Янгича тарғибот одамларга ёқяптими?

Яшнобод туманидаги «Авиасозлар» бозорига етиб борганимизда Ўзбекистон ХДП туман кенгаши раиси Озода Бузурукходжаева навбатдаги тарғибот тадбирига тайёргарлик кўраётган экан. Бироз вақт ўтиб, санъаткорлар, болалар рақс гуруҳлари етиб келди. Шу вақтда сотувчи аёл биз томон яқинлашиб, кўп одам йиғилса, савдога халақит қилмайдими, деб сўради. Тошкент шаҳар партия кенгаши сектори мудири Нодира Ғафурова  опага тушунтириш берди.

– Жорий йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади,— деди у. — Сайловларга ҳар бир партия ўзига хос услубда тайёргарлик кўради. Халқ демократик партияси ҳам ушбу сиёсий жараёнда ноодатий услублардан фойдаланган ҳолда тадбирлар ташкил этмоқда. Барча ҳам тарғибот тадбирларида иштирок этиш учун вақт топиб, мажлислар залига ёки бирор ташкилотга боравермайди. Энди биз ўзимиз бозорларга, истироҳат боғларига, маҳаллаларга боришимиз керак. Шу билан бирга сизларни ўйлантираётган масалаларни ўрганиб, ечимини топишга ҳаракат қиламиз.

Нодира Ғафурованинг жавобидан опанинг кўнгли тўлди шекилли, савдо растаси томон йўл олди. Шундан сўнг тадбир бошланди. Дастлаб, эътиборни жалб этиш мақсадида санъаткорлар, сўз усталарига навбат берилди. Аста-секинлик билан одамлар тўплана бошлади. Иштирокчилар бирин-кетин рақсга туша бошлади.

–«Авиасозлар» бозори яқинида яшайман, — дейди Дилноза Қўчқорова. — Рўзғорнинг кам-кўстини олиб келай, деб уйдан чиққандим. Харид қилаётган вақтимда, мусиқа эшитилиб қолди. Қизиқиб, келавердим. Қарасам, Халқ демократик партияси тарғибот тадбири ўтказаётган экан. Рости, ҳайратландим. Олдинлари ҳам партия тадбирларида қатнашганман. Бир хонада 30-40 киши тўпланиб, маърузачининг узундан-узоқ маърузаларини тинглаганмиз. Ўйлайманки, зерикарли йиғилишга ўхшаган тадбирлардан кўра, бугунгидек тарғибот яхшироқ натижа беради.

Тадбир иштирокчиларининг кайфияти билан қизиқдик. Иштирокчиларнинг юз-кўзидан мамнунлик балқиб турганини кўриб хурсанд бўлдик. Энг қизиғи, тадбир бошида харидорни қочириб қўйишдан чўчиётган сотувчи аёлни ҳам улар орасида учратдик.

— Аввалига растам олди тўсилиб қолишидан чўчидим, — деди . — Кўриб турганингиздек, қизиқиш устун келиб, рақсга ҳам тушганимни билмай қолибман. Баҳонада сиёсий партиялар, янги Сайлов кодекси ҳақида ҳам кўп маълумотларга эга бўлдим. Фойдали ҳамда қизиқарли тадбир учун Халқ демократик партиясидан миннатдорман.

Худди шундай тадбирларнинг яна бири Олмазор туманида ҳам ўтказилди. Кўнгилочар дастурлар, болалар учун ташкил этилган ноанъанавий ўйинлар йиғилганларни хушнуд этди. Тадбир давомида савол-жавоблар ўтказилиб, ғолибларга савғалар топширилди.

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши

Ахборот хизмати.

Теглар

Тошкент Сайлов-2019
← Рўйхатга қайтиш