Аёл тинч бўлмас экан, оила ҳам, жамият ҳам тинч бўлмайди

 

Биз кўп йиллар давомида хотин-қизларнинг оила ва жамиятда тутган ўрни ҳақида юксак минбарлардан мақтовли гаплар айтдик. Лекин шароитлари билан камроқ қизиқдик. Кўпинча муаммолардан кўз юмиб ўтилиши боис, улар йиллар давомида йиғилиб бораверди.

Аёл тинч бўлмас экан, оила ҳам, жамият ҳам тинч бўлмайди. Айниқса, келажак тарбиячилари бўлмиш қизларимизнинг соғлиги, таълим-тарбияси, уларнинг маънавиятли бўлишлари юзасидан бугун қайғурмасак, эртага унинг оқибатини ҳеч бир сабаб билан оқлаб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

Бугун жамиятимизда ана шундай безовталик туйғуси устувор. Опа-сингилларимизнинг дилидагилари тилига чиқмоқда. Уларнинг нозик елкалари қанчалар залворларни кўтариб яшаётганликларига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Албатта муаммоларни эркин гапириш ва уларни ҳал этиш учун шароит ва имкониятлар яратилаётгани бежиз эмас. Чунки кейинги йилларда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярми – 17 миллионини ташкил этувчи хотин-қизларнинг манфаатларини таъминлаш, жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида қаралиб, бу борада шу пайтгача бўлмаган мутлақо янги тизим яратилмоқда.

Охирги тўрт йилда бу борада 2 та қонун, Президентнинг 6 та фармон ва қарори қабул қилинди. Биринчи марта Сенатда Хотин-қизлар ва гендер тенглиги масалалари бўйича қўмита ташкил этилди.

Бугунги кунда 1 минг 400 га яқин аёллар республика ва вилоятлар, 43 мингдан зиёди туман ва шаҳарлар даражасидаги раҳбарлик лавозимларида ишлаб келмоқда.

Қизларнинг сифатли таълим олиши, касб эгаллаб, ишли бўлиши учун катта имкониятлар яратилган. Талабаларнинг 48 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Ўтган йили йўлга қўйилган тизимга мувофиқ, 950 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож қиз олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.

Аёлларнинг тадбиркорлиги, ташаббуслари қўллаб-қувватланаяпти. Ўтган йили 585 мингга яқин хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган, 36 мингдан ортиқ аёллар касб-ҳунарга ўқитилган.

Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва манзилли ҳал этиш мақсадида “аёллар дафтари” жорий этилди. Ушбу дафтарга, 9 та мезон асосида 433 минг нафар хотин-қиз киритилиб, электрон база шакллантирилди. Бугунги кунгача уларнинг 80 мингининг муаммолари ҳал этилган.

Яқинда давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган йиғилишда аёлларни иш билан таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга тиббий ва психологик ёрдам қамровини кенгайтириш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

– Энг оғир, мураккаб масалаларимиз аёллар бўйича. Халқимизнинг талаби ўсиб бораяпти. Биз шу талабларга муносиб шароит яратиб беришимиз керак. Буни чуқур ҳис қилмаган одам раҳбар бўлиб ишлолмайди, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда ҳокимлар ва сектор раҳбарларига “аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилиш, тикувчилик, ҳунармандчилик, касаначилик, паррандачилик ва экин майдонларидан ер ажратиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, 70 мингга яқин хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш учун Халқ банки орқали 2 триллион сўм кредитлар йўналтирилади.

– Олий маълумотли бўлишни истаган, қобилияти, билими бор, лекин тақдир тақозоси билан орзусига эриша олмаган хотин-қизларни рағбатлантириш тизими жорий қилинади. Яъни, ота-онасининг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг шартнома тўлови ҳокимлик ва олий ўқув юрти ҳисобидан қоплаб берилади. Бу янги тизим. Илгари бундай қилолмасдик. Энди имконият бор, – деди Президент.

Йиғилишда аёллар саломатлигини сақлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда тиббий хизматлар сифати талаб даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Мисол учун, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида туқиш ёшидаги аёлларнинг 30 фоизида камқонлик аниқланган. Бундан ташқари, хотин-қизлар ўртасида нафас олиш, ҳазм қилиш аъзолари, юрак-қон томир тизими касалликлари ҳам кўп.

Шу каби тиббий ёрдамга муҳтожлиги аниқланган 44 минг нафар хотин-қизларни алоҳида назоратга олиб, тиббиёт бригадаларига бириктириш, тор доирадаги шифокорларни жалб қилган ҳолда, уларни даволаш бўйича топшириқлар берилди.

Жорий йил якунига қадар қарийб 9 миллион аёлни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан, жумладан, саратон скринингидан ўтказиш вазифаси қўйилди. Онкологик касалликларни профилактика қилиш мақсадида 323 минг нафар қизлар одам папилломаси вирусига қарши эмланиши айтилди.

Эҳтиёжманд аёлларнинг даволаниши учун ҳар йили Хотин-қизлар жамғармасига қўшимча 30-50 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

Муаммолар муҳокама қилинар экан, уй-жой масаласи албатта ўртага чиқади. Чунки оилавий ажрашишлар, ишсизлик, етишмовчилик оқибатида уйга муҳтож бўлиб яшаётган аёллар ҳали ҳам кўп. Давлатимиз раҳбари буни чуқур ҳис қилади ва доим уларга муносиб шароит яратишни назарда тутади. Сўнгги йилларда минглаб муҳтож аёлларга янги турар жойлар топширилди. Қолаверса, кам таъминланган хотин-қизлар уй олиши учун бошланғич бадал пулини тўлаб бериш тизими жорий этилган.

Видеоселектор йиғилишида бу долзарб масала бўйича қўшимча чоралар белгиланди. Вақтинча нотурар жойларда истиқомат қилаётган аёлларни уй билан таъминлаш учун ҳар бир ҳудудга 10 миллиард сўмдан, отасидан айрилган муҳтож қизлар манфаати учун 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилиши айтилди.

Бу режа ҳамда вазифаларни амалга ошириш парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Биз маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими фаоллари билан ҳамкорликда хотин-қизлар муаммоларини аниқлаш ва уларнинг амалий ечимларини топишда ташаббускор бўлишимиз шарт.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш