Ҳамкорликнинг янги саҳифаси

 

1992 йил 2 март санаси. Ўз олдига демократик ривожланиш мақсадини қўйган мустақил Ўзбекистон Республикаси шу куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлиб кирган эди. Бу эса, жонажон ватанимизнинг халқаро ҳамжамиятда тенг ҳуқуқли аъзо сифатидаги мавқеини таъминлаган ҳамда глобал ва минтақавий масалалар ечими борасида ўз позициясини эркин билдириш, бошқа давлатлар билан ўзаро тенг ҳуқуқли дипломатик алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантириш йўлини очиб берган эди.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон БМТ билан бевосита, халқаро сиёсатида эса, ташкилот доирасида аъзо давлатлар билан икки томонлама алоқаларни тадрижий ривожлантириб келмоқда. Бунда халқаро нормалар ва ташкилот Низоми талаблари устуворлигига эришиш тарафдори эканини мунтазам илгари сурмоқда. Бу ташаббуслар қатор муҳим жиҳатларга таянади.

ХХ асрда икки бор ёқилган умумбашар урушлар 100 миллионлаб инсонни ҳаётдан олиб кетгани, миллардлаб инсонлар турмушида аччиқ тамғалар қолдиргани ортидан бундай машъум ва қонли хатоликка қайтмаслик истаги бирлаштирган ташкилот мудом ер юзининг турли нуқталарида кузатилаётган ҳарбий ҳаракатлар, очарчилик, эпидемия, қашшоқлик ва одам савдоси каби иллатларга қарши курашда халқаро ҳаракатларни мувофиқлаштириб келмоқда. Бу эса Ташкилотнинг ўз олдига қўйган мақсадларга нақадар собит экани, ташкил топганига 75 йил тўлган бўлсада, танлаган позициясига оғишмай амал қилиб келаётганини англатади.

БМТ турли йўналишдаги дастурлари, фондлари ва ихтисослаштирилган ташкилотлари – Тараққиёт дастури, Таълим, илм-фан ва маданият ташкилоти (UNESKO), Болалар фонди (UNISEF), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва бошқалар орқали қатор ҳаётий лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Бугун эса пандемия шароитида юзага келган ва давомли муаммолар ташкилот фаолиятининг асосига айланди. Хусусан, унинг таъсирида зарар кўрган иқтисодиётни қайта оёққа турғизиш, оғир турмуш шароитига тушиб қолган оилалар, улардаги аёллар ва болаларни қўллаб-қувватлаш, самарали ва ишончли вакцина яратиш ва у билан иқтисодий аҳволидан қатъий назар бутун инсониятни қамраб олиш кун тартибидаги долзарб масалаларга айланди. Ачинарлиси, бу иқлим ўзгаришларига доир муаммолар билан параллел давом этмоқдаки, уларнинг бирини қўйиб, иккинчисига ёпишиш амалда имконсиз.

Шунга қарамай, бу борада ҳам ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик асосида ижобий натижага умид бор. Зеро 75 йилдирки, халқаро муаммоларга имкон қадар ечим топиб келаётган тажрибаси унда бор энг қимматли ва такрорланмас жиҳатдир. Шу маъонда, “эзгу ва муштарак мақсадлар ташкилоти” деган норасмий ва рамзий ном билан аташга асослар кам эмас.

Ташкилотга аъзолик унинг Низомига фақатгина сўзда амал қилиб, таклифларини шунчаки қўллаб-қувватлаш эмас, инсониятни қийнаётган масалалар ечимига доир таклиф ва ташаббуслар кўрсатиш ва амалга оширишда ўрнак бўлиш ҳам талаб этилади.

Аъзолик даври сарҳисоби, бу борада ҳам ҳар бир юртдошимизда таъбири жоиз бўлса, ўзига хос ғурур уйғотишига асослар етарли эканини кўрсатади. Хусусан, 2017 йил 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлади. Ушбу чиқиш, қатор жиҳатлари билан халқаро миқёсда юксак эътироф этилди ва ўртага ташланган таклифлар қўллаб-қувватланди.

Хусусан, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси каби иллатларнинг туб илдизини батамом йўқ қилишда муҳим аҳамият касб этувчи глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Самарқандда ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган Инсон ҳуқуқлари бўйича веб-форуми ташкил этилди. Халқаро анжуманда “Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” номли Самарқанд резолюцияси қабул қилинди. Шу билан бирга, мазкур Резолюция БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тақдим этилди.

Ўз навбатида, инсон ҳуқуқларини таъминлашда ҳам қатор таклифлар билдирилиб, бу борада қатор амалий қадамлар ташланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди.

Инсон ҳуқуқларини турли ёш категориялари бўйича янада аниқроқ ўрганиш ва таъминлаш учун қўйилган катта қадам бўлди. Бугунги кунда ушбу институт фаолияти ўз мевасини ҳам бермоқда. Хусусан, турли офатлардан зарар кўрган ҳудудлардаги болалар, ота-она қарамоғисиз қолган болалар ва пандемия сабаб оғир турмуш шароитига тушиб қолган оилалардаги болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор ишларни амалга оширмоқда.

Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатида инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва бу борадаги халқаро мажбуриятларни бажаришга содиқлигини Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида яна бир бор қатъий намойиш қилди. Бу саъй-ҳаракатлар ўз навбатида жаҳон офкор оммаси томонидан илиқ кутиб олинди.

Ташкилот олдида олинган мажбуриятларга содиқлик йўлида олиб борилган машаққатли меҳнат мевасини ҳам бера бошлади. БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессияси доирасидаги мамлакатимиз илк бор иштирок этган сайловда Ўзбекистон учун БМТга аъзо 191 давлатдан энг кўпчилиги 169 таси овоз берди. Бу тарихий эътироф Ўзбекистоннинг инсонпарварлик сиёсати мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам янада кенгроқ қулоч ёйишига катта замин яратади.

Бир сўз билан айтганда, ўзаро ҳамкорликнинг 29 саҳифаси ҳам муҳим ва амалий қадамлар билан тарихдан жой олди.

 

Зулайҳо Акрамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш