Мактабгача таълим муассасаси — тарбиянинг муҳим босқичи

 

Жарқўрғон туманида МТТ фаолияти ўрганилганда, кўплаб хато ва камчиликлар аниқланди

Мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, фаолиятини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар кишини қувонтиради, албатта. Айниқса, янгидан қад ростлаётган мактабгача таълим ташкилотлари, уларда яратилаётган шарт-шароитларни кўриб, кўз яйрайди. Бироқ айрим ҳудудларда бу борада ҳал этилиши керак бўлган муаммолар ҳам йўқ эмас.

Яқинда халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳи ташаббуси билан “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон ХДПнинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастурига асосан туманда олиб борилаётган ишлар атрофлича ўрганилди.

 

Норбой ШОМУРОДОВ, “Нуроний” жамғармаси Жарқўрғон туман Кенгаши аъзоси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси:

— Ҳозирги кунда ҳудудда 92 та мактабгача таълим ташкилоти (шундан 50 таси давлат-хусусий шерикчилик асосидаги муассаса) фаолият кўрсатмоқда. Уларда 7 минг 216 нафар ўғил-қиз таълимтарбия олади. 2019-2020 йилларда 17 та муассасада 2 миллиард сўмга яқин қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

Ёш авлодга таълим-тарбия беришда ривожланган давлатлар амалиётини қўллаш ва юксак билимга эга педагогларни жалб қилиш устувор аҳамиятга эгалиги ҳеч биримизга сир эмас. Ҳудуддаги муассасаларда меҳнат қилаётган 498 нафар педагог ва 242 нафар тарбиячидан 160 нафари ўтган йили олий таълим муассасаларида тажриба орттирди, 50 нафари эса қайта тайёргарликдан ўтказилди.

Ўқув тарбия жараёнларини янада мустаҳкамлаш ва ёш авлодни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш мақсадида жойларда “Илк қалам” дастурининг ҳаётга татбиқ қилингани қувонарли. Ўтган йили 350 дан ортиқ турли қўлланмаларнинг муассасаларга етказиб берилганини ҳам бунинг амалдаги ифодаси, дейиш мумкин.

Ҳудудда нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сонини кўпайтириш борасида ҳам дадил қадамлар ташланмоқда. Айни кунларда шу йўналишдаги 1 та даргоҳ янгидан қурилаётган бўлса, 6 тасида таъмирлаш ва реконструкция ишлари давом этмоқда. Муҳими, бу қурилиш ишларининг сифати, ажратилаётган маблағларнинг мақсадли ишлатилишини биз депутатлар назоратга олишимиз зарур.

 

Зулайҳо САМАНОВА, 7-умумий ўрта таълим мактаби директори, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси:

— Соҳада кўплаб ютуқлар қўлга киритилган бўлса-да, ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Ҳудудда 7 ёшгача бўлган болалар сони 19 минг 884 нафарни бўлиб, 7 минг 216 нафари МТТга қамраб олинган, холос. Ўтган йили давлат хизматлари марказига 420 та мурожаат тушган бўлса, шундан 220 нафар болага боғчага йўлланма берилган.

Туманда кадрлар етишмаётгани ҳам оғриқли нуқталардан биридир. Қарийб 700 нафарга яқин устоз-педагогнинг 242 нафари олий маълумотли мутахассислардир. Шунингдек, таълим-тарбия жараёнларига инновацион технологияларни жорий қилиш борасида ҳам ечимини кутаётган муаммолар йўқ эмас. Масалан, 6-, 12-, 13, 15-, 18-, 26-, 27-, 36-, ҳамда 41-сонли мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг аксарияти хизмат вазифаларини яхши билмайди. Уларнинг меъёрий ҳужжатлар билан танишмагани янада афсусланарли.

Маълумки, фарзандларимизнинг соғлом бўлиб вояга етишида жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари муҳим ўрин тутади. Бунинг учун тўгараклар ташкил қилиш ва спорт анжомлари билан таъминлаш зарур. Аммо, айрим муассасаларда бунга бефарқ қаралаётгани ачинарли, албатта. Баъзи мактабгача таълим ташкилотларида тиббий хизмат кўрсатиш замон талабига жавоб бермайди. Шифокорлар билан таъминлаш даражаси эса бор-йўғи 20 фоизни ташкил қилаётгани янада таассуфли.

 

Рамзжон ҚОРАЕВ, 5-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Ўрганишлар давомида 12-, 18-, 27-, 30-, 36-, 38-, 39-, 41-сонли мактабгача таълим ташкилотларида болажонларни озиқ-овқат билан таъминлашда камчиликлар кўзга ташланди. Очиғи, бу ҳолатни қандай баҳолашга ҳам ҳайронсан киши. 6-, 12-, 13-, 27-, 30-, 33-, 41- ҳамда 45-сонли боғчалар эса тоза ичимлик суви билан таъминланмаган. Ота-она фарзандини ишончли қўлларга топширганини, хавфсиз ерда ўтирганини, ҳеч нарсадан ками йўқлигни билган ҳолда ишда кўнгли тинч ўтиради. Хаёлини бир ерга қўйиб, меҳнат қилади. Шундагина ишда барака бўлади.

Яна бир ачинарли ҳолат: 6-, 26-, 41-сонли мактабгача таълим ташкилотлари Давлат архитектура ва қурилиш назорати инспекцияси ходимлари томонидан фойдаланишга яроқсиз, деб топилган ҳамда капитал таъмирлаш ишлари олиб борилиши керак, деган хулосага келинган. Айримларида эса тозаликни сақлаш, гигиена қоидаларига қатъий амал қилинмаётгани аниқланди. Ўрганишлар давомида 33-сонли мактабгача таълим ташкилотида бир хонали ошхона фаолият юритаётганига гувоҳ бўлдик. Жиҳозлар етишмайди. Қўл ва идиш ювадиган воситалар йўқ. Таомнома тузилмаган ҳамда овқат санитария талабларида зид равишда ўчоқда пиширилаяпти...

Ҳудуддаги 6-, 13-, 36-, 41-сонли мактабгача таълим ташкилотларида ҳам шунга ўхшаш нохуш ҳолат кузатилди. Бир хонадан иборат омборхоналардаги музлаткичлар ишламайди. Гўшт ва гўшт маҳсулотлари учун зарур асбоб-ускуналар йўқ. Кузги-қишки мавсумга захира ҳозирланмаган. Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини тасдиқловчи тегишли ҳужжат мавжуд эмас.

Тартиб-интизом бор жойда муваффақият бўлади. Ютуқлар қўлга киритилади. Буни ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Ўрганишлар жараёнида 11-, 12-, 13-, 14-, 18-, 27-, 30-, 31-, 33-, 36-, 38-, 39-, 41-сонли мактабгача таълим ташкилотларида соат 10 гача йўқламалар ниҳоясига етказилмагани аниқланди. Тарбиячилар машғулот ўтказишга тайёр эмас, ишланмалар ёзилмаган. Даргоҳларда мебель, стол-стул, чойшаб, сочиқ, парда, гилам етишмайди...

 

Алишер МАМАТМУРОДОВ, Ўзбекистон ХДП Жарқўрғон туман Кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси:

— Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ёшлар, хусусан, мактабгача таълим ташкилотларида камол топаётган болажонлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилган. Шундай экан, бу борада олиб борилаётган тарихий ислоҳотларни ҳар биримиз қўллаб-қувватлашимиз ва даҳлдорлик ҳиссини туйишимиз керак.

...Соҳада камчилик ва муаммолар кўпайишининг асосий сабабларидан бири бу мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги ва ишга панжа ортидан қараётганидир. Масалан, ўтган йилнинг 9 декабрь куни депутатлик гуруҳи томонидан Жарқўрғон туман мактабгача таълим ташкилоти раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи Шукур Бозоровга икки нафар мутахассис ажратиш тўғрисида 77-сонли алоқа хати юборилган эди. Иш ўз ҳолига ташлаб қўйилгани учун мутахассис келмади. Хатга эса бугунгача жавоб ёзилгани йўқ. Бўлим раҳбари томонидан депутатлик гуруҳи аъзоларини муассасасларга киритмаслик тўғрисида оғзаки топшириқ берилганини эса қандай изоҳлашни ҳам билмайсан киши...

Долзарб масала бир ой давомида мукаммал ўрганилгандан кейин уни халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритиш тўғрисида келишиб олдик.

 

“Ўзбекистон овози” мухбири

Абдумалик ҲАЙДАРОВ

ёзиб олди.

 
← Рўйхатга қайтиш