Ҳеч нарса онанинг фарзанд доғида тўккан кўз ёшига арзимайди

 

Кеча оммавий ахборот воситаларида 27 ёшли Тошкент давлат юридик университети 3-босқич талабаси Баҳодир Бозоров фожиали тарзда вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Уларга кўра, марҳум талаба Xuber Global Konctruction МЧЖ ишчиси бўлиб, Тошкент шаҳри Бектемир тумани Ҳусайн Бойқаро кўчаси 9-уйдаги қурилиши тугалланмаган бинода ишлаб яшаган.

Бугунги кунда қурилиш соҳасида ишлаётганлар орасида бу каби бахтсиз ҳодисалар оз эмас. Аксарият ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими қониқарли йўлга қўйилмаган. Айниқса, қурилиш соҳасида меҳнат жараёнида инсоннинг хавфсизлигини, ҳаёти ва соғлиғи, иш қобилияти сақланишини таъминлашга доир талабларга риоя этилмайди. Меҳнатни муҳофаза қилишга масъул ташкилотлар бино қулаб тушса ёки кимдир вафот этсагина ҳаракатга тушиб қолади. Лекин, шунда ҳам ишчи-ходимларнинг қонуний манфаатларини амалда ҳимоя қилиш масаласида айтарлик натижа кўрсатилмайди.

Бош прокуратурадан маълум қилинишича, марҳум талабанинг ўлими билан боғлиқ ҳолат юзасидан хулоса бериш учун терговга қадар текширув давомида тўпланган ҳужжатлар меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитлари экспертизаси Давлат инспекциясига тақдим этилган. Бундай вазиятларда давлат инспекцияси қатъият кўрсатиши, тезкорлик билан хулоса бериши зарур, деб ҳисоблаймиз. Чунки бу инспекция ходимларига ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун давлат бюджетидан ойлик тўланади.

Бу ерда яна бошқа масала ҳам бор. Марҳум талабанинг иш берувчиси унинг оиласига қонунчиликка мувофиқ компенсацияни тўлаб бериши шарт бўлади. Баҳодир Бозоров юқорида қайд этилган қурилиш ташкилотида қарийб икки ой ишлаган.

Қонунчиликка таянадиган бўлсак, иш берувчи марҳум ходимнинг оила аъзоларига маънавий зарар, боқувчининг вафот этганлиги муносабати билан зарар, вафоти муносабати билан бир йўла бериладиган нафақа, дафн этиш учун зарур харажатларини тўлашга мажбур ҳисобланади.

Дунёда ҳеч нарса, ҳар қандай миқдордаги компенсация Баҳодирни ортга қайтариш учун етмайди. Дунёда ҳеч нарса ўғлидан жудо бўлган ота-онага таскин бера олмайди. Ҳеч нарса онанинг фарзанд доғида тўккан бир томчи кўз ёшига арзимайди.

Аниқлашимизча, марҳумнинг оиласида тўрт фарзанд бўлиб, фақат Баҳодир ўқиётган бўлган. Оиланинг барча аъзоси кунлик меҳнат қилиб, Баҳодирнинг контракт пули, кундалик харажатларини қоплаб келган. Фожиали ўлим, айтиш мумкинки, оиланинг Баҳодирни ўқимишли инсон қилиш билан боғлиқ ягона умидини сўндирган. Марҳумнинг акаси укасининг ўқишини таъминлашга ёрдам бериш учун Россияда ишлаб юрган экан.

Яқинларининг айтишича, Баҳодир камтар, самимий йигит эди, нуфузли университетда ўқишига қарамай, қўшимча курсларга ёзилиш учун тузукроқ еб-ичиш, дурустроқ кийиниш ҳавасларидан ҳам воз кечган экан.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳолат бўйича бир оиланинг сўнган ягона умиди, ёш йигитнинг ҳазон бўлган умри ҳаққи-ҳурмати иш тутади, ҳеч ким ўзини оқлаш, вазиятдан силлиқ чиқишга уринмайди, деб умид қиламиз.

 

Аброр Қурбонов,

Тўлқин Тўрахонов

 
← Рўйхатга қайтиш