Ахборот маконида сиёсий партиянинг фаол ўрни бўлиши керак

 

Оммавий ахборот воситалари омманинг ўзига хос тарбиячиси, муҳим тадбирларнинг ташкилотчиси, долзарб муаммоларни ҳал қилишнинг таъсирчан қуролидир. Айнан шу орқали миллий ғоя ва демократик тамойиллар тарғиб қилинади. Шу маънода айтадиган бўлсак, оммавий ахборот воситалари демократия ва сўз эркинлигининг ўзига хос ўлчови, кўрсаткичидир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар тобора чуқурлашиб, кучли фуқаролик жамияти асослари янада мустаҳкамланиб бормоқда. Ушбу жараёнда албатта, сиёсий партиялар фаолияти кучайиши, ахборот маконида фуқароларнинг ўз муносабатини, позициясини эмин-эркин билдириш кўникмаси ривожланиши муҳим, албатта. Чунки, сиёсий партия ислоҳотларга муносабат билдириш учун катта майдондир.

Шундан келиб чиқиб, фикрлайдиган бўлсак, демократик ислоҳотларнинг бугунги босқичида сиёсий партия фаолиятини кучайтириш, уларнинг ахборот маконидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ошириш кечиктириб бўлмайдиган вазифадир. Бунда сиёсий партия ОАВ билан изчил ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйиши керак.

Айтиш керакки, бугун депутат ва сайловчи ўртасидаги мулоқот тизими тубдан ўзгарди. Эндиликда, партия фракциясининг ҳар бир аъзоси ўз сайловчилари билан доимий равишда тизимли мулоқот олиб боряпти. Депутатлар ижтимоий тармоқларда ўз шахсий саҳифаларига эга. Натижада парламент вакилларининг интернет тармоқларидаги фаоллиги сезиларли даражада ошди.

Аммо буни етарли, деб бўлмайди. Нафақат парламент депутатлари, балки ҳар бир партия фаоли ҳар куни турли электрон ОАВ ва тармоқ ресурсларида жамият ҳаётида содир бўлаётган, кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган воқеаларга ёки одамларни эътиборини тортувчи долзарб масалалар ҳақида фикр билдириши ҳамда мулоҳаза юритиши мақсадга мувофиқдир. Бу борада фракциямиз аъзоларининг етакчилик қилиши ҳар жиҳатдан самаралидир.

Таклифим шуки, ҳар бир партия фракция аъзоси ижтимоий тармоқлардаги ўз шахсий саҳифаси ва партия расмий саҳифаларида тез-тез фойдаланувчилар, сайловчилар билан онлайн мулоқотларни ташкил қилиб борса, мақсадга мувофиқ бўлади. Мулоқотнинг бу шакли аҳолини ўйлантираётган масалаларни тез ва сифатли ҳал қилиш, қолаверса, депутатларнинг сайловчилар олдидаги ҳисобдорлик даражасини ошириш, шу билан бирга партиянинг ҳам аҳоли орасидаги нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Ўз навбатида партиянинг ахборот тарқатувчи расмий манбалари ҳам бугунги замонавий талабларга жавоб бериши, фойдаланувчилар учун қулай бўлиши лозим. Бунинг учун ахборот маконида фаол бўлган бошқа ОАВнинг ахборотни етказиш усул ҳамда шаклларини ўзига мослаштириш ва амалиётда қўллаш катта самара беради, деб ўйлайман.

Шунингдек, хориж сиёсий партияларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини, интернет сайтлари ва нашрларини доимий равишда кузатиб бориш керак. Даврга ҳамоҳанг тарзда ўзгариб, янгиланиб бораётган тарғибот воситаларидан кенг фойдаланиш зарур. Бу партиянинг интернетдаги расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини бугунги замонавий ахборот маконида ўз ўрни ва ўз ўқувчиларига эга бўлишини таъминлайди. Энг асосийси, партия ғояларини кенг тарғиб қилишда, партия сафини янги аъзолар билан кўпайтиришда янада кенгроқ ва янада қулай ўзига хос майдонга йўл очади. Бир сўз билан айтганда, тезкор ва шиддат билан ривожланиб бораётган замон билан ҳамоҳанг иш юритишимиз керак.

 

Сирожиддин Шоназаров,

ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими.

 
← Рўйхатга қайтиш