Партиянинг ахборот маконидаги фаолиятини кучайтириш зарур

 

Жамият янгиланаётган даврда мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида юз бераётган ўзгаришлардан, қабул қилинаётган қарорлар, яқин-келгуси учун мўлжалланаётган ижтимоий дастурлар, уларнинг мақсад-моҳиятидан юртдошларимиз ўз вақтида хабардор бўлиши зарур.

Бундай хабардорлик, биринчи навбатда, уларнинг ижтимоий фаоллигига, ташаббускорлигига ижобий таъсир кўрсатади, мамлакат олдида турган муҳим вазифаларни ҳал этишда янада фаол иштирок этишга ундайди. Бугунги кунда партиямиз оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, жамоатчиликни ўз фаолиятига доир муҳим ахборотлар билан таъминлаб келмоқда. Аммо, очиғини айтиш керакки, партияларнинг ахборот маконидаги фаолияти талаб даражасида, дейиш қийин.

Хабарингиз бор, Халқ демократик партияси ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятини халқимиз ҳаётидаги муаммоларни ҳал этишга йўналтириш бўйича 6 та йўналишда 44 та вазифани ўз ичига олган “Йўл харита”си қабул қилинган.

Шунга кўра, партиямизнинг ахборот маконидаги фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, расмий веб-сайтлар орқали аҳолига мунтазам ва тезкор суръатда ахборот етказиш, партиянинг ижобий имижини шакллантириш, айни чоғда, турли сўровлар, учрашувлар, матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ўтказиш орқали жамоатчилик фикрини ўрганиб бориш масалалари белгиланди.

Дарҳақиқат, бугун замон жадал суръатлар билан ривожланиб, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бормоқда. Ахборот олиш ва уни етказиш, таъсирчан жамоатчилик фикрини шакллантириш борасида ҳам рақобат кескин тус олмоқда. Бу эса олдимизга янги-янги талаб ва вазифаларни қўймоқда.

Айни шу жараёнда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ахборот сиёсатини замон талабидан келиб чиқиб ривожлантириш, дастурий мақсад ва вазифаларининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, жамоатчиликни партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолияти билан яқиндан таништириш масалалари борасида чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Кейинги пайтда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида, айниқса, ижтимоий тармоқларда ҳаётимиздаги ижобий ўзгаришлар таҳлили, соғлом танқидий руҳ кучайиб бормоқда. Бундай тенденция фаолиятимизни таҳлил қилишга, ўз устимизда кўпроқ изланишга, энг муҳими, эл-юрт фикри билан, замон талаблари билан ҳисоблашган ҳолда ишлашга ўргатади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси матбуот хизмати фаолиятини тубдан такомиллаштириш, бу борада зарур шарт-шароитлар яратиш, кадрларнинг малакасини ошириш, профессионал даражада ишлашига эришишга доир аниқ вазифалар белгилаб олар экан, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни халқ билан мулоқотнинг самарали воситаси, деб билади. Аслида ҳам бундай мулоқот партиямиз ривожланишини таъминлайдиган энг асосий омиллардан биридир.

Шу боисдан Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Медиа дастури ва PR-стратегияси тасдиқланиб, аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Ҳаётимиздаги бугунги улкан ўзгаришлар, очиқлик ва ошкоралик барчамиздан янгича ишлашни, янги ғоя ва ташаббуслар билан майдонга чиқишни талаб этмоқда.

 

Аброр Қурбонов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи.

 
← Рўйхатга қайтиш