонун кучга киргани, Ўзбекистон парламенти Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиши кутилаётгани қайд этилди.

Президентимиз томонидан имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузиш таклиф этилди. Бу албатта, ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш, хусусан, уларнинг таълим олиши, илм ўрганиши, касб танлаши, ҳунар ўрганиш борасидаги ҳуқуқларини амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлади, деб ўйлайман.

Маълумки, яқинда мамлакатимизда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинди ва кучга кирди. Айтиш керакки, ушбу қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

Жамиятда ҳар бир инсоннинг ўз ўрни бор. Ҳар кимнинг ҳам ёнидаги, атрофидаги одамлар каби ўз ҳуқуқи бор. Шунинг учун ҳам ногиронлиги бор шахсларнинг ҳам бошқалардан кам бўлмаган шароитда яшаши, саломатликлигини тиклаши, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариши учун барча шароитларни яратиш муҳим масала. Шундан келиб чиқиб, қонунда ногиронлиги бор шахслар учун биноларга кириб-чиқиш учун махсус йўлакчалар, пандуслар, жамоат транспортида махсус ўриндиқлар жойлаштирилади. Таълим олишнинг барча босқичларида шароит яратилиб, касб-ҳунарга ўргатиш, коллеж ва техникумларда таълим олишлари давлат ҳисобидан таъминланади. Маҳаллий ҳокимликлар эса ногиронлиги бўлган шахслар уй-жой шароитини яхшилашга масъул бўлади. Албатта, мазкур тартиб-қоидалар юртимизда инсон ва унинг манфаатлари устуворлигини амалда таъминлашга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида “Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умум эътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилади ва фаол илгари суради”, деб алоҳида таъкидлади. Бу шубҳасиз, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ислоҳотларга алоҳида устуворлик берилиши, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари тўлиқ бажарилишини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини мониторинг қилиш механизмлари янада такомиллашишини билдиради.

Бу аҳолининг эҳтиёжманд қатлами, ногиронлиги бор шахслар, уларнинг оилалари учун жуда ҳаётий аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш