Президент ташаббуси билан бу йил яна 54 минг оиланинг орзуси ушалади

 

"Ўз уйинг – ўлан тўшагинг". Бу мақол замиридаги ҳақиқатни йиллаб уй-жойсиз, ижарада сарсон юрганлар, ўз уйига эга бўлишни ҳаёл қилиб, умри ўтаётганлар, иложсизликдан дардини ичига ютавериб, эртанги кунга ишончи қолмаганлар жуда яхши англашади.

Уй олиш шартларининг оғирлиги, жараённинг мураккаблиги, ипотека кредитлари фоизининг юқорилиги, “прописка” масаласи ва ниҳоят, уй етишмаслиги сабабли миллионлаб юртдошларимизнинг уй-жойга бўлган талаби йилдан йилга ортиб бораётган эди.

Анъаналаримизга кўра уй-жой қуриш, ўз оиласини бошпана билан таъминлаш оиламиз устунларининг — эр йигитларимизнинг бурчи ҳисобланади. Аммо бунга имкон ва илож бўлмасачи?..

Афсуски, юқоридаги каби ва бошқа сабаблар боис, аҳолининг, айниқса, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг уй-жой билан таъминланиши борасидаги ишлар жуда мураккаблашиб кетган эди.

Ҳар йиллик аҳоли сони ўсишига мутаносиб равишда янги уй-жойлар қурилиши масаласига етарли эътибор қаратилмагани натижасида аҳоли ўртасида уй-жойга бўлган талабнинг кескин ўсиши республикамизнинг уй-жой бозорини ачинарли аҳволга олиб келди. Ваҳоланки, қурилиш соҳаси ҳам, замон ва эҳтиёж омилларига кўра, давлат ҳамда халқ учун энг даромадли йўналишлардан бири.

2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги ҳамда “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлар қабул қилинди.

Ҳали Президентлик вазифасини бажарувчи бўлиб турган Ш.Мирзиёев томонидан ўта дадиллик ва ўз халқига бўлган чексиз меҳр-муҳаббатининг ифодасини акс эттирган бу каби қарорлар, халқимизнинг асрлар оша шаклланган ўз уй-жойига эга бўлишдек қадрли одатига содиқ қолиши, уй харид қилиш имкониятларини ошириши сари қўйилган мустаҳкам ва узоқни ўйлаб ташланган қадам бўлганини ўтган қисқа давр аниқ кўрсатиб турибди.

Ушбу хужжатларга мувофиқ, қишлоқ жойларда аҳолининг кенг қатламларини замонавий ва шинам уй-жой билан таъминлаш даражасини тубдан ошириш ҳамда шаҳарларда тегишли муҳандислик ва ижтимоий инфратузилмаларига эга бўлган 5, 7 ва 9 қаватли комплекс кўринишига эга, энергия самарадор, арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш 2017-2020 йилларда республика шаҳарларида иморатлар барпо этиш ва шаҳар қиёфасини янгилашнинг устувор йўналиши, деб белгилаб қўйилди.

Натижа эса ҳаммани кўз олдида бўй чўзди. Пойтахтимизнинг Сирғали туманида тамомила янги, таъбири жоиз бўлса, Янги Ўзбекистоннинг бахт тумори каби мавзелар қад ростлади, ҳатто номи ўзига мос – Янгиҳаёт тумани пайдо бўлди. Бундай бунёдкорлик мевалари сифатида замонавий, қулай ва кўркам уйлар барча ҳудудларда бўй чўзмоқда.

Аҳамиятли томони, давлат раҳбари қайси вилоятга бормасин, албатта, янги мавзелардаги хонадонларга ташриф буюради. Ўз ташаббусининг мевасини кўзи билан кўриб, ундан баҳра олаётган оилалар вакилларининг қувончига шерик бўлади. Бу одат ҳам гўзал бир урфга айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2020 йил 1 майдаги “Аҳолини уй-жой шароитларини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида бажарилган ишлар аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Буни рақамлардаги адолат ҳам яққол кўрсатиб турибди. Бинобарин, сўнгги тўрт йилда юртимиз бўйлаб 140 мингта уй-жой барпо этилди. Агар уларни йилларга тақсимласак, ҳар йили қурилган уйларнинг ўртача сони 35 000 тани ташкил қилади. Олдинги йилларга нисбатан эса, 4-5 бараварга кўпроқ бўлган мазкур натижадан, энг аввало, янги уйларда янги ҳаёт бошлаганлар кўпроқ баҳраманд бўлишмоқда.

Бу шунча инсон ватан қилди, шунча оилалар орзусига етди, миннатдор бўлди, янги ислоҳотлар мевасидан баҳра олди, деганидир.

Гарчи кўплаб уйлар қурилаётган, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш йўлида қатор чоралар кўрилаётган бўлишига қарамасдан, нархларнинг юқорилиги ёки харид қилишдаги шартларни янада мақбуллаштиришга бўлган эҳтиёж батамом аримагани ҳам ҳақиқат. Айниқса, даромади юқори бўлмаган, тўлов қобилияти етарли эмас ёки умуман йўқ, оғир шароитда яшаётган оилалар учун орзу ҳамон орзулигича қолаётган эди. Зеро кам таъминланган ва ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалар учун ҳар йили уйлар тақдим этиб келинаётган бўлса-да, юқори талаб натижасида қамров масаласининг охири кўринмаётгани ҳам бор гап.

 3 март куни Президентимиз раислигида ўтказилган уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши бу борадаги қолган муаммоларни ҳам тизимли ҳал этишда тамомила янги даврни бошлаб берди. Шу куни кетма-кет чиққан хабарлар фуқаролар томонидан алоҳида қизиқиш билан қарши олингани ижтимоий тармоқлар ва мулоқотларда ўз аксини топди.

Айниқса, Президент томонидан аҳолининг уй-жойга эга бўлиши масаласида моддий ва ижтимоий аҳволидан қатъи назар, барча қатламларини қамраб олиш борасида қўйилган вазифаларни юртдошларимиз таъбири жоиз бўлса, байрамона кутиб олишди.

Таъминлаганда ҳам фақат рақамлар ортидан қувмасдан, одамларнинг талаб ва истагига кўра, уларга танлаш имконини бериш, дарҳақиқат инсопарварлик сиёсатининг энг муҳим нуқтаси, энг олий кўринишидир.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, 2021 йилда яна 54 минг оилани уй-жой билан таъминлаш мўлжалланмоқда. Бу мақсадни амалга оширишда давлат ипотека дастури доирасида жами 45 мингта уй қурилиши маълум қилинди. Қувонарли томони, бу бунёдкорлик ишлари юртимизни тўла қамраб олади. Жойлардаги вазиятдан келиб чиқиб, Қорақалпоғистонда 2290 та, Андижонда 4665 та, Бухорода 3220 та, Жиззахда 1670 та, Қашқадарёда 3710 та, Навоийда 1836 та, Наманганда 4025 та, Самарқандда 4479 та, Сурхондарёда 3989 та, Сирдарёда 1414 та, Тошкент вилоятида 4046 та, Фарғонада 4530 та, Хоразмда 3016 та ва Тошкент шаҳрида 7556 та уй-жой қуриб фойдаланишга топширилади. Булар шунчаки рақамлар эмас.

Тан олиш керак, давлат раҳбарининг “энг катта масала – бу уй-жойларнинг нархини адолатли шакллантириш. Бугунги нарх-наводан одамларимиз рози эмас”, деган фикрлари кўпчиликнинг дарди. Эндиликда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига қурилиш материалларини арзонроқ ва яқинроқдан олиб, бир квадрат метр уй нархини 4 миллион сўмдан оширмаслик чораларни кўриш вазифаси қўйилгани шу дардга малҳам бўлади, десак муболаға қилмаймиз.

Йил давомида аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида 11 триллион 500 миллиард сўм маблағ ажратилиши ушбу мақсадларга етишга ишончни янада мустаҳкамлайди.

Дастлабки бадал миқдори 20 фоиздан 15 фоизга туширилиши, ипотека кредити бўйича дастлабки 6 ойлик имтиёзли давр жорий қилиниши паст даромадли, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга 15 фоизлик дастлабки бадалнинг 10 фоизи субсидия сифатида тўлаб берилиши, яъни, аҳоли уй олиш учун дастлабки бадалнинг 5 фоизини тўлаши ҳатто уй олишга эҳтиёжи бўлмаганларни ҳам қувонтириб юборгани рост.

Ишонч билан айтиш мумкин, 4 йил аввал бошланган ислоҳотлар, шу куни ўзининг янги босқичига чиқди. Муҳими шундаки, бу борадаги хабарлар миллионлаб юртдошлармизнинг орзуларини умид ва ишончга айлантирди. Баҳорнинг илк кунларида чинакам баҳорий кайфият тортиқ қила олди.

 

Синовларда синмадик

2020 йил нафақат халқимиз, балки дунё аҳолиси бошига келган кулфати билан ўтмишда қолди. Сирдарё ва Бухорода рўй берган офатлар, шусиз ҳам пандемия сабаб оғир аҳволда қолган юртдошларимиз ҳаётида ўчмас из қолдирди. Кўплаб мамлакатлар пандемиянинг оғир иқтисодий оқибатларидан фориғ бўла олмай турган паллада бу каби улкан мақсадларни қўйиш ва амалда бошлаш, халқимиз толеи баланд экани, ҳар қандай қийинчилик ҳамда тўсиқларга қарамасдан, юртбошимиз ўз танлаган йўлида собитлигига далолатдир. Бундай етакчи билан, Янги Ўзбекистон шубҳасиз, бекаму-кўст барпо бўлади.

Сардоба фожеасида Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида минглаб хонадонлар зарар кўрган эди. Касбимиз тақазосига кўра 2 ой давомида ушбу туманларда, Ўзбекистон Президенти белгилаб берган энг тўғри йўл ва энг аниқ режалар туфайли бор йўғи 6 ойда қуриб битказилган уйларни ўз эгаларига, Президент томонидан мутлақо беғараз тарзда фойдаланишга топшириш жараёнларида иштирок этдик. Уйларни ўз эгаларига топшириш жараёнидаги азиз инсонларимиз, жигарбандларимиз кўзларидаги қувонч ёшлари кўзларимда бир умр муҳрланиб қолди.

Алқисса ҳаётда ҳеч вақоси қолмай туриб, янги уй-жой эгасига айланиш, бошпанали бўлиш бахтини мен ўз замондошларим, ватандошларим қиёфасида кўрдим. Гувоҳ бўлдимки, ўз халқига беқиёс меҳр ва саҳоват билан инъом этилган, шодлик ва бахтиёрлик тимсоли бўлган мазкур уй-жойлар ҳар бир сирдарёлик учун чексиз бахту-саодат нашидасини суришга имкон яратди.

Яқинда 8 март – халқаро хотин-қизлар куни. Байрам олдидан, баҳорнинг илк кунларида ўтказилган йиғилиш, аввало, табаррук оналаримиз, рўзғор тутадиган аёлларимиз учун ҳақиқий байрам совғаси бўлди. Президентимиз томонидан белгиланган вазифалар 2020 йилда азиз халқимиз бошидан кечирган кулфатлар ортидан тундан кейинги мунаввар тонг каби қалбларни ёритди.

Демак, халқ розилиги сўзда эмас, амалда эканига яна бир тарихий муҳим қадам ташланди. Бу мақсад сари одимлашда давлат раҳбарига барчамиз елкадош бўлишимиз нурли манзилларни янада яқинлаштиради. Шунда, биз улкан дунёларга эмас, улкан дунёлар бизга ҳавас қилади.

 

Зулайҳо Акрамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш