У меҳрибон она, фидойи раҳбар, меҳнаткаш депутат...

 

Бугун мамлакатимизда фаол ва интилувчан аёллар сафи тобора ортиб бормоқда. Ана шундай аёллар партиямиз сафида талайгина. Шулардан бири халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати, Пастдарғом туманидаги 38-умумтаълим мактаби директори Нодира Сапаровадир.

Нодира Сапарова оилада фарзандларига она, мактабда 46 нафар педагог ходимларга раҳбар ва 546 нафар ўқувчига устозлик қилиш билан бирга, 18 та маҳалла, 12,5 мингга яқин оила яшайдиган 44-Чортут сайлов округида аҳоли муаммоларини ҳал этишга ҳам алоҳида эътибор беради.

Бугун Нодира Холиқуловнанинг депутат сифатида ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар муаммосини ечиш борасида амалга ошираётган ишлари ҳақида мисоллар келтирмоқчиман.

Нодира Сапарова округидаги ҳар бир хонадонга киришга, мурожаатлар бўйича амалий ёрдам беришга ҳаракат қилади. Депутат дам олиш кунлари ҳам кам таъминланган, ёрдамга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахслар хонадонига бораркан.

Депутат тумандаги сектор ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтган 1 йил давомида ўз ҳудудидаги 705 нафар ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож шахсларнинг 300 нафардан ортиғининг муаммосини ечишга кўмак берибди. 43 кишига имтиёзли кредит олишда, яна 37 кишига субсидиялар ажратилишига, 14 нафарига нафақалар тайинлашда, 36 нафарини касбга ўқитишда, 26 нафарини ишга жойлаштиришда ёрдам кўрсатибди.

Бундан ташқари, йўлларни таъмирлаш, эскирган сим ёғочларни алмаштиришда ташаббускорлик кўрсатган.

– Мен оддий ўзбек аёлиман, мамлакатимизда аёлларга кўрсатилаётган эътибор, биз учун яратилаётган имкониятлар мени шу даражага етказди, – дейди депутат. – Аёллар истеъдоди, ташаббуси қўллаб-қувватланаётган бир пайтда ҳар бир хотин-қиз ўз имконияти, билими, салоҳиятини рўёбга чиқариш учун ҳаракат қилиши керак.

Нодира Сапарова ўзининг самимийлиги, халқ дардини ўз дардидан устун қўя олиши, муаммога тезкор ва тўғри ечим топа олиши ортидан сайловчилари, маҳалла кўй ва жамоаси орасида ишонч ва ҳурмат қозонган. Фаол депутатимизнинг келгуси ишларига омад тилаб қоламиз. Партиямиз сафида бундай аёллар сафи кенгаяверсин.

Фурсатдан фойдаланиб, барча опа-сингилларимизни яқинлашиб келаётган 8-март байрами билан самимий табриклайман.

 

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Хотин-қизлар билан ишлаш сектори мудири.

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш