Қишлоқ хўжалиги қўшимча имкониятларга бой соҳа

 

Юртимизга серқуёш ўлка, деган таъриф бекорга берилмаган. Она диёримиз тупроғининг ҳар қаричи олтинга тенг. Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги бўйича улкан салоҳиятга эга, токи, ерга қор тушгунча ҳосил олиш имкони бор. Демак, ана шу беназир имкониятдан самарали фойдаланиш, табиат неъматини борида қадрлаш керак.

Айтиш керакки, кейинги йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини жорий этиш бўйича қатор амалий ишлар амалга оширилди. Меҳнатни канда қилмай, ер билан тил топишган одам чинакам даромад манбаига эга бўлди. Яна бир муҳим томони, сўнгги йилларда ерга муносабат тубдан ўзгарди, соҳада иш ўринлари яратиш имкониятлари ортди, ҳосилдорлик кўпайди. Хуллас, қишлоқ хўжалиги соҳаси мамлакатнинг иқтисодий қувватини ошириш, халқ ҳаёти фаровонлашишида муҳим манбага айланди.

Давлатимиз раҳбари раислигида 24 февраль куни қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида жорий йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳада бир-биридан муҳим ишларни бажариш кераклигига эътибор қаратилди. Хусусан, экинлардан олинадиган даромадни кескин кўпайтириш ва сувдан оқилона фойдаланиш соҳадаги энг устувор вазифа бўлиши лозимлиги алоҳида таъкидланди. Бунинг учун экинларни ҳар бир туманнинг ўзига хослиги, маҳаллаларда тарихан шаклланган деҳқончилик кўникмалари, сув таъминотидан келиб чиқиб жойлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Ҳақиқаттан ҳам, бизнинг вужудимизда миришкор-деҳқон ота боболаримизнинг қони бор. Уларнинг тажрибасидан ўрнак олиб, йиллар давомида шаклланган деҳқончилик кўникмаларини ўрганиб, ернинг ҳар қаричидан унумли фойдаланиш фаровонлик сари муҳим қадам ҳисобланади.

Видеоселектор йиғилишида лалми ва яйлов ерларни фойдаланишга киритиш, бу орқали доимий ва мавсумий иш ўринлари яратиш муҳимлиги таъкидланди. Демак, ҳар қарич ернинг феълини биладиган тажрибали фермерлар билан кенгашиб иш тутиш, ҳудудлардаги ҳар бир контур шароитни қунт билан ўрганиш керак. Ишнинг кўзини биладиган, тинмайдиган, дала шамолида, об-ҳаво инжиқликларига чиниққан, қисқаси, суяги далада қотган деқону мутахассисларнинг кўмаги, мадади ва уларнинг тажрибасига таяниб, қаровсиз ётган қанчадан-қанча экин майдонларини даромад манбаига айлантириш имконияти бор. Фақат бунга озгина эътибор ва қунт қилиниши керак.

Маълумотларга кўра, жорий йилда 2020 йилган нисбатан мевали боғ 40 минг, узумзор 39 минг гектар кўп ташкил қилиниши режалаштирилган. Жорий йил 1 мартдан бошлаб, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида боғ, ток ва иссиқхона учун аҳолига ажратиладиган кредитлар муддати 3 йилдан 7 йилгача, имтиёзли даври эса 1 йилдан 3 йилгача узайтирилади. Бу соҳа ривожи учун, ишлайман, даромадимни кўпайтираман, деган киши учун катта имкониятдир. Қишлоқ жойларида, айниқса, аҳоли томорқаларида бўш ерлар жуда кўп. Уларга боғу-роғлар ташкил этилса ёки иссиқхоналар қурилса, бу қанчадан-қанча одамларнинг даромадини оширади. Бунинг учун ажратилаётган имтиёзли кредитларнинг муддати узайтирилиши экин-текинли ишларда илғор бўлган, мевали боғлар, узумзорлар яратишга, дарахт ўстиришга иштиёқманд юзлаб, минглаб одамларимиз қўрқмасдан иш бошлаши учун шароит яратади.

Бутун дунёда бўлгани сингари мамлакатимизда ҳам сувдан оқилона фойдаланиш масаласи муҳим аҳамиятга эга бўлиб турибди. Мавжуд сув ресурсларининг салмоқли қисми қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга сарфланади. Бу эса беминнат неъматдан тежаб-тергаб фойдаланишни тақозо қилади.

Видеоселектор йиғилишида шунингдек, сувдан тежаб фойдаланиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Жорий йил суғориш мавсумида сув таъминоти меъёрга нисбатан 25 фоиз кам бўлиши кутилмоқда, шу боис сув исрофига умуман йўл қўймаслик ҳаётий зарурат эканлиги қайд этилди.

Мутахассисларнинг айтишича, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигининг пасайиши, баъзи ҳолларда эса бой берилиши сув тақчиллиги муаммоси билан боғлиқ. Бу вазиятни юмшатиш учун суғориш тизимида тежамкор технологияларни жорий этиш, томчиси тиллога тенг оби-ҳаётни беҳуда исроф бўлишининг олдини олиш талаб этилади.

Биламизки, дунё тажрибасида сувдан унумли фойдаланишнинг энг замонавий усуллари қўлланилади. Ҳозир ўзимизда ҳам айрим боғдорчилик фермер хўжаликларида томчилатиб суғориш анъаналари жорий этила бошланди. Яъни сув ресурслари чекланганлик шароитида ҳам кам сув сарфлаб, барқарор юқори ҳосил олиш имконини беради.

Деҳқон ва фермерларимиз томчилатиб суғоришнинг афзал жиҳатларини аллақачон англаб етганлиги боис бу усул тобора оммалашиб, нафақат интенсив боғларда, балки пахтачилик, сабзавотчилик ва полизчилик тармоқларида, шунингдек, иссиқхоналарда ҳам кенг жорий этилмоқда. Мамалакатимизда сув тежовчи технологиялар учун зарур бўлган полиэтилен ва полипропилен учун импорт божи 1 октябргача бекор қилинадиган бўлди.

Кўриниб турибдики, ҳозир фермер, қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилаётган ҳар бир киши билимдон бўлишини замоннинг ўзи тақозо этмоқда. Сув манбалари чексиз эмас. Шунинг учун оби ҳаётни энг кўп талаб қилувчи қишлоқ хўжалигига илғор усуллар, жумладан томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш, инфратузилмани йўлга қўйиш, деҳқонларга, масалан, керакли жиҳозларни қандай ишлатишни ўргатиш бугунги кечиктириб бўлмайдиган вазифадир.

 

Дилором ИМОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш