Кейинги йилларда уй-жой қуриш 4-5 баробар кўпайди

 

Мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Республиканинг қайси ҳудудига борманг, енг шимариб меҳнат қилаётган бунёдкорларга, кун сайин қад ростлаб бораётган замонавий, шинам, қулайликларга эга уй-жойларга кўзингиз тушади. Намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган бу уйлар ҳамюртларимизга имтиёзли кредитлар асосида берилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айнан аҳолининг энг эҳтиёжманд қатламини уй-жой билан таъминлаш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичини бошлаб берган эди.

Ўтган тўрт йилда давлат дастурлари асосида 140 минг ёки йилига ўртача 35 мингдан уй-жойлар барпо этилди. Тасаввур қилинг, аҳолини уй-жой билан таъминлаш даражаси аввалги даврдаги кўрсаткичдан 4-5 баравар кўпайди. Бу шунчаки айтишга осн, бу натижа ортида улкан меҳнат турибди.

Ёш оилалар, кўп болали катта оилалар ёки фарзандларини ёлғиз вояга етказаётган ҳамюртларимизнинг ўз уй-жойига эга бўлиш истаги ушалмоқда. Шунга қарамай, бу ўсиб бораётган аҳолининг талабини тўлиқ қондириш учун етарли эмас. Нега деганда, инсон яшар экан, ўзидан кўпайиб бораверади, бу эса табиий равишда оилаларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжи ортишига сабаб бўлади.

Бугун мамлакатимиз аҳолиси қарий 35 миллионга яқинлашди, 2020 йил давомида республикада 296,8 мингта никоҳ қайд этилиб, янги оила шаклланган. Табиийки, ёш оилалар бугун ўзининг уй-жойи бўлишини истайди, янги уй-жойга эҳтиёж сезади.

Статистик маълумотларга кўра, халқ қабулхоналарига фуқаролардан келиб тушган мурожаатларнинг 10 фоизидан ортиғи (100 мингдан зиёд) айнан уй-жой масаласи билан боғлиқ бўлмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми қишлоқларда яшайди. Битта хонадонда қайнона-қайнота, ака-укалар, овсинлар ва уларнинг фарзандлари яшаб келади. Кўп ҳолларда гувоҳи бўламизки, аксарият хонадонларда бир оилага фақат биттагина хона ажратилган. У ердаги маиший-санитар шароитлар ҳақида-ку гапиришнинг ҳожати йўқ. Ёш оилаларни ажратиб чиқариш масаласи эса уй-жой муаммосига бориб тақалади. Бу эса турли оилавий можароларнинг келиб чиқишига замин яратади.

Кўплаб кам таъминланган оилаларнинг топган даромади кундалик эҳтиёжлардан ортмайди. Натижада хонадон эгалари фарзандлари келажагини ўйлаб, уй-жойини қайта қуриш ёки фарзандларини уйли-жойли қилиш учун йиллар давомида чет давлатларга бориб ишлашга мажбур бўлмоқда.

Президентимиз видеоселектор йиғилишида бу борадаги муҳим йўналишларни чуқур таҳлил қилиб бердилар. Мазкур ишларни амалга оширишга 11,5 триллион сўм, яъни ўтган йилга нисбатан 4 баравар кўп маблағ ажратилмоқда. Айниқса, бу йилдан бошлаб ипотека кредити бўйича молиявий ресурслардан етишмовчилик ва чекловлар бўлмаслиги, ипотека кредитлари бир йиллик имтиёзли давр билан 20 йилга ажратилиши йиллар давомида ўз уй-жойига эга бўлиш орзусида юрган одамларимизнинг қувончини тасаввур этиш қийин эмас.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш