Ижтимоий ижара кенгайтирилади

 

Депутат сифатида мени энг кўп ўйлантирадиган, қўлимни калта қилиб, қийнайдиган масалалардан бири аёлларимизнинг уй-жой масаласидаги мурожаатларини қаноатлантириш, десам муболаға бўлмайди.

Аҳоли мурожаатлари ҳал этилмас, бунга ресурслар шакллантирилмас экан, “Маҳаллабай, хонадонбай ёки фуқаробай ишлаш тизимлари ҳам самара бермайди. Айрим мурожаатлар борки, тушунтириш бериш билан чекланиб қолаётган эдик. Айниқса, оғир вазиятга тушиб қолган аёлларимизга ёрдам бера олмасанг, ўз фаолиятингдан ҳам ҳеч қанақасига қониқа олмайсан. Шу жиҳатдан Президентимиз уй-жой масалалари бўйича ўтказган селектордаги таҳлил ҳамда фикр-мулоҳазаларни эшитиб қувондим.

Хусусан, Ўзбекистонда 2021 йил якунигача оғир турмуш шароитига тушиб, бошпанасиз қолган минг нафар аёл ижтимоий ижара асосида уй-жой билан таъминланади. Бунинг учун ҳудудларга мингта квартира сотиб олиш учун маблағ ажратилади.

Ҳудудлар раҳбарларига ижтимоий ижарани кенгайтириш бўйича қўшимча чоралар кўриш, хусусан, фойданилмаётган ётоқхоналарни таъмирлаш топшириғи берилди.

Аввалги катта ташкилотларнинг балансида бўлган ётоқхоналарнинг аксарияти қарздорликлар оқибатида яроқсиз холга келиб қолганлари ҳам талайгина. Уларнинг ҳам таъмирлаб ижтимоий ижарага берилиши албатта кўп сонли фуқароларнинг яшаш шароитлари яхшиланишига хизмат қилади.

Вилоят ҳокимлари бир ой муддатда энг муҳтож оилалар рўйхатини шакллантириб, уларни кўчириш чораларини кўриши, шунингдек, қурувчи ташкилотларга бир қатор имкониятлар берилишини маълум қилган.

Бундай уйлар биринчи навбатда жуда оғир шароитга тушиб қолган оилаларга берилишини ҳисобга олсак, давлатимиз раҳбари қўйган вазифанинг қанчалик муҳимлиги яққол кўринади.


Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш