Ипотека бозоридаги янгича тамойиллар аҳолини ижтимоий муҳофазалашда муҳим истиқболларни очади

 

3 март куни Президентимиз раислигида жорий йилда уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида аҳолини ўйлантираётган долзарб масалалар муҳокама этилди.

Қайд этилишича, мамлакатимизда ўтган тўрт йилда давлат дастурлари асосида 140 минг ёки йилига ўртача 35 минг уй-жой барпо этилган. Бу олдинлари йилига қурилган ўртача уй-жойдан 4-5 баравар кўп бўлсада, мавжуд эҳтиёжларга мос эмаслиги таъкидланди. Президентимизнинг таъкидлашича, мамлакатимиз аҳолисининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш учун йилига камида 100-150 мингта уй-жой қуриш керак.

Инсон улғаяр экан, оила қурар экан, унинг ҳаётий эҳтиёжлари ҳам ортиб бораверади. Улар орасида энг асосийси ўз уй-жойига эга бўлишдир. Афсуски, бу орзуга етиш осон бўлмай қолди. Қурилиш материалларининг қимматлиги, тайёр уй-жойларнинг нархи осмонга сапчиб кетгани одамларнинг уй қуриш, сотиб олиш имкониятларини чеклаб қўйди. Мамлакатимиз аҳолиси сони эса йил сайин ўсиб бормоқда. Уй-жой қурилишида ушбу омил инобатга олинмагани, соҳа ва ипотека бозорини ривожлантириш чоралари ўз вақтида кўрилмагани оқибатида юртдошларимизни уй-жойга бўлган эҳтиёжини қоплаш ўткир муаммога айланди.

Йиғилишда аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид янги Фармон тайёрлангани маълум қилинди. Фармонда аҳолининг барча қатламларини уй-жой билан таъминлаш ва бу борада уларнинг танлаш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилмоқда. Жумладан, жорий йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминлаш белгиланган. Бундан ташқари, оғир турмуш шароитига тушиб, бошпанасиз қолган 1 мингта оила, айниқса аёлларга “ижтимоий уй-жойлар” ижара асосида ажратилади.

Жорий йилда уй-жой қурилиши учун ҳам аҳолига, ҳам қурувчиларга давлат томонидан катта имтиёзлар берилиши айтиб ўтилди. Хусусан, ипотека кредити бўйича 6 ойлик имтиёзли давр киритилади. Шаҳарларда дастлабки бадал миқдори 20 фоиздан 15 фоизга туширилади. Паст даромадли, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга 15 фоизлик дастлабки бадалнинг 10 фоизи субсидия сифатида тўлаб берилади. Яъни, аҳоли уй олиш учун дастлабки бадалнинг 5 фоизини тўлайди, холос. Кредит олган аҳоли учун фоиз тўловларининг Тошкент шаҳрида 12 фоизи, бошқа ҳудудларда 10 фоизидан юқори қисмига субсидия берилади.

Президент томонидан илгари сурилган яна бир таклиф кўплаб юртдошларимизнинг кўнглидаги гап бўлди. Бу якка тартибда уйлар қуришга доир масала бўлиб, унга кўра ўтган йилги Андижон тажрибасидан келиб чиқиб, фуқароларга якка тартибдаги уйларни қуриш ва реконструкция қилиш учун қулай шартларда кредит ажратиш тизими йўлга қўйилади. Яъни, кредит бир йиллик имтиёзли давр билан 20 йилга ажратилиб (ўртача 240 миллион сўм), эҳтиёжманд аҳоли учун фоизнинг бир қисми субсидия сифатида давлат томонидан тўлаб берилади. Давлатимиз раҳбарининг таъкидлашича, мазкур тизим асосида кредитлар жорий йилда ҳар бир вилоятда камида 500 тадан хонадонга ажратилади.

Уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш борасидаги чора-тадбирлар доирасида қурувчи ташкилотлар ҳам қўллаб-қувватланади. Жумладан, уларга пандемия даврида берилган имтиёзлар 2021 йил якунигача узайтирилади. Бундан ташқари, уларга Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан уй-жой қуриш учун жалб қилган кредитлар бўйича 20 миллиард сўмгача кафиллик ҳамда Марказий банк асосий ставкасидан ошган қисмига компенсация берилади.

Давлатимиз раҳбари уй-жойларнинг нархи қиммат бўлиб кетмаслигига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Уй-жой сотиб олиш тугул, унинг дастлабки бадалини тўлашга қурби етмайдиган юртдошларимиз сони оз эмаслиги рост гап. Шу боисдан, давлатимиз раҳбари вилоят ва туман ҳокимлари бир квадрат метр уй нархини 4 миллион сўмдан оширмаслик учун барча зарур чораларни кўриш ҳақида топшириқ берди.

Йиғилишда берилаётган имтиёзлар, қурилган уй-жойлар ҳақиқий эҳтиёжмандларга берилишини таъминлаш мақсадида маҳаллий кенгаш депутатлари, жамоат фаоллари иштирокида “халқпарвар комиссия” ташкил этиш таклифи билдирилди. Улар қурувчига ернинг адолатли ажратилиши, имтиёзга мос эҳтиёжманд оилалар рўйхатининг шаклланиши ва қурилишлар сифати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатади.

Мухтасар қилиб айтганда, мамлакатимизда аҳоли учун уй-жой қурилиши, бу йўналишда эҳтиёжманд оилалар, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида мутлақо янгича тизим йўлга қўйилмоқда. Бунинг натижасида йиллар давомида ўз уйи, ўз бошпанасига эга бўлиш ниятида яшаган минглаб оилаларнинг орзуси амалга ошади. Минглаб оилаларга қувонч, шодлик, халқпарвар сиёсатдан шукроналик ҳисси кириб боради. Бу эса Президент сиёсатининг бош мақсади бўлган – халқни рози қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар борасидаги муҳим қадам бўлади.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш