Маълумки, жорий йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига сайловлар ўтказилади. Мазкур сиёсий кампанияни юқори савияда ташкил этиш учун жойларда тайёргарлик ишлари қизғин тус олмоқда. Шу кунларда мамлакатда фаолият кўрсатаётган барча сиёсий партиялар томонидан сайловчилар имзосини тўплаш жараёни амалга оширилмоқда. Ўзбекистон халқ демократик партияси ҳам бу жараёндаги чора-тадбирларни амалга оширишга улкан масъулиятни ҳис этган ҳолда ёндашмоқда.
— Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловчилар имзосини тўплаш учун имзо варақалари берилганидан сўнг Ўзбекистон халқ демократик партияси ташкилотларида имзо тўплаш жараёни бошлаб юборилди, — дейди партиянинг Бухоро вилоят кенгаши раҳбари Зулфия Тўйева. — Айни кунларда бу жараён қизғин паллага кирди. Имзо варақаларини тўлдириш тартиби ва бу борада қатъий амал қилиниши лозим бўлган жиҳатлар сайловчиларга тушунтирилмоқда. Қонунчиликка мувофиқ, сайловчилар имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек, ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа жойларда олиб борилмоқда.
Сайлов кодексида белгиланганидек, жорий йилги сайловларда имзо йиғишда ҳам қатор янгиликлар жорий этилган. Жумладан, эндиликда имзо варақасига маълумот киритаётган шахс бира тўла бешта партия учун ҳам имзо қўйиши мумкин.
Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.