Сўз айтиш масъулияти

 

Кейинги пайтларда интернет тармоқларида, хусусан, kun.uz сайтида сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги ҳақидаги баҳс-мунозараларни кузатиб, тўғриси, хурсанд бўлдим. Ҳамюртларимиз, айниқса, ёшлар бу масалада фаол фикр юритаётгани, сўз эркинлигини ҳимоя қилаётгани мамлакатимизда демократик жараёнлар чуқурлашиб, фуқароларимизда юрт тақдири учун дахлдорлик туйғуси кучайиб бораётгани кўрсатади.

Демак, одамлар ҳаётимиздаги воқеа-ҳодисаларга бефарқ эмас, бу - қувонарли ўзгариш. Ижтимоий фаоллик қанча кучайса, камчиликлар шунча тез камайиб, жамият мустаҳкам бўлиб бораверади.

Сўз эркинлиги масаласида мен ҳам айрим фикрларимни билдиришни лозим топдим. Кимдир билар, кимдир билмас, сўз эркинлиги, матбуот эркинлигини мустабид замонни кўрган журналистлар кўпроқ қадрлашади. Чунки ўша замонда барча оммавий ахборот воситаларига, ижод аҳлига цензура деган идора ҳукмдор эди. Қайси бир давлат идорасини танқид қилиш нари турсин, “худо” деган сўзни, “мен ўзбекман” деган жумлани ишлатганлар жазоланган. Улуғ шоиримиз Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон-Ватаним маним” шеърини чиқариш осон бўлмаган. Ватанпарварлик руҳидаги қанча шеърларининг қанча сатрлари чоп этишдан олдин мажбуран ўзгартирилган...

Шунинг учун ҳам мустақилликдан олдинги ҳаётни кўрган ижодкорлар учун сўз эркинлиги жуда азиз неъмат, улуғ саодат ҳисобланади. Мустақилликдан кейин ҳам эски замон иллатларидан қутилиш осон кечмади.

Кейинги тўрт йилда халқимиз эришган энг асосий ютуқлардан бири айнан сўз эркинлиги бўлди. Тўғри, бугун ҳам танқидни ёқтирмайдиган раҳбарлар оз эмас, аммо бирорта давлат идораси ижодкорлар ишига аралашаётгани йўқ. Аммо ҳақ сўзни, ҳақиқатни айтмоқчи бўлган киши сўз айтиш масъулиятини ҳам унутмаслиги керак, деб ўйлайман. Сўз эркинлиги хаёлингга келган гапни гапириш дегани эмас. Оқибатини ўйламай ёлғон, туҳматдан иборат ахборотни тарқатишга, кимнингдир шаънига тегадиган гап айтишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

Афсуски, кейинги пайтларда сўз эркинлигини суиистеъмол қилиш ҳоллари кўпайиб бормоқда, айниқса, ижтимоий тармоқларда. Ишдан кетмаган одамни ишдан кетди, ўлмаган одамни ўлди, деб дунёга ахборот тарқатиш ҳоллари юз берди. Мутлақо ўрганилмай, суриштирилмай кимларнингдир хусуматдан иборат аризаларини эълон қилиш оддий ҳолга айлана бошлади.

Шунинг учун ҳам амалдаги айрим қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш эҳтиёжи туғилмоқда. Мақсад – одамларни ёлғон ахборотлардан, асоссиз айбловлардан, ҳақоратлардан ҳимоя қилиш. Ушбу қонун лойиҳасининг дастлабки муҳокамасида биз бир гуруҳ ижодкорлар ҳам иштирок этганмиз. Ҳар бир сўз, жумла учун қизғин тортушувлардан сўнг қонун лойиҳаси ҳозирги ҳолатга келган. Бу лойиҳа бўйича муҳокамалар давом этади, асосли таклифлар қабул қилинади, албатта.

Қонун лойиҳасига нималар киритилаётганига диққат билан эътибор қаратайлик. Конституциявий тузумни, ҳудудий яхлитликни зўровонлик билан ўзгартиришга даъват этиш, уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек, диний экстримизмни, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш таъқиқланмоқда.

Бу талаб кимларга ёқмайди? Айнан юқорида қайд этилган бузғунчиликларни, урушни, зўравонликни хоҳловчиларга ёқмайди. Ёки миллий, ирқий, этник, диний адоват қўзғатувчиларга эътиборсизлик билан қаралса, қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини турли мамлакатлар мисолида кўриб, билиб турибмиз. Бу тартиб кимга ёқмайди? Ўзбекистонда миллатлараро, динлараро низо қўзғатиб, тўс-тўполон чиқаришдек ғаразли, ёвуз ниятли шахсларга, оқимларга ёқмайди. Ёки фуқароларни шаъни ва қадр-қимматига, ишчанлик обрўсига путур етказувчи ҳолатларнинг олди олинса, бунинг нимаси ёмон? Бу талаб кимга ёқмайди?

Кимдандир шахсий аламини олиш учун кеча-ю кундуз шикоятлар ёзувчи, уюштирувчи шахсларга ёқмайди, албатта.

Шунингдек, порнография ёки шафқатсизлик ифодаланган ахборотлар тарқатилишининг таъқиқланиши шу ярамас йўл орқали мўмай пўл топиб келаётганларга ёқмаслиги табиий.

Қонун лойиҳасига бу нормалар одамларни, жамиятни ёлғон ахборотлардан, буғунчи ғоялардан асраш, айбсиз одамлар ҳуқуқи ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш учун киритилмоқда. Бу ўзгартишлар кимларга ёқмайди? Сўз айтиш масъулиятидан қочадиган, масалани холис ўрганиб, асосли фикр айтишга қийналадиганларга.

Бугун ҳеч ким тўғри сўз, ҳақ сўзни айтишни чеклаётгани йўқ, кимдир танқиддан ташқарида қолсин, дейилаётгани йўқ. Бугун Президент журналист ва блогерларга қараб, сизларни ютуғумизни ҳам, камчилигимизни ҳам халқимизга адолат билан етказувчи куч деб биламан, демоқда. Биз ҳаммамизни изланишдан эринмасликка, адолатни халққа етказишдан қўрқмасликка, фақат, адолат, фақат ҳақиқатни айтишга даъват этмоқда. Ортингизда Президент бор демоқда. Бу сўзлар ҳар биримизга катта куч-қувват беради. Айни чоғда масъулиятли бўлишни ҳам талаб этади.

Бугун қаерда хато ва камчилик бўлса, бемалол танқид қилиш мумкин. Фақат танқид, айтилаётган сўз холис ва асосли бўлмоғи лозим.

Ортиқча ҳис ҳаяжонга берилмай бир ҳақиқатни тан олишимиз зарур. Айтмоқчи бўлган сўзимиз, тарқатаётган ахборотимиз яхшиликка, эзгуликка, халқимиз, ватанимиз манфаатига хизмат қилмас экан, миллий қадрятларимизни емиради, фалокат ва бало қазолардан бошқа нарса келтирмайди.

 

Сафар ОСТОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш