Дунёқараш ўзгармаётгани, билимсизлик ва масъулиятсизлик ижро тизимидаги энг катта муаммо

 

Президентимизнинг Олий Мажлисга ҳамда халқимизга Мурожаатномасида “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги фармонида мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, юқори иқтисодий ўсишга эришиш ҳисобидан халқимизнинг фаровонлигини ошириш ва кундалик ҳаётидаги муаммоларни ҳал этиш устувор вазифалар қилиб белгиланган.

Жорий йил 2 февраль куни Президентимизнинг мамлакатимиздаги сиёсий партиялар раҳбарлари билан ўтказган очиқ мулоқотида кенг қамровли таклиф-тавсиялар билдирилган ҳамда Давлат дастурида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқадиган долзарб вазифалар муҳокама этилган эди.

Бугунги сиёсий партиялар дунёқараши, иш услуби, зиммасига олаётган юкламаси кечаги ўлчамларга тўғри келмайди. Сиёсий партиялар ўз депутатлари орқали халқимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда фақат кабинетда ўтирмасдан, ишчанлик шароитида ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиши, айни пайтда, уларнинг ечими бўйича таклифлар бериши, айниқса, таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини олиб бориши керак. Давлат ва жамият ҳаётига доир кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини ошириш жараёнида партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари фаол иштирокчига айланиши лозим. Партиямизнинг электорат манфаатлари ҳимояси билан боғлиқ принципиал масалалардаги сиёсий фаолиятини кучайтириш энг муҳим масала ҳисобланади.

Давлат дастури ижросини самарали ташкил этиш масалалари юзасидан давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз: “Бу дастурни ҳануз давом этаётган пандемия шароитида, глобал инқироз кучайиб бораётган мураккаб бир вазиятда амалга оширишимизга тўғри келади. Ҳар қанча қийин бўлмасин, 500 минг нафар ёш ва 200 минг аёлни иш билан таъминлаш ҳамда 300 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш лозим. Агар “маҳаллабай” тизимни жойига қўйиб, давлат идоралари дастурдаги вазифаларни қунт билан, илм билан, ақл билан бажарса, кескин ўзгариш бўлади”, – деган эди.

Белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ЎзХДП фракцияси ва партия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг қўшма мажлисида партиянинг парламентдаги фракцияси ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги 1600 нафарга яқин депутатлардан иборат партия гуруҳлари фаолияти танқидий таҳлил этилди. Мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, иқтисодий-ижтимоий соҳалардаги дастурларни амалга ошириш, бандликка кўмаклашиш йўналишларида депутатлик корпуси иштирокини кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

Ана шу таклифлар асосида 6 та йўналишда 40 дан ортиқ вазифани ўз ичига олган “йўл харита”си қабул қилинди. Бу нимани билдиради? Бундан буён барча даражадаги депутатлар корпусининг “туман-вилоят-марказ” тартибида ишлаш тизими жорий этилади. Ўзбекистон ХДП жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш бўйича “маҳаллабай” ва “фуқаробай” тартибидаги ишларни ташкил қилишда янги ишлаб чиқилган механизм ва дастур асосида қатнашади. Партиянинг “Депутат маҳаллада” лойиҳаси орқали “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқаролар билан секторлар кесимида манзилли ишлаш, фаол депутатлар, профессионал тренерлар, психологлар, муваффақиятли тадбиркорлар иштирокида мотивацион тренинглар ҳамда “мастер класс”лар йўлга қўйилади. “Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти”га фаол ёшлар ва хотин-қизларни кенг жалб этиш бўйича партиянинг алоҳида дастури қабул қилинади. Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш мақсадида депутатлар томонидан жойларда учрашувлар ташкил этилиб, тарғибот ишлари олиб борилади. Боқимандалик кайфиятига қарши маҳаллалар даражасида тарғибот ишларини кучайтирилади. Давлат дастурида ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган вазифалар, жумладан, партия дастурий мақсадлари билан бевосита боғлиқ бўлган бандлар ижросини таъминлаш бўйича парламент ва депутатлик назорати ўрнатилади.

– Раҳбар кўп, масъуллар кўп, лекин халқнинг дарди билан шуғулланадиган одам йўқ. Ҳамма қарорларни бажарса бўлади. Энг катта камчилик – назорат йўқ, вазирлар, ҳокимлар ўзини қийнамайди, – деган эди Президентимиз видеоселектор йиғилишида афсус билан. Бу гаплардан кейин ҳам ўзимизга тегишли хулоса чиқариб олмасак, уят бўлади.

Қаранг, 2017-2021 йиллар оралиғида 2 мингга яқин фармон ва қарор қабул қилинган экан. Лекин таъкидланганидек, ушбу ҳужжатларнинг бажарилиши қониқарсиз даражада бўлиб қолмоқда. Натижада аҳолининг турмуш тарзини фаровонлаштириш, тадбиркорларга зарур шарт-шароитлар яратиб беришда ҳамон бюрократик дунёқараш, эскича муносабатлар тўсиқ бўлмоқда. Шунинг учун бу борада ижрони лойиҳа босқичида режалаштириш, ижрони ташкил этиш ва кўмаклашиш, ижрони баҳолаш, ижрони назорат қилиш каби 4 босқичли самарали тизим ташкил этиш назарга тутилмоқда. Бу давлат идораларида ижрога халақит бераётган ортиқча вазифа ва функцияларни қисқартирилишига асос бўлади.

Давлатимиз раҳбари: “Ижро тизимидаги энг катта муаммо – дунёқараш ўзгармаётгани, билимсизлик ва масъулиятсизлик” – деб кўрсатиб ўтган эди Мурожаатномада. Тизим асосида жойларга чиқилиб, қарорлар ижроси юзасидан манзилли ва тематик ўрганишлар ўтказилади, комплекс тадқиқот асосида муаммолар аниқланиб, ҳал этилади. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларини тайёрлаш жараёнида улар электрон ахборот тизими орқали жамоатчилик муҳокамасига қўйилади ва бу борада билдирилган таклиф ҳамда мулоҳазалар эътиборга олинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини ташкил этишда жамоатчилик иштироки ва назоратини кенг йўлга қўйиш мақсадида “жамоатчилик эшитувлари” ва “жамоатчилик мониторинги” тизимлари жорий этилади. Фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролар бу жараёнда фаол иштирок этади. Бунда айнан фуқароларнинг хоҳиш истаклари биринчи навбатда инобатга олинади. Жисмоний ва юридик шахсларга Президент ҳужжатлари ижроси юзасидан мурожаат қилиш имконини берадиган мобил илова ишга туширилади. Бу давлат идоралари ва ташкилотларнинг жамоатчилик олдидаги жавобгарлигини кучайтиради.

 

Зуҳра ШОДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.

“Ўзбекистон овози”

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш