Аҳилликда маъно ва ҳикмат жамланган

 

Биламизки, ўзбек халқи азалдан юртимиздаги ўзга миллат ва дин вакилларига доимо бағрикенглик билан муносабатда бўлган. Ўз навбатида бошқа миллат ва элат вакиллари ҳам диёримизнинг ривожланиши йўлида ўз меҳнатлари билан хизмат қилмоқда. Мамлакатимиздаги мавжуд тинчлик ва барқарорлик бу ерда яшаётган турли миллатларнинг ўзаро иноқлигига асосланган. Президентимиз Олий Мажлисга, халқимизга қилган Мурожаатномасида бу масалага алоҳида тўхталиб, "жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш" масаласига урғу берган эди.

Сўнгги йилларда юртимизда дўстона амалий ҳамкорлик, ўзаро биродарлик борасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Юртимизда бўлаётган бундай ижобий ва самарали ўзгаришлар кишини хурсанд қилади, албатта. Давлатимиз раҳбари: "Биз барчамиз “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган ягона мақсад атрофида бирлашиб, масъулият ва жавобгарликни чуқур ҳис этган ҳолда, фидокорона меҳнат қилиб, ўз орзу-мақсадларимизга эришамиз", деб таъкидлаган эди. Биз ҳам бу чорловни ўзимизнинг амалий ишларимиз билан қўллаб-қувватлаймиз. Ўз навбатида, ҳукуматимиз томонидан яратилаётган бундай шарт-шароитлардан тўғри фойдаланиб, юртимиз истиқболи учун муносиб ҳисса қўшмоғимиз даркор. Чунки ортимизда, тоғдек таянч ва суянч бўлиб турган кўпмиллатли халқимиз – ҳаёт йўлларида тўғри йўл кўрсатадиган мўътабар нуронийларимиз, меҳнаткаш, оқила опа-сингилларимиз, илғор ва замонавий фикрлайдиган, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган азму шижоатли ёшларимиз бор.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюцияси билан ҳар йили 30 июль – Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланиши боис, давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йилнинг 10 февраль санаси “Халқлар дўстлиги куни” деб белгиланди. Бу ҳам диний бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, дўстона муносабатлар Ўзбекистонда одамийликнинг олий намунаси ҳисобланишини билдиради. Энг муҳими, жамиятимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва меҳр-оқибат муҳити ҳукм сурмоқда.

Аҳилликда маъно ва ҳикмат жамланган. Шу боис ҳам, бағрикенглик, дўстлик каби олий қадриятларни келажак авлодга етказишга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшсак, юртимиз янада равнақ топади.

 

Виталий КИМ,

халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати,

ХДП депутатлик гуруҳи аъзоси.

“Ўзбекистон овози”

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш