Ҳар ким ўз оиласида бахтли ва фаровон яшасин!

 

Аёлни эъзозлаш, эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган азалий қадриятлардандир. Чунки аёлга ҳурмат-эътибор кўрсатган халқ кам бўлмайди. Бу оилага, жамиятга, келажакка бўлган ҳурмат, эътибор демакдир.

Мамлакатимизда хотин-қизлар манфаатини ҳимоя қилиш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан давлатимиз раҳбари аёлларни байрам билан табриклаб аёл зотига, Ўзбекистон хотин-қизларининг оиладаги ва жамиятдаги ўрни, ҳар томонлама баркамол фарзандларни тарбиялашдаги иштирокига юксак баҳо берди. Бу ўзбек аёлларига чуқур ҳурмат, эҳтиром намунаси бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Президентимиз иштирок этган тадбирда парламент депутатлари қаторида мен ҳам қатнашдим. Хотин-қизларга берилган таърифлардан, мамлакатимизда хотин-қизлар учун яратилаётган имкониятлардан тўғриси, кўнглим янада юксалди, тоғдек кўтарилди. Байрам таровати, эътибор, эҳтиром дилларга бетакрор шодлик улашди.

Давлатимиз раҳбари «Сизлар биз учун аввало муқаддас она, азиз Ватан, оила тимсоли, битмас-туганмас меҳр, эзгулик ва куч-ғайрат манбаидирсиз», дея таъкидлаб ўтди. Атрофга қарадим, барча-барча хотин-қизларимизнинг юзида, кўзида ана шу ҳисни кўрдим, ҳамманинг юзида шукроналик, ҳаётдан розилик яққол акс этганига гувоҳ бўлдим.

Айтиш керакки, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир эътибори, фикри, таклифлари ҳар бир аёл зиммасига катта масъулият юклайди. Биз аввало, берилаётган эътиборга муносиб бўлишимиз, яратилаётган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланишимиз керак, деб ўйлайман. Юртбошимиз нутқидан кейин мамлакатимиздаги ҳар бир хотин-қизнинг кўнглида оилага, жамиятга дахлдорлик туйғуси юксалгани аниқ.

Президентимиз ўз нутқида кейинги пайтда униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз тарбиясига, умуман оила институтига салбий таъсир кўрсатадиган оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича самарали иш олиб борилаётганини алоҳида қайд этди. Маҳалла фаоллари ва жамоатчиликнинг саъй-ҳаракатлари билан ажралиш ёқасига келиб қолган 23 мингга яқин оила яраштирилгани, ажримлар сони 3 мингдан зиёдга камайгани таъкидланди. Лекин шунга қарамай бу рақамлар ҳамон юқорилигича қолаётгани, ўтган йили 28 мингдан зиёд оила ажралиб кетгани айтилди.

Оила ва аёллар комиссияси аъзоси сифатида оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш борасида олдимизда қилиниши керак бўлган ишлар кўплигини англадим. Албатта, ажралиш хавотирли муаммолардан бири, бу масалага эътиборсизлик билан қарашга ҳаққимиз йўқ. Чунки, оилавий ажримлардан кўпроқ болалар, аёллар азият чекмоқда. Қанча аёлларимиз, гўдаклар сарсон-саргардон бўлмоқда, моддий таъминотдан қийналиб яшамоқда. Бу эндигина ҳаётни таниётган, фикри, қараши шаклланаётган гўдаклар руҳиятига, тарбиясига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Демак, эрта нигоҳнинг салбий оқибатлари, оилавий ҳаёт хотиржамлигига раҳна солувчи омиллар бўйича тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтиришимиз талаб этилади.

Таҳлилларнинг кўрсатишича, айрим ҳолларда кичик маиший сабаблар ҳам оилавий ажримларни келтириб чиқармоқда. Турмуши бузилган аёлларнинг 50 фоиздан ортиғи ўрта ҳол ёки кам таъминланган, яшаш шароити оғир оилалар фарзандларидир. Яна бир томони, ажрашиш ёқасида турган оилаларнинг аксарияти ёш оилалардир. Бу кўпинча ёшларимизнинг оила боқишга салоҳияти етмаганидан, қизларимизнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслигидан келиб чиқмоқда. Аянчли яна бир ҳолат борки, турмушидан ажралган айрим аёллар моддий таъминот сабабли боласидан воз кечмоқда. Оқибатда тирик етимлар кўпаймоқда.

Кўриниб турибдики, оилага масъулиятсизлик билан қараш қатор ижтимоий муаммоларни келтириб чиқаради. Бу масала бутун жамиятга дахлдор масала эканини унутмаслигимиз керак. Бу бизнинг менталитетимизга ҳам, қарашларимизга ҳам тўғри келмайдиган ҳолат. Аввало, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашга жиддий кўз билан қараш керак, деб ҳисоблайман. Ҳозир замон бошқача, йигит-қизлар орасида енгил-елпи ҳаёт ортидан қуваётганлари ҳам бор. Уларнинг қалби ва онгига оила муқаддаслигини чуқур сингдириш лозим.

Қизларимизни касб-ҳунарга ўргатиш, улар билан манзилли, тизимли ишларни йўлга қўйиш керак. Бу орқали ҳам қанчадан-қанча оилаларни ажрашишдан асраб қолган бўламиз. Чунки, оила мустаҳкамлиги унинг маънавий ва иқтисодий баркамоллигига ҳам бевосита боғлиқдир.

Президентимиз таъкидлаб ўтганидек, бу борада кўпни кўрган маҳалла фаоллари, муҳтарам фахрийларимиз, кайвонилар, маънавиятимиз ва динимиз фидойилари, ўз тенгдошларига ибрат бўлиб келаётган ёшларимиз билан бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз керак. Бахтли оилалар сафини кўпайтириш учун ҳамжиҳатлик ва якдиллик, умумий ҳаракат зарур.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси, Оила ва аёллар комиссияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш