45 мингта янги уй оилалар бахтига хизмат қилади

 

Халқ вакили сифатида округдаги сайловчилар билан учрашувларда кўтарилган ёки фуқаролар ёзма мурожаатларининг ярми уй-жойли бўлиш ҳисобланади.

Албатта, бунга эҳтиёжманд бўлган аҳоли қатламининг ўткир муаммосидир. Билакс, яшаш учун бошпанаси бўлмаса, ҳеч қачон инсон тўла бахтли бўломайди. Айниқса, “кичик ватан”ли бўлиш қадрият ҳисобланадиган бизнинг халқ учун.

Президентимизнинг халқпарварлик сиёсати натижасида мамлакатимизда кейинги йилларда эҳтиёжманд, ногиронлиги бор шахслар, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар учун мақбул нархларда ва имтиёзли шартлар асосида уй-жойлар қуриб берилмоқда.

Куни кеча Президентимиз раислигида ўтказилган уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида ҳам ушбу муҳим масала яна бир бор чуқур муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, жорий йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминлаш мўлжалланмоқда. Жумладан, давлат ипотека дастури доирасида жами 45 мингта уй қурилади.

Шундан “Қишлоқ қурилиш инвест” ва “Ўзшаҳар қурилиш инвест” инжиниринг компаниялари томонидан 12 мингта уй, Молия вазирлиги тижорат банкларига жойлаштирадиган ресурслар ҳисобига 26 минг 500 та квартира, хусусий тадбиркорлар томонидан қурилаётган 8 мингта хонадон фойдаланишга топширилади. Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда якка тартибдаги уй-жой қуриш учун 500 тагача, жами 6,5 мингта оилага кредит берилади.  Бундан ташқари, оғир турмуш шароитига тушиб, бошпанасиз қолган мингта оила, айниқса, аёлларга ижара асосида ижтимоий уй-жойлар ажратилади.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, бу билан қанчадан қанча аҳолининг бандлиги таъминланади. Ахир, бу қурилиш майдонлари неча юз минглаб одамга иш ўринлари беради.

Мазкур хайрли ташаббуслар натижасида минглаб оилалар ўзининг кўп йиллик орзуларига эришади. Айниқса, ёш оилалар мустақил ҳаётга энг катта муаммоси ҳисобланадиган ўз хонадони бўлиш орқали шахдам қадамлар ташлайди. Бу эса пировардида мустаҳкам оила, фаровон жамият ҳамда тараққий этган давлат дегани.

Донишмандларимиз айтишганидек, қуш парвоз учун, инсон бахт учун яралган. Юртбошимизнинг “халқимиз узоқ келажакда эмас, бугун бахтли яшаши керак”, деган эзгу ғояси эса амалда ўз исботини инсонлар ҳаётида кўрсатмоқда.

Биз депутатлар ҳам мазкур қуриладиган уй-жойлар ҳақиқий эгасини топиши учун масъуллик кўрсатишимиз зарур.


Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш