Партия тизимида кадрлар сиёсати

 

Жамиятнинг, қолаверса, ташкилотнинг ривожланишида етук кадрлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Кадр салоҳиятли, интилувчан, масъулиятли ва билимли бўлса, иш унумдорлиги ошади, соҳада ўзгариш, тараққиёт бўлади. Бу исбот талаб этмайдиган ҳақиқат.

Шундан келиб чиқиб, Халқ демократик партияси тизимида ҳудудий партия ташкилотлари раҳбарлари ва масъул ходимларининг касбий кўникмаларини ривожлантириш, уларнинг малакасини янада ошириш масаласига жиддий эътибор қаратиляпти. Чунки, партиянинг дастурий мақсадларини аҳоли ўртасида кенг тушунтириш, амалий натижаларга эришиш, сайловчилар, электорат манфаатларини дадиллик билан ҳимоя қилиш ҳамда одамларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш кўп жиҳатдан кадрларимиз салоҳиятига боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан тегишли дастурлар доирасида кадрлар малакасини ошириш ва бошқарув кўникмаларини ривожлантириш бўйича бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ҳудудий ташкилотлари раҳбарлари корпусига салоҳиятли ва тажрибага эга бўлган малакали кадрлар танлаш ва захирадаги кадрлар билан ишлаш бўйича Низом қайта кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси Ҳайъати томонидан тасдиқланади.

Бунда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ҳудудий ташкилотлари раҳбарлари корпусини салоҳиятли ва тажрибага эга бўлган малакали кадрлар билан тўлдириш, шунингдек, чуқур касбий билимларга ва илмий салоҳиятга, юксак интеллектуал қобилиятга ва ахлоқий фазилатларга эга бўлган кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, кадрлар захирасини шакллантириш, кадрлар фаолиятини баҳолаш ишлари Ишчи гуруҳи томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Бу партия тизими учун кадрлар танлаш ва захирадаги кадрлар билан ишлаш тизимини яратиш ҳамда партия тизимида кадрлар қўнимсизлигининг олдини олишга имкони беради.

Унга кўра, партия тизими учун танланган ва захирага олинган кадрлар зарур назарий ва амалий билимларни эгаллаши, бўлажак иш хусусиятини чуқур ўзлаштириши, партия ташкилоти олдида турган вазифаларни билиши, тажриба орттиришлари учун минтақавий кенгашлари билан доимий алоқада бўлиши керак. Шунингдек, партия ташкилотлари томонидан ўтказиладиган тадбирларда жумладан, конференциялар, пленумлар, семинарларда доимий иштирок этиб туриши талаб этилади.

Партия ташкилотларимизда вакант лавозимлар пайдо бўлганда, биринчи навбатда, захирадаги кадрларга тегишли таклифлар билан чиқилади.

 

Хўш, захира кадрлар қандай шакллантиралди?

Захира кадрлар корпусини яратишда Олий ўқув юртлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликлар олиб борилади. Талабаларнинг Марказий ва ҳудудий кенгашларда амалиёт ўташи йўлга қўйилади. Амалиёт даврида талаба ёшлар орасидан сиёсий жараёнларга қизиқадиган, ташаббускор йигит-қизлар танланади ҳамда улар имкон даражасида рағбатлантириб, келгусида уларни партия тизимида фаолият олиб бориши учун шароит яратилади.

Янгича ҳамда мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, профессионал маҳоратга эга номзодлар, ишчан ва ахлоқий, психологик сифатларга эга, иш жараёнида ўзини яхши томонлама кўрсата олган, навбатдаги лавозимни эгаллашга қодир кадрлар ҳудудий партия ташкилотлари раҳбарлиги учун захирага олинади.

Албатта, танлов, саралаш, мутахассисларни жой-жойига қўйиш, малакали кадрларни тайёрлаш ва лавозим бўйича кўрсатиш масъулиятли жараён. Энг аввало, лавозимни алмаштиришга бўлган эҳтиёж реал бўлиши лозим. Кадрлар қўнимсизлиги ташкилот ишини олдинга эмас, аксинча орқага суриши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам бу борадаги ишларни тизимли таҳлил қилиб бориш талаб этилади.

 

Гавҳар Раманова,

ЎзХДП Марказий Кенгаши Ташкилий-назорат ва кадрлар билан ишлаш бошқармаси бўлим бошлиғи.

 
← Рўйхатга қайтиш