Эътибор, эътироф аёлни руҳлантиради, янги марраларга ундайди

 

Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизлар масаласи ҳар қачонгидан юқори босқичга кўтарилиб, уларнинг манфаатларини таъминлаш, жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналишига айланди. Хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва имкониятларини рўёбга чиқариш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, меҳнатини рағбатлантириш учун барча шароитлар яратилиб, ушбу вазифалар ижросини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда. Хусусан, охирги тўрт йилда бу борада 2 та қонун, Президентнинг 6 та фармон ва қарори қабул қилинди. Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглиги масалалари бўйича қўмита, Қонунчилик палатасида Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия, шунингдек, Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил этилди.

Бундан ташқари, хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва манзилли ҳал этиш мақсадида “аёллар дафтари” жорий этилди. Ушбу дафтарга 9 та мезон асосида 433 минг нафар хотин-қиз киритилиб, электрон база шакллантирилди, муаммолар тизимли ҳал этиб борилмоқда. Ўтган йили 950 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож қиз олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди, 2021 йилда эса бу кўрсаткич икки баробарга кўпайтирилади. Бундай эътибор ва эътироф ҳар бир хотин-қизни ватанимиз, юртимиз келажаги, равнақи, баркамол авлод тарбияси ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган ўзгариш ва янгиланишлар жараёнида сидқидилдан фаол иштирок этишга ундамоқда.

Бугунги кунда аёлларимизнинг ҳар бир жабҳада ўз ўрнига эга бўлиб бораётганини барчамиз бевосита кўриб турибмиз. Жумладан, 1 минг 400 га яқин аёллар республика ва вилоят, 43 мингдан зиёди туман ва шаҳарлар даражасидаги раҳбарлик лавозимларида ишлаб келмоқда. Шунинг билан бирга, хотин-қизларнинг манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттиролмоқда.

Куни кеча қабул қилинган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори ҳамда яқинда давлатимиз раҳбари раислигида хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам хотин-қизлар учун бир қанча имтиёзлар берилаётгани маълум бўлди. Бу албатта, юртимиздаги барча аёллар, оналарни, айниқса партиямиз электорати ҳисобланган ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни мамнун этди.

Президент қарори билан Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши, Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилгани, мамлакатимиз хотин-қизларига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир муҳим ифодаси бўлди. Шунингдек, видеоселектор йиғилишида “аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш, тикувчилик, ҳунармандчилик, касаначилик, паррандачилик ва экин майдонларидан ер ажратиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича алоҳида кўрсатмалар берилди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатасига тадбиркор бўлиш истагини билдирган “аёллар дафтари”даги 70 мингга яқин хотин-қизларни бизнес ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш вазифаси топширилди.

Бу борада бир муаммо – хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ҳамда хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатувчи марказларда ўқиётган, ҳунар ўрганаётган аёлларнинг ўз ишини бошлаши учун жой йўқлиги эди. Улар билан ўтказган суҳбатларимизда бу муаммо жуда кўп тилга олинган. Қувонарлиси, ушбу масалага ҳам ечим топилди. Муҳтарам Президентимиз томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтаётган туманлардаги коллежларнинг бўш турган қисмини ўқув хонаси ва ишлаб чиқариш цехи ташкил этиш учун тадбиркорларга 30 йилгача муддатга имтиёзли ижарага бериш вазифаси қўйилди. Ушбу мақсад учун Бандлик жамғармасидан 70 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Шунингдек, 70 мингга яқин хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш учун “Халқ банки” орқали 2 триллион сўм кредит маблағлари йўналтирилади.

Ўқиб, касб-ҳунар ўрганиб, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган аёлларимиз учун яна бир қулайлик яратилмоқдаки, буни алоҳида таъкидлаш жоиз. Яъни, уларга таъминотсиз (гаровсиз) кредитлар ажратилиши йўлга қўйилади. Яна бир муҳим жиҳати, “Халқ банки”нинг барча бўлимларида айнан тадбиркор бўлиш истагидаги қизларимиз, аёлларимизни қўллаб-қувватлаш, уларга кредит олишларида кўмаклашиш мақсадида хотин-қизлар масалалари бўйича раис ўринбосари лавозими жорий этилди.

Яна бир имтиёз ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Унга кўра, олий маълумотли бўлишни истаган, қобилияти, билими бор, лекин тақдир тақозоси билан орзусига эриша олмаган хотин-қизларни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади. Яъни, ота-онасининг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг шартнома тўлови ҳокимлик ва олий ўқув юрти ҳисобидан қоплаб берилади. Шунингдек, аёллар саломатлигини сақлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Тиббий ёрдамга муҳтожлиги аниқланган 44 минг нафар хотин-қизлар алоҳида назоратга олиниб, тиббиёт бригадаларига бириктирилади, уларни даволаш учун тор доирадаги шифокорлар жалб этилади.

Бундан ташқари, жорий йил якунига қадар қарийб 9 миллион аёлни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан, жумладан, саратон скринингидан ўтказиш вазифаси қўйилди. Онкологик касалликларни профилактика қилиш мақсадида 323 минг нафар қизлар одам папилломаси вирусига қарши эмланади. Эҳтиёжманд аёлларнинг даволаниши учун ҳар йили Хотин-қизлар жамғармасига қўшимча 30-50 миллиард сўм ажратилади. Аёлларнинг мамлакатимиз бўйлаб саёҳатларини, санаторийларда даволанишини ташкиллаштириш, ёлғиз аёлларнинг фарзандларини мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш ва тўловларини қоплаш борасида ҳам енгилликлар берилади.

Жойларда хотин-қизлар билан ўтказган учрашув, суҳбатларимизда уларни қийнаётган асосий муаммолардан бири уй-жой масаласи эканига кўп марта гувоҳ бўлганмиз. Маълум бўлишича, оилавий ажрашишлар, ишсизлик, етишмовчилик оқибатида уйга муҳтож аёллар кўпчиликни ташкил этади. Видеоселектор йиғилишида ушбу долзарб масала бўйича қўшимча чоралар белгиланди. Вақтинча нотурар жойларда истиқомат қилаётган аёлларни уй билан таъминлаш учун ҳар бир ҳудудга 10 миллиард сўмдан, отасидан айрилган муҳтож қизлар манфаати учун 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилиши маълум қилинди. Бу маблағлар уй-жойнинг бошланғич тўловини тўлаб беришга йўналтирилади. Шунингдек, хотин-қизларга турар жой ижараси компенсацияси учун 11 миллиард сўм ажратилади.

Мамлакатимизда оналаримиз, аёлларимизга алоҳида эҳтиром намунаси сифатида икки йил аввал “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилган эди. Ўтган давр мобайнида юзлаб аёлларимиз ушбу мукофот билан тақдирланган бўлса, эндиликда хотин-қизларнинг давлат ва жамият олдидаги фидокорона хизматлари, ўз соҳаларида эришган ютуқларини рағбатлантириш учун алоҳида давлат мукофоти таъсис этилади.

Мухтасар қилиб айтганда, юртимиз хотин-қизларига кўрсатилаётган эътибор, имкониятларга ҳавас қилса арзийди. Яратилаётган имкониятлар, шароитлар албатта, ҳар бир аёлда меҳнатга, қобилиятини рўёбга чиқаришга, янги ғоялар устида ишлашга, ташаббускорлик кўрсатишга иштиёқ уйғотиши, янги-янги ютуқ ва марралар сари етаклайди. Шунинг билан бирга зиммамизга катта масъулият юклайди. Айниқса, сиёсий партиялар ва партия гуруҳлари Ўзбекистон ХДПнинг дастурий мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанг бўлган юқорида санаб ўтилган вазифаларни бажаришда фаол иштирок этишимиз зарур. Мазкур вазифаларни тизимли амалга ошириш ва амалий натижаларга эришиш мақсадида Ўзбекистон ХДПнинг “Аёллар қаноти” тузилмаси қайта кўриб чиқилиб, унинг янги таҳрирдаги Низоми қабул қилинди, хотин-қизларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, давлат ва жамият ҳаётида уларнинг иштирокини янада кенгайтириш, “Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти”га фаол, иқтидорли, тадбиркор ёшлар ва аёлларни кенг жалб қилиш бўйича партиянинг алоҳида дастури ишлаб чиқилди. Шунингдек, маҳаллабай, фуқаробай ишлаш, уйма-уй юриб, ҳар бир хотин-қизнинг муаммосини ўрганиш, таҳлил қилиб, унга ечим топиш, хотин-қизлар учун яратилаётган имтиёз ва имкониятларнинг жойларда қай даражада бажарилаётганлиги устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиб, амалий натижаларга эришиш мақсадида “Аёлларга кўмак” лойиҳаси ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди.

Биз партия ходимлари, фаоллари, депутатлар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, эҳтиёжманд аёлларнинг муаммоларини ўрганиб, уларнинг мурожаатларига ўз вақтида жавоб бериб, бу йўналишдаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш борасидаги ишларда бошқаларга намуна бўлиб, жамиятимиздаги ҳар бир аёлнинг ҳаётдан рози бўлиб, бахтли яшашига ҳисса қўшсак, уларнинг ишончни оқлаган бўламиз. Зеро, аёл бахтли бўлса, турмуш фаровон, жамият эса мустаҳкам бўлади.

 

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Хотин-қизлар масалалари бўйича сектори мудири.

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти
← Рўйхатга қайтиш