Ҳар бир тадбир натижа бериши керак

 

Бугун жамият ҳаётида кечаётган ўзгаришлар, янгиланишлар, ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари билан бир қаторда халқнинг дардини тинглаш, уларнинг муаммоларига ўз вақтида ва ўрнида ечим топишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан сайланган депутатлар ҳам сайёр қабулларда ҳудуд аҳолиси билан ўзаро мулоқотда бўлиб, одамлар билан дилдан суҳбатлашмоқда. Уларнинг дардларини тинглаб, елкаларига елка тутмоқда.

Ана шундай учрашувлардан бири Бухоро шаҳридаги 10-мактабда бўлди. Унда халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати Акбар Фазилов, Бухоро шаҳар Кенгаши депутатлари Шамсиддин Яшиев, Азиз Маъмуров, Қурсия Шарипова, Алишер Назаровлар иштирок этди.

Дастлаб, жорий йилги Давлат дастури ва унда белгилаб берилган чора-тадбирлар доирасида бажариладиган кенг кўламли ишлар, уларнинг аҳамияти хусусида атрофлича тўхталиб ўтилди.

Шундан сўнг фуқаролар ўзларини қизиқтирган саволларини беришди. Айтиш керакки, суҳбат давомида одамлар нафақат ўзларининг шахсий масалалари, айни пайтда бевосита ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган таклиф ва ташаббусларини ҳам илгари сурдилар. Жумладан, кўчаларни ободонлаштириш, моддий ёрдам, меҳнат бандлиги, уй-жой, йўлларни таъмирлаш, каби ўнлаб муаммолар юзасидан 20 га яқин мурожаат расмийлаштирилди.

Баҳовиддин Нақшбанд кўчасида яшовчи Манзура Шарипова ўзи истиқомат қилаётган ҳудудни ободонлаштириш, таъмирлаш ишларини ташкил этишда депутатнинг кўмаги лозимлигини билдирди.

Мафтуна Рустамова, Раъно Саъдуллаеваларнинг иш билан таъминлаш тўғрисидаги мурожаатлари ҳам ўрганилиб, тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборилди.

— Халқ дардини ўзиники деб, билганларга миннатдорчилигимни билдираман, — деди Олимшо кўчаси 13-уйда яшовчи Малика Иноятова. — Депутатлар эшигимизни қоқиб, биздан нима кўмак, деб келишмоқда. Рости, бироз ҳайратландим. Олдин бундай вазиятга дуч келмагандик-да.

Жияним Мафтуна Иноятованинг буйраги хаста. Уни не-не машаққатлар билан Ҳиндистонга олиб бориб, буйрак кўчириб ўтказиш операциясини амалга оширдик. Мафтуна операция муваффақиятли ўтганидан хурсанд эди. Уйга қайтгач, дори-дармон борасида муаммоларимиз юзага келди. Отаси ўқитувчи, аммо маоши Мафтунанинг дори-дармони учун етмаяпти. Устига-устак улар Ҳиндистондан олиб келиниши керак. Ордер асосида олаётган дориларимиз етарлича самара бермаяпти. Илтимосим шуки, ҳиндистонлик шифокорлар тавсия этган дори-дармонни олишда бизга баҳоли қудрат кўмак берсангиз.

— Менга иш керак, — дейди Регистон кўчаси, 2-уйда яшовчи Дилфуза Жумаева, — Оилавий шароитимиз оғир. Уйимиз ҳам таъмирталаб. Ишга жойлашсам, муаммоларимизга ечим топиларди.

Дўстлик кўчаси 17-уйда яшовчи Дилноза Саидова ҳам турмуш ўртоғининг бандлигини таъминлаш борасида амалий ёрдам сўради.

Фуқаролар мурожаати масъуллар билан биргаликда ўрганилди. Шунингдек, “Депутат ва ёшлар” лойиҳаси доирасида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда 202 та давлат ташкилоти ва 40 та хусусий корхона бўш иш ўринлари билан қатнашди. Тадбир жараёнида 7 нафар ёшнинг бандлиги таъминланиб, корхоналарга йўлланма берилди.

Сайёр қабул якунида ҳудуд аҳолиси учун тиббий кўрик ҳам ташкил этилди. Тор доирадаги мутахассислар иштирокида ўтказилган тиббий кўрикда 80 га яқин хотин-қиз қатнашди. Унда мутахассис шифокорлар аҳолини УЗИ ва ЭКГ текширувидан ўтказиб, касаллик аниқланган фуқароларга амбулатор даво чоралари белгилашди.

— Бугунги тиббий кўрик аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди, — дейди биз билан суҳбатда Бухоро шаҳридаги 1-поликлиника умумий амалиёт шифокори Мастура Юсупова. — Мазкур МФЙ аҳолиси доимо бизнинг назоратимизда. Қолаверса, Н.Ҳусенова, О.Мажидова, С.Амонова, Ш.Хайруллаева сингари патронаж ҳамширалар улар ҳолидан хабар олиб туришибди. Бугун ҳам жамоамиз билан халқ хизматидамиз.

 

Шаҳло БАҚОЕВА

журналист.

“Ўзбекистон овози”

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш