Уй-жой қурилиши ва ипотека бозорида муҳим ўзгаришлар кутиляпти

 

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида халқимизни хурсанд қиладиган муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Аҳоли сони ўсиши билан уй-жойга эҳтиёж ҳам ошиши табиий. Шавкат Мирзиёев Президент вазифасига киришган илк паллаларданоқ бу долзарб масалани алоҳида эътиборга олиб, одамларни уй билан таъминлаш чораларини кўрмоқда. Фуқароларни намунали ва замон талабларига мос келадиган уй-жойлар билан таъминлаш давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири хисобланади.

Фуқароларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжларини, ўз навбатида хусусий пудрат ташкилотларини ривожлантириш ҳамда улар учун арзон фоизли кредитлар ажратиш босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Ўтган тўрт йилда 140 мингта уй-жой барпо этилди. Йилига қурилган уйларнинг ўртача сони таққосланганда, бу аввалги даврдаги кўрсаткичдан 4-5 баравар кўпдир.

Эндиликда ушбу тизим янги босқичга кўтарилади. 2021 йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминлаш мўлжалланмоқда. Давлат ипотека дастури асосида 45 мингта уй қурилади.

Шунингдек, уй-жойлар қурилиши учун давлат томонидан ҳам аҳолига, ҳам қурувчиларга катта имтиёзлар берилмоқда. Паст даромадли, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга 15 фоизлик дастлабки бадалнинг 10 фоизи субсидия сифатида тўлаб берилади. Яъни, аҳоли уй олиш учун дастлабки бадалнинг 5 фоизини тўлайди, холос. “Қишлоқ қурилиш инвест” ва “Ўзшаҳар қурилиш инвест” инжиниринг компаниялари томонидан 12 мингта уй, Молия вазирлиги тижорат банкларига жойлаштирадиган ресурслар ҳисобига 26 минг 500 та квартира, хусусий тадбиркорлар томонидан қурилаётган 8 мингта хонадон фойдаланишга топширилади. Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда якка тартибдаги уй-жой қуриш учун 500 тагача, жами 6,5 мингта оилага кредит берилади. Бундан ташқари, оғир турмуш шароитига тушиб, бошпанасиз қолган мингта оила, айниқса, аёлларга ижара асосида ижтимоий уй-жойлар ажратилади

Албатта, ушбу амалга оширилажак ишларнинг замирида халқ фаровонлиги, оилалар тинчлиги ётибди. Президентимиз илгари сураётган ташаббусларни тўлиқ рўёбга чиқариш барча мутасаддилар, ҳусусан, депутатларга катта масъулият юклайди.

 

Анвархон Темиров,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш