ЎзХДП: ижтимоий ҳимоянинг янги тизими

 

Президентимиз томонидан уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш борасида белгилаб берилган устувор вазифалар бир қатор долзарб ижтимоий масалаларни ҳал этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Аввало, мамлакатимизда ўтган тўрт йилда давлат дастурлари асосида 140 минг ёки йилига ўртача 35 минг уй-жой барпо этилгани, бу кўрсаткич олдинлари йилига қурилган ўртача уй-жойдан 4-5 баравар кўплигини эътироф этиш зарур. Бунинг натижасида Халқ демократик партияси электорати бўлган ижтимоий муҳофазага муҳтож минглаб оилаларнинг турмуш шароити яхшиланди.

Йиғилишда аҳоли вакиллари томонидан уй-жой таъминоти масаласида кўплаб мурожаатлар бўлаётгани қайд этилди. Айтиш керакки, бундай мурожаатлар партиямиз депутатларининг сайлов округларидаги учрашувларида ҳам кўтарилади. Шунинг учун партиямиз дастурида бу йўналишда бир нечта таклифлар илгари сурилган эди. Президентимиз белгилаб берган вазифаларнинг барчаси халқимиз истакларини рўёбга чиқаришда устувор асос бўлади. Хусусан, оғир турмуш шароитига тушиб, бошпанасиз қолган мингта оила, айниқса, аёлларга “ижтимоий уй-жойлар” ижара асосида ажратилиши партиядошларимиз ташаббуси билан сайловолди дастуримизга киритилган таклифнинг амалга ошишини англатади.

Кам даромадли, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларни энг кўп ўйлантирадиган масалалардан бири уй-жой олиш учун бошланғич бадални шакллантириш бўларди. Депутатлар ҳудудларда мутасадди ташкилотлар билан ўтказадиган сайёр қабул ва очиқ мулоқотлар жараёнида шу масалада саволлар берилар, аммо уларга жавоб бериш қийин эди. Эндиликда паст даромадли, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга 15 фоизлик дастлабки бадалнинг 10 фоизи субсидия сифатида тўлаб берилиши мамлакатимиздаги қанчадан-қанча муҳтож оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга хизмат қилади.

Президентимиз кўрсатмаси билан эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича бир нечта имтиёзлар жорий қилинмоқда. Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида бу имтиёзлар эгаларига етиб бормаса, норозиликларга сабаб бўлади. Бу масалада энг катта масъулиятни депутатлар зиммасига олиши зарур. Имтиёзлар, қурилган уй-жойлар ҳақиқий эҳтиёжмандларга берилишини таъминлаш мақсадида маҳаллий кенгаш депутатлари, жамоат фаоллари иштирокида “халқпарвар комиссия” ташкил этилиши белгиланди. Халқ демократик партияси бу йўналишда депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича катта имкониятларга эга. Маҳаллий Кенгашларда 1600 нафардан ортиқ депутатимиз фаолият юритади. Биз ҳар бир туман, шаҳарда депутатларимиз “халқпарвар комиссия” фаолиятида фаол қатнашиши учун алоҳида чора-тадбирларимизни ишлаб чиқамиз.

 Жорий йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминлаш мўлжалланмоқда. Бир оиланинг уйли бўлиши унинг турмуш тарзини, ҳаётга муносабатини ҳам бутунлай ўзгартиради. Натижада минглаб оилаларда камбағалликдан чиқишга, ижтимоий-иқтисодий фаол ва фаровон яшашга интилиш кучаяди, бундай оилалардаги юртдошларимиз юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланади.

Давлат ипотека дастури доирасида бу йил жами 45 мингта уй қурилиши партиямиз учун принципиал аҳамиятга эга бўлган яна бир ижтимоий масаланинг самарали ечимига хизмат қилади. Мазкур қурилишларда яратиладиган иш ўринлари орқали кўплаб пандемия шароитида вақтинча ишсиз қолган ёшлар оиласига даромад олиб кириш имконига бўлади.

Шуларга таяниб айтиш керакки, мамлакатимизда аҳоли учун уй-жой қурилиши, бу йўналишда эҳтиёжманд оилалар, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида мутлақо янгича тизим йўлга қўйилмоқда. Бунинг натижасида йиллар давомида ўз уйи, ўз бошпанасига эга бўлиш ниятида яшаган минглаб оилаларнинг орзуси амалга ошади. Халқ демократик партияси янги тизим жойларда самарали ишлаши бўйича депутатлик назоратини олиб бориш учун барча куч ва имкониятларини сафарбар қилади.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш