Уй-жой олиш учун имтиёзлар кенгаймоқда

 

Киши ўз уйига эга бўлса, ўзини бахтли ҳис қилади, кўнглида осойишталик бўлади, катта мақсадлар сари интилади. Инсон мўъжазгина бошпана соҳиби бўлса ҳам ҳаётдан рози, тўкин яшайди. Чунки одам ўз уйидан ташқарида ҳаловат топмайди. Шу маънода айтадиган бўлсак, фуқароларимизнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини ҳал қилиш энг биринчи масала.

Мамлакатимизда аҳоли сони тобора ошиб бормоқда. Бу табиийки, уй-жойга бўлган эҳтиёжни ҳам оширади. Шу йилнинг 3 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз кўпчиликни ўйлантириб келаётган бу борадаги муаммоларини кун тартибига қўйди, уларнинг ҳаётий ечимларини кўрсатиб берди. Йиғилишида уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора тадбирлари белгиланди.

Давлатимиз раҳбари аҳолининг барча қатламларини уй-жой билан таъминлаш, бу борада танлаш имкониятини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда жорий йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминлаш мўлжалланмоқда. Жумладан, давлат ипотека дастури доирасида жами 45 мингта уй қурилади.

Кўриб, билиб турибмизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш, хусусан, ёш оилалар, уйга муҳтож фуқароларни арзон, қулай, замонавий уй-жойлар билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бунинг учун аҳоли даромадларини ошириш, истиқболли дастурларни ҳаётга татбиқ қилиш, уй-жой сотиб олиш учун аҳолига турли қулайлик ва имтиёзлар беришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Аҳолининг реал эҳтиёжлари ҳисобга олинган ҳолда арзон уй-жойлар бунёд этиляпти.

Аҳамиятли томони, бу борадаги ислоҳотлар кўлами жорий йилда ҳам янада кенгаяди. Хусусан, уй-жойлар қурилиши учун давлат томонидан ҳам аҳолига ҳам қурувчиларга катта имтиёзлар берилмоқда. Жорий йилда ипотека кредити бўйича 6 ойлик имтиёзли давр киритилади, шаҳарлардаги дастлабки бадал миқдори 20 фоиздан 15 фоизга туширилади. Ўз уйига эга бўлиш учун яхши ният билан ишлаб, ҳаракат қилаётган оилаларга уй-жой олиши учун имконият янада кенгаймоқда.

Сайловчиларимиз билан учрашувларимизда уй-жой масаласида кўп мурожаатлар бўлади. Айниқса, кам даромадли, кўп болали оилалар бу масалада қийинчиликларга дуч келмоқда. Эндиликда паст даромадли, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга 15 фоизлик дастлабки бадалнинг 10 фоизи субсидия сифатида тўлаб берилиши қанчадан-қанча эҳтиёжманд оилаларнинг машаққатини, мушкулини осон қилади. Бу бир томондан ўзи ижарама-ижара юриб, бошланғич бадал учун емай, ичмай, йиллар давомида мисқоллаб пул йиғаётган юзлаб, минглаб оила бошлиқларининг кайфиятини кўтарди.

Тўғрисини айтиш керак, уй-жой қайғусида юрган шундай оилалар борки, бутун умр топган-тутганини уй-жой қуришга сарфлайди. Тайинли уй-жойи йўқлиги туфайли қатор ёш оилалар бузилиб кемоқда. Ёки қанча одамларимиз бошпана учун пул тўлаш мақсадида оғир меҳнатларни қилишга, чет элга ишлашга мажбур бўляпти. Яшашга ва уй-жой масаласида халовати бўлмаган инсон ҳеч бир соҳада ёки ишда муваффақиятга эриша олмайди. Берилаётган имтиёзлар ва яратилаётган имкониятлар орқали муҳтож қанча оилаларнинг оғири енгил бўлади.

Маълумки, партиямиз аҳолини уй-жой билан таъминлаш, бу масалада мамлакатимизда янгича тизим жорий этиш, ижтимоий-иқтисодий имкониятлари чекланган кишиларнинг манфаатларини ҳимоялаш зарур, деган ташаббусни илгари сурган эди. Шундан келиб чиқиб, Сайловолди дастурида Муниципал уйлар қуриш масаласини кўтариб чиқди. Муайян ойлик даромадга эга бўлган, аммо жойларда қурилаётган уй-жойларни ипотека кредити асосида харид қилиш учун дастлабки бадал пулини тўлашга қурби етмайдиган оилаларни, ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар билан чиқди. Aҳолини уй-жой билан таъминлашга қаратилган ислоҳотлар негизида ҳам ушбу мақсаднинг мавжудлиги, электоратимиз манфаати учун хизмат қилади, албатта.

Албатта, гап аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳақида кетганда биз депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият турибди. Имтиёзга мос эҳтиёжманд оилалар рўйхатини шакллантириш, субсидия тўлаш жараёнлари бўйича депутатлик назоратини ўрнатиш керак.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш