Отадек улуғ устоз эди

 

  • Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йилнинг 2 декабрида “Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор эълон қилингани нафақат ўзбек адабиёти ихлосмандларини, балки бутун халқимизни мамнун этди. Негаки, устоз Абдулла Орипов забардаст шоир бўлиш билан бирга, таниқли давлат ва жамоат арбоби эди.

Китоб туманидаги Ҳамид Олимжон номли (ҳозирги 37-сонли умумтаълим) мактабнинг 7-синфида ўқиб юрган пайтларим туман нашри ҳисобланган “Ғалаба” (ҳозирги “Китоб тонги”) газетасида дастлабки хабарларим билан қатнаша бошлаган эдим. Илк мақолам адабиёт фани ўқитувчиси Муқаддам Худоёрова ҳақида бўлган. Бунгача ҳеч ким мақола ёзмаган шекилли, у газетада чиққач, ўқувчилар орасида роса “шов-шув” бўлганди.

Азаматнинг мақоласи чиқибди, деган гап бутун мактабга тарқалган. Бундай “шовшув”лар менга яхшигина рағбат бўлган. Аста-секин шеър ҳам машқ қила бошладим. Почта орқали газеталарга жўнатган мақолаларимнинг деярли ҳаммаси чиқарди, бироқ шеърларим онда-сонда кўриниб қоларди холос. Абдулла Орипов ижодига қизиқишим ўша пайтданоқ бошланган. Унинг шеърларини ўтирсам ҳам, турсам ҳам такрор-такрор мутолаа қилардим. Уларни ўқиганим сари ижодкорга бўлган меҳрим тобора ортарди, машҳур шоир билан учрашишни хаёлан орзу қилардим.

Абдулла Ориповнинг янги китобларини излаб, шаҳар марказида жойлашган китоб дўконидан “Ёшлик” альманахи ва бошқа қизиқарли китобларни сотиб олганим, ёш ижодкорларнинг машқларини ўқиб, бир олам завқ олганим ҳамон эсимда. Оддий қишлоқ боласидаги журъатни қаранг, мактабни битирибоқ пойтахтга – Тошкенти азимга келдим. Олий ўқув юртига кетма-кет беш йил ҳужжат топшираман, қани, ўтақолсам, денг – етарли балл тўплолмасдан, қиличи синиб, қалқони тешилган баҳодирдек, маъюс бош эгиб, қишлоғимга қайтиб кетардим. Йўқ, “интилганга толе ёр”, деганлари рост экан, ниҳоят, нақ олтинчи йил деганда, Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетига талаба сифатида қабул қилиндим. Бу қутлуғ даргоҳда таълим олган йилларимда ҳам мақола ва шеърлар машқ қилиб, матбуотда эълон қилиб турдим.

1982 йили Абдулла Орипов “Гулхан” журналига бош муҳаррир этиб тайинланганини эшитдим. Орадан кўп ўтмай, устоз билан учрашиш учун имкон топилганидан хурсанд бўлиб, “ижодим хирмани”дан йиққан-терган ҳосилим – бир даста шеърим билан журнал таҳририятига бордим. Оташин шеърлари билан бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган устоз шоир ҳузурига қимтинибгина кириб борганлигимни ҳамон ҳаяжон билан эслайман. Бош муҳаррир очиқ чеҳра билан қаршилаб, қаерда ўқиётганим, қаердан келганимни обдан сўраб-суриштирди. Машинкада ёзилган машқларимнинг айримларига кўз югуртириб, журналнинг адабиёт бўлими мудири, таниқли шоир Темур Убайдуллони ҳузурига чорлади. “Бу йигитнинг шеърлари тузукка ўхшайди, кейинги сонга бир-иккитасини танлаб олинг”, деб қўлёзмани Темур акага узатди. Кейин: “Ука, ёзишдан тўхтама, бошқа нашрларда ҳам қатнашиб тур, қанча кўп машқ қилсанг, ёзганларинг шунчалик сайқаллашиб бораверади, меҳнатингнинг самараси шунда кўринади”, дедилар устоз меҳр билан. Ҳеч шубҳасиз, чин дилдан айтилган бу самимий сўзлар мен учун катта далда эди. Машҳур шоирнинг бу қадар камтарлиги, ижод масаласида ҳали ўта ғўр ва тажрибасиз йигитга бунчалик ғамхўрлик кўрсатганидан ҳайратга тушдим. Бу устоз Абдулла Орипов билан илк учрашувим эди.

Талабалик йилларимда уйланадиган бўлдим. Бўлажак рафиқам “Пионер Востока” (ҳозирги “Класс”) газетасида ишларди. Тўйга таклифнома бериш мақсадида Абдулла аканинг иш жойига бордим. Устоз кимга уйланаётганим билан қизиқди. “Э, шунақами, Кавсар яхши ижодкор, шогирдим бўлади. Ота-онасини ҳам яхши танийман, иккаласиям олим”, деди ва Китоб туманига тўйга боришга вақти бўлмаслигини узрхоҳлик билан билдириб, бизга чин юракдан оилавий бахт тилади. Ана шу иккинчи учрашувдан ҳам кўнглим кўтарилиб, бошим осмонга етди. Шу-шу мулойим, илиқ муносабатлар оилавий борди-келдига айланиб кетди. Рафиқамни Ҳанифа янгамиз аввалдан яхши танир экан, ҳар меҳмонга келганимизда жуда хурсанд бўлиб кутиб оларди. Абдулла ака шаҳар марказидаги кўп қаватли уйнинг бешинчи қаватида яшаб турганида ҳар гал болаларимиз билан “Ҳайвонот боғи”га борганимизда ушбу қутлуғ хонадонга кирмасдан ўтмасдик. Кейинчалик устоз Дўрмондаги дала ҳовлисига кўчиб ўтганида ҳам борди-келдимиз узилмади.

Абдулла Ориповнинг менга оталарча меҳр кўрсатиб, қилган яхшиликлари асло эсимдан чиқмайди. Рафиқам болалар адабиётига оид илмий иш қилиш мақсадида кундузги аспирантурага ўқишга кирган, мен эса талабаман. Кундузги ўқишимни кечки бўлимга ўтказишда роса қийналдим. Ниҳоят, кечки бўлимга ўтишим тўғрисида буйруқ чиққач, тўғри Абдулла аканинг олдига келдим. Донишманд устозга ўқишимни кечки бўлимга ўтказганимни, ишлаб пул топмасам бўлмаслигини айтиб, бирорта иш топиб беришни илтимос қилдим. Шеъриятимиз дарғаси гапларимни тинглаб бўлгач, дарҳол “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”) газетаси бош муҳарририга қўнғироқ қилди. У кишининг Абдулла Ориповга бўлган ҳурмати шу қадар баланд эканки, мени ўша куниёқ хатлар бўлими мухбири вазифасига ишга қабул қилди. Журналистика соҳасидаги фаолиятим шу тариқа бошланди.

Бу мўътабар даргоҳда бош муҳаррир ўринбосари раҳматли Абдураҳим Абдуллаев, бўлим мудири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Сафар Остонов, хатлар бўлими мудири эса Абдуҳамид Фозилов эди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари – Муқаддас Абдусаматова, Умида Абдуазимова, фаол қаламкаш устозлар Карим Раҳимов, Маҳкам Раҳмонов, Зиёвуддин Ортиқхўжаев, Турғун Назаров, Зайниддин Рихсиев, истеъдодли шоир ва таржимон Асқар Маҳкам, масъул котиб Фарруҳ Раҳимов, мусаҳҳиҳ Қурбон Эшмат, фотомухбир Муҳаммад Амин каби ижодий ва техник ходимлар ҳам хизмат қиларди ушбу мўътабар даргоҳда. Мен насибам қўшилиб, шундай олижаноб инсонлар билан бирга ишлаганимдан доимо фахрланиб юраман.

Абдулла Орипов “Гулхан” журнали бош муҳаррирлигидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари лавозимига, ундан кейин Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлиги (ҳозирги Интеллектуал мулк агентлиги) га раҳбар бўлиб ишга ўтганида ҳам тез-тез кўришиб турардик. Шоир оғамизнинг овози ўктам, ўзига хос тиниқ ва дангал-дангал, жайдари оҳангда гапирарди. Бировлардан ҳеч қачон ёрдамини аямасди.

Ҳуқуқшунос олим Бобоқул Тошевни кўпчилик яхши танийди. Асли китоблик бўлган бу йигит бадиий адабиёт билан ҳам жиддий шуғулланар, бирмунча шеърлар ҳам машқ қилиб турар эди. Университетнинг ҳуқуқшунослик факультетини битиргач, у дастлаб Китоб тумани ҳокимлигида масъул ходим, сўнгра туман ички ишлар бўлимида терговчи бўлиб ишлади. Ҳар гал Китобга борганимда у билан кўришиб, сени Тошкентга олиб кетаман, сендан терговчи чиқмайди, десам, “Онажонимни ёлғиз ташлаб кетолмайман”, дер эди ички бир дард билан.

Орадан кўп ўтмасдан, гапларим таъсир қилдими ёки бошқа бир сабаб биланми, ишқилиб, Бобоқул пойтахтга келиб мени топди. “Ҳадеб қистайверганингиз учун, мана, Тошкентга келдим, ишни нимадан бошлайин энди, бирорта йўриқ кўрсатинг?”, деди. Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлигида раҳбар бўлиб ишлаётган Абдулла Ориповнинг қабулига бирга бордик. Бобоқул Тошевни устозга таништирдим. Ул зот Бобоқулнинг суҳбатидан қониқиш ҳосил қилган бўлса керак, агентликнинг ҳуқуқ маслаҳатчиси лавозимига ишга қабул қилди, кейинчалик эса уни ўзига муовин қилиб олди. Ўшанда Абдулла аканинг қабулидан чиқар эканмиз, “Азамат ака, шундай катта, забардаст шоир сизни шунчалик ҳурмат қилади, деб сира ўйламагандим”, деди Бобоқул иши тезда битганидан мамнун бўлиб. Орадан уч-тўрт ойча вақт ўтиб, устоз билан учрашиб қолдим. “Сен олиб келган бу йигитнинг жиндаккина шоирлиги ҳам бор экан”, деганди ўшанда у киши. Кейинчалик Бобоқулнинг китоблари кетма-кет чоп этилди.

Умуман, Бобоқул бу даргоҳда ишлаб кам бўлмади. Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасида дастлаб номзодлик, кейин эса докторлик ишини ҳимоя қилди. Абдулла Ориповдек эл суйган беназир инсоннинг оқ фотиҳасини олиб, юқори идораларда масъул вазифаларда ишлади, лекин муаллифлик ҳуқуқи ҳимояси билан мунтазам шуғулланмоқда. Ҳозирги пайтда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида кафедра бошлиғи.

Бобоқул билан ҳар учрашганимизда ўтган воқеаларни ички бир ҳиссиёт билан ёрқин хотира сифатида ҳануз эслаб юрамиз. У устозимиз ҳақида: “Абдулла аканинг қайноқ меҳри, беқиёс хайрихоҳлиги ва далдасини ҳар қадамда ҳис этиб тураман. Бир даргоҳда шундай бағрикенг, донишманд, олижаноб инсон билан тўрт йил бирга ишладик. Лекин бошқа ишга ўтганимдан кейин ҳам, Абдулла ака нафақага чиққунича, Агентлик билан боғлиқ топшириқларни бажариб турдим. Эҳ-ҳе, у киши билан қанча-қанча юртлару кентларни айландик, дунёда кўрмаган жойимиз қолмади, десам, муболаға бўлмайди. Катта минбарларда маърузалар қилдик. Швейцариянинг сокин кўчаларини оқшом салқинларида биргабирга сайр қилиб, кезиб чиққанларимиз-чи! Бир умр Ватанга меҳр ва садоқат билан яшаган аллома шоирнинг “Женева дафтари” туркумидан жой олган “Халқаро анжуман”, “Женева” каби ўнлаб шеърлари гўзал Швейцария тупроғида дунёга келганига шахсан гувоҳман. Азамат аканинг саъй-ҳаракати билан 32 ёшимда вазир ўринбосари мақомига тенг бўлган лавозимда ишлаганман”, деб юради.

Барча буюк сиймолар каби Абдулла аканинг тийнатида ҳам оддийлик ва улуғлик ажойиб тарзда уйғунлашиб кетган эди. У киши билан гурунг қилган одам асло зерикмас, аксинча, маъно ва ҳикматга тўла суҳбатларидан бир олам маънавий озиқ олар эди. Меҳрибон оғамизнинг кулгуси шунчалик самимий эдики, ўзига жуда ярашарди.

Абдулла ака ўзи ўқиган илм даргоҳи – ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) нинг журналистика факультетининг “Матбуот назарияси ва амалиёти” кафедраси профессори эди. Бир муддат шу даргоҳда ўриндошлик асосида “Журналист маҳорати” махсус курсидан талабаларга сабоқ бердилар. Ўша вақтда аспирантурада таҳсил олардим. Дарсим тугагач, Абдулла акани “Матбуот назарияси ва амалиёти” кафедрасида кутиб турардим. Баъзида тушлик, гоҳида кечга яқин Чиғатойдаги хусусий ошхоналардан бирида кабобхўрлик қилардик. Абдулла ака кўп овқат емасди. Ортиб қолганини оталарча меҳр билан “Ўзинг еб қўяқол”, деб мен томонга суриб қўярди. Бундай унутилмас дақиқалар кўз ўнгимда муҳрланиб қолган.

Абдулла ака таниқли олим ва ношир, ёзувчи-публицист Маҳмуд Сатторовни туғишган инисидек яхши кўрарди. Маҳмуд аканинг хонадонига тез-тез келиб турар, гурунг алламаҳалгача давом этарди. Машҳур инсоннинг ҳадди сиғиб, шу хонадонга ташриф буюрганидан хурсанд бўлиб, боши осмонга етган Мунаввар янгамиз, пазанда эмасми, турли пишириқлар ва тансиқ таомлар тайёрлаб дастурхонга қўярдилар. Бу адоқсиз гурунгларни эслаб қолган ва ундан илҳом олган Маҳмуд ака хотираларнинг айримларини қоғозга тушириб, “Абдулла Орипов гурунглари” сарлавҳали туркум материалларни матбуотда кетма-кет эълон қилиб борганидан хабардорман. Ана шу гурунгларнинг аксариятида иштирок этганман ва Абдулла аканинг донишмандлигига кўп бор қойил қолганман.

Устоз баъзида Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан мисоллар келтириб, бу соҳадаги билимлари билан ҳам барчамизни ҳайрон қолдирар эди.

Абдулла Орипов ғоят камтарин инсон эди. Маҳмуд ака бироз тоби қочиб, уйида ётиб қолганида тез-тез хабар олиб турганига гувоҳ бўлганман. 2016 йилнинг апрелида Маҳмуд Сатторов бу дунёни тарк этди. Абдулла ака, хаста бўлганига қарамасдан, таниқли шоир Абдумажид Азим ҳамроҳлигида ҳамдардлик билдириб, марҳум ҳақида ўзининг илиқ хотираларини айтиб берган эди.

Устоз таниқли журналист Аҳмаджон Мелибоевни ҳам ниҳоятда ҳурмат қилар, унинг ўзини, ижодини ҳам кўп жойларда мақтаб гапирганларидан хабарим бор. Адабиётшунос олим, зукко мунаққид Маҳкам Маҳмуд (Маҳкам Андижоний) га бўлган муносабати ҳам ўта самимий эди. Таниқли ижодкор, зукко адабиётшунос Дониёр Бегимқуловни ҳам туғишган инисидай ўзига яқин оларди. Унга бағишлаб “Дорилфунунга” шеърини ёзганди. Ўз навбатида устоз шеъриятининг ашаддий мухлиси бўлган Дониёр ака ҳам даҳо шоирни жуда ҳурмат қиларди. Шеърият юлдузининг сара асарларини тўплаб нашрга тайёрлаб китоб ҳолига келтиргани ва ундаги сўнгсўзга муаллифлик қилганидан кўпчиликнинг хабари бор.

Устоз таниқли журналист Сафар Остонни жуда қаттиқ ҳурмат қилар, уни кўрганида “Сафаржон”, деб мурожаат қиларди. Қандайдир юмуш билан “Ўзбекистон овози” газетаси таҳририятига – Сафар аканинг олдига борсам, кўпинча Абдулла ака у киши билан суҳбатни қиздираётган бўларди. Уларнинг узундан-узоқ гурунгларига халақит бермаслик учун қайтиб кетган вақтларим ҳам кўп бўлган.

“Ўзбекистон овози” – “Голос Узбекистана” газеталари бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Сафар Остоновнинг ҳикоясидан:

“2002 йилнинг кузи эди. Абдулла Орипов бироз тоби қочиб, шифохонада даволанарди. Уч-тўрт нафар ҳамкасблар билан кўргани бордик. Суҳбат орасида: “Кеча иккита тўртлик ёздим, ўқиб берайми! Менимча, ёмон чиқмади”, деб қолдилар устоз ўзига ярашган майин табассум билан. “Ўгит” ва “Омад” деган тўртликлар ўқилди. Айниқса, “Ўгит” зўр чиққанини айтганимизда, Абдулла ака биринчи марта шеър ёзган, илк бор мақтов эшитган одамдек қувониб кетдилар. Ҳар ҳолда, улуғ шоирнинг юзида шодлик ва ҳаяжон нурлари порлагандек туюлди менга. Устоздан тўртликларни газетамизда эълон қилишга рухсат сўрадим. “Майли, агар маъқул келган бўлса”, дедилар у киши. Шеър газетамизнинг биринчи саҳифасида босилгач, тўғриси, ўқиганлардан кўп яхши гаплар эшитдик. Шоиримизга қўнғироқ қилиб: “Ҳар ҳафтада биттадан тўртлик ёзиб турсангиз, йил бўйи газетамизнинг биринчи саҳифасида босиб борар эдик. Сўнгра ҳаммасини тўплаб, “Ўзбекистон овози” кутубхонаси” туркумида китоб қилиб чиқарардик”, деган таклифни айтдим.

“Қандай бўларкан? Қўлимдан келармикан? Ҳаракат қиламан”, дедилар устоз.

Шундай қилиб, ҳафтада бир, баъзан иккита тўртлик газетамизда босилиб чиқа бошлади. Улар Абдулла ака томонидан таҳририятга телефон қўнғироғи орқали гоҳ уйидан ёки ишхонадан, баъзида йўлда – хизмат машинасидан, Дўрмондаги дала ҳовлидан, гоҳида Токио, Киото, Женевадан узатилар эди...

Ушбу жараёнда мен “Истеъдоднинг тўқсон фоизи – меҳнат” деган ҳикмат нақадар ҳақиқатлигига қатъий ишонч ҳосил қилдим. Гап шундаки, Абдулла ака асарини телефон орқали узатгач, яна қайта қўнғироқ қилиб, қайсидир бир сўзни, қаторни ўзгартирарди. Бу ҳол газета босмахонага топширилаётган сўнгги паллада ҳам давом этарди. Баъзан тўрт мисра шеър тамоман қайта ишланиб, бутунлай ўзгариб кетарди. Абдулла ака ҳар бир сўз устида ўйлар, баъзан кечқурун ишни тугатиб, кетмоқчи бўлиб турганимизда қўнғироқ қилиб, яна битта сўзни ўзгартирамиз, деб қолардилар. Улуғ шоиримизнинг сўз ва маҳорат бобидаги масъулияти, ўзига талабчанлиги, ўқувчиларга юксак ҳурматини кўриб, хаёлимдан бир гап ўтди: Абдулла Ориповнинг ўзига хослиги, суюклиги, буюклиги замирида унинг тинимсиз изланиши, доимий ички тўлғоғи ва заҳматли меҳнати мужассам экан”.

Маҳмуд Сатторов “Адолат” нашриётига раҳбарлик қилган кезлари Абдулла Ориповнинг китоблари кўп нусхада чиқарилганидан ва жуда тез сотилиб, нашриётнинг инқироздан чиқиб кетишида қўл келганидан ҳам хабарим бор.

Кейинги пайтларда устоз яна бир кўнгли очиқ ижодкор акамиз – Абдусаид Кўчимов билан кўп мулоқотда бўлди. Ана шулардан илҳом олган Абдусаид ака суҳбат ва гурунглардан иборат “Мен шоирман, истасангиз шу” номли китобини нашр эттирди. Унда Абдулла Орипов билан бўлган ажойиб суҳбатлар, воқеалар, хотиралар шундай баён қилинганки, худди ўша давраларда иштирок этаётгандек ҳис этасиз ўзингизни. Жуда қизиқарли, ҳаётий лавҳалар ва таассуротларга бой китоб бу.

1998 йилда Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ишга ўтиб, матбуот хизмати раҳбари вазифасида фаолият кўрсата бошладим. Ўша пайтда вазиримиз юридик фанлари доктори, профессор, Халқаро муҳандислик академиясининг академиги, генерал-майор Баҳодир Қосимов эди. У киши 1999 йилда улуғ адиб, давлат ва жамоат арбоби, Қирғизистон Қаҳрамони Чингиз Айтматов ҳамда Ўзбекистон Қаҳрамонлари Абдулла Орипов, Зикир Муҳаммаджонов, халқ шоири Ойдин Ҳожиева, Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиеваларни учрашувга таклиф этдилар. Қадрли меҳмонлар олдида турган вазиримиз мени ёнига чорлаб: “Азамат Суюнов – матбуот котибим”, деб таништирди. Шунда Абдулла ака: “Азаматни кўпчилик яхши танийди, у – фаол ижодкор, матбуот котиби танлашда адашмабсиз”, деганида ўзимда йўқ хурсанд бўлганман.

Чингиз Айтматов билан бўлган учрашувни вазиримизнинг ўзи бошқариб борди. Генералимиз Чингиз Айтматов билан ғоят фахрланишини айтиб, унинг ҳамма асарларини ўқиганини мамнуният билан гапириб ўтди.

Шу катта издиҳомда мен ҳам сўз олиб, Чингиз Тўрақулович, сиз олти-етти ёшингиз арафасида Шакар овулида истиқомат қилувчи йилқибоқарларнинг беҳуда жазоланишидан асраб қолган бўлсансиз, олтмиш ёшингиз арафасида эса бутун ўзбек халқининг бошига тушган маломат тошларидан ҳимоя қилгансиз. Сиз ўзбекларнинг чинакам нажоткорисиз, буни ҳеч қачон унутиб бўлмайди, дедим.

Учрашув охирида Баҳодир Қосимов вазирликнинг “Ўзбекистон нажоткори” медалини Чингиз оғага тантанали топширди. Тадбир тугагач, “Бундай гапларни сендан ҳечам кутмагандим, бунча маълумотларни қаердан олдинг?”, дея Чингиз оға жуда хурсанд бўлди. Кутилмаганда фавқулодда чиқиш қилдинг, деб Абдулла ака мени қутлаганини кечагидай эслайман.

Абдулла Орипов бетакрор шоир бўлиш билан бирга, таниқли давлат ва жамоат арбоби эди. Кетма-кет уч муддат (бир гал собиқ СССР халқ депутатлигига) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлигига сайланди. Парламент аъзоси – халқ ноиби сифатида сайловчилар билан тез-тез учрашувлар ўтказиб турар, мавжуд муаммоларни ўз вақтида бажаришга ҳаракат қилар эди.

У киши жаҳонгашта инсон эдилар. Борган давлатлари ҳақида туркум шеърлар ёзди. Айниқса, кунчиқар юрт – Японияга қилган сафарини устоз ўзгача бир иштиёқ билан эслаб юрарди.

Абдулла Орипов Ўзбекистон Кураш федерацияси президентлигини жамоатчилик асосида анча йиллар бошқарди. Ўша даврда (2004-2008) устоз билан бақамти ишлаш бахтига муяссар бўлиб, “Кураш” халқаро журналида бош муҳаррир бўлиб ишладим. Устоз мен билан бир суҳбатида: “Кураш” журнали фақат полвонлар ҳаёти ва фаолиятини ёритувчи минбар бўлиб қолиши керак эмас. Журнални қизиқарли, ҳаммабоп қилиб чиқариш ўзингга боғлиқ. Обуначиларни жалб қилиш осон эмас. “Кураш” кенг қамровли маънони англатади, ҳаёт ўзи курашдан иборат. Масалан, ҳаёт учун кураш, яшаш учун кураш, юрт тинчлиги учун кураш ва ҳоказо”, деб насиҳат берди. Устоз яна қўшимча қилиб: “Курашнинг ватани – Ўзбекистон. Илгари полвонларимиз жуда бақувват бўлишган. Улар ҳеч қачон оғирлигини тарозига ўлчаб даврага тушмаган. Ана шундай чапдаст полвонларни топиб, суҳбат уюштирсанг, яхши бўлади. Масалан, чироқчилик Абдурашид полвондан бу ҳақда жуда кўп қизиқарли маълумотлар олишинг мумкин”, деди.

Абдулла ака Ҳанифа янгамиз билан муқаддас ҳаж сафарини адо этиб келгач, ота макони – Некўз қишлоғида эҳсон берадиган бўлди. Пойтахти азимдан таниқли ношир ва олим Наримон Ҳотамов ҳамда Маҳмуд Сатторов ҳамроҳлигида тонг саҳарда йўлга тушдик. Таклиф этилган вақтда Некўз қишлоғига етиб келдик. Устоз ва қариндошлари бизни хурсанд бўлиб кутиб олишди. Узоқ-яқиндан меҳмонлар ва ҳамқишлоқлари келишган экан, дастурхон бошида гурунг анча қизиди. Абдулла ака ҳаж сафари таассуротларини гапириб берди. Маккада ҳам ўғрига кўзи тушганини айтиб ўтди (Кейинчалик “Маккада ҳам кўрдим ўғрини” деган шеърини ёзган). Овқатланиб бўлгач, мезбон ҳамроҳлигида бир гуруҳ меҳмонлар Абдулла аканинг ота ҳовлисидан унча узоқ бўлмаган, янги қуриб битказилган, замонавий қўш қаватли мактабга бордик...

Ҳамма аёллар ҳам ижодкорнинг турмуш ўртоғи бўлолмайди. Бунинг учун ўта матонатли, чидамли ва бардошли, ниҳоят сабр-тоқатли бўлиш талаб этилади. Ҳанифа янгамизни турмушнинг барча синовларига дош бера олган жасоратли аёл, деб биламан. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Ҳанифа Мустафоевага “Фидокорона хизматлари учун” ордени берилгани бежиз эмас, албатта. Абдулла ака хотиржам ижод қилиши учун доим ғамхўрлик қилган, муҳит яратиб берган, кўп синовларга дош берган айнан янгамиз бўлади.

Абдулла ака гурунгларнинг бирида: “Ўзбек шеърияти гўзал, яхши шеърлар ҳам кўп, бироқ таржима масаласи чатоқ. Шоир руҳиятини тушунадиган мутаржим керак. Ўз овозимизни, ички ҳиссиётларимизни, фалсафий мушоҳадаларимизни дунёга етказиб бера олмаяпмиз”, деганди.

Бундан чамаси тўрт йилча муқаддам таниқли журналист Абдурасул Жумақул билан суҳбатлашиб қолдик. Гап орасида Абдурасул “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналларининг бош муҳаррири, таниқли шоир Сирожиддин Рауф билан аллома шоиримиз Абдулла Ориповнинг устоз-шогирдликдан ҳам яқинроқ муносабат боғлаб туришини айтиб, мана бу гапларни ҳикоя қилиб берган эди:

“Бир куни Сирожиддин билан чой ичиб ўтирган эдик, қўққисдан телефони жиринглаб қолди. Абдулла Орипов Америкадан телефон қилаётган экан. Узоқ гаплашишди. Сирожиддин улуғ шоиримизга ёнида мен ўтирганимни айтган эди, “Телефонни Абдурасулга бер, у билан ҳам салом-алик қилай”, деган овозларини эшитдим. Шу баҳонада устоз билан салом-алик қилиб ҳол-аҳвол сўрашдим. Ўша пайтда бу шундай буюк ва мўътабар сиймо билан охирги суҳбатим эканини қаёқдан билибман дейсиз! Орадан бир ҳафта ўтиб, Абдулла аканинг вафоти ҳақида машъум хабар тарқалди. Халқимиз улуғ шоир фарзандидан ажралди”.

Абдулла Орипов даҳо шоир, чинакам жамоат арбоби, бамисли дониш инсон эди. Унинг бир-биридан ажойиб шеърларини ўқимаган, ёд олмаган, дилтортар қўшиқларини эшитмаган инсон бўлмаса керак. Камина ҳам устознинг жуда кўп шеърларини ҳануз ёддан айтиб, хиргойи қилиб юраман. Таниш-билишларим никоҳ тўйларига таклиф қилиб, менга сўз беришса, асосан “Бунчалик камолот, айтчи, кимда бор”, “Истак” шеърларини ўқишдан чарчамайман.

“Ади-бади ҳақида ривоят”идаги эр-хотин машмашаси ҳамда “Ривоят” шеърида адашиб қолган чол охир-оқибат уйига келиб кампиридан қўноқ сўрагани ҳақидаги ҳангомани оиламиз билан мириқиб ўқирдик. Устознинг шеърлари фалсафийми, ҳазил-мутойибами ёки бошқа мавзулардаги битиклари бўладими бари ўзгача бир завқ-шавқ билан ўқилади. Ҳаммасининг мағзи тўқ.

Ҳар йили 21 март куни Абдулла акани таваллуд айёми билан табриклаш учун Дўрмонга йўл олардик. Энди эса йўлимиз иккита: аввал Дўрмонга, устоз хонадонига борамиз... Сўнгра... сўнгра... Чиғатой қабристонига йўл оламиз. 21 март – Абдулла Орипов таваллуд топган кун, Наврўзи айём куни...

Улуғ устозимиздан бой ва ҳикматга тўла китоблар, қуйма шеърий сатрлар, ҳаёт, адабиёт, замон ва келажак ҳақидаги пурмаъно ўгитлар билан бирга, мана шундай ширин ва ибратли хотиралар ҳам мерос бўлиб қолди. Бу бебаҳо меросни асраб-авайлаш, ёшларимизга ўргатиш, тарғиб қилиш барчамизнинг бурчимиздир.

 

Азамат СУЮНОВ,

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги “Муҳофаза+” журнали –“Вазият” газетаси бирлашган таҳририяти Бош муҳаррири.

“Ўзбекистон овози”

← Рўйхатга қайтиш