Маънавият ва миллий хавфсизликка тажовуз ёки ижтимоий тармоқлардан бири — TikTokдаги ахлоқсизликлар ҳақида мулоҳазалар

 

Бундан бир ойча илгари юрист дўстларимиздан бири куйиб-пишиб дардини айтиб қолди:

— TikTokга кириб турасизми?.. Бу нима деган гап-а, нега ҳеч ким индамайди? Даҳшатку... Бу кетишда ёшлар тарбияси нима бўлади?..

Тik Тоkни ҳеч кўрмаганим учун ундан нима гаплигини сўрадим.

— Айтишга тил ҳам бормайди, - деди у. – Ўзбек қизларининг оғзидан чиқаётган гапга илон пўст ташлайди, қилиқларини кўргандан кўра, кўздан қолган яхши... Ёш-ёш йигитларнинг болохонадор сўкинишларини эшитиб ёқа ушлайсиз. Наҳотки шулар бизнинг болалар, ўзбек болалари бўлса, деб ўйлайсиз. Улар орасида ёши катталар ҳам бор. Наҳотки шулар бизнинг одамлар бўлса?.. Улар қаердан, қандай пайдо бўлди, қачон пайдо бўлди?..

Унинг гапларидан сўнг, бир ой давомида TikTok деган тармоқни кузатиб бордим. Тўғриси, юрист дўстимиз гапига бироз ишонқирамайроқ қарагандим. Ҳар ҳолда аҳвол бу даражада эканини тасаввур қилмагандим. Даҳшат ҳам гапми, фожиа, фалокат, ҳалокат!..

Бу ҳаёсизликларни сўзлашга сўзнинг юзи чидамайди, одам зотининг тили бормайди. Афти-ангори бинойидек, яхши келин, оила бекаси бўлишга муносиб қизлар. Аммо шармандали сўзларини эшитганингдан сўнг улар кўзингга алвастига, бало-қазога ўхшаб кўринади. Ўзларини бозорга солиб, ярим яланғоч ёки қарийб яланғоч бўлиб, кўрсатаётган қилиқларидан уялиб, ерга кириб кетгудек бўласан. Уларнинг ахлоқсиз, шарм-ҳаёсиз гапларидан қон босиминг ошиб, қулоқларинг битиб қолади, нима бало, охир замоннинг бошланишими бу, деб ўйлаб қоласан.

Наҳотки шулар ўзбекнинг қизлари, аёллари, Ўзбекистоннинг фарзандлари бўлса, деган саволдан юракда қаттиқ оғриқ пайдо бўлади.

Бир аёл кўзинга тик қараб, шундай беҳаё гапларни айтаяптики... Унинг одамлигига ишонгинг келмайди. Одам қиёфасидаги шайтонмикин, деб ўйлайсан. Бу қизлар,аёлларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари, қариндошлари бормикин, қўни-қўшниси, маҳалласичи?.. Бор бўлса, нега индашмайди? Эҳтимол ота-онанинг ўзи тарбияга муҳтождир. TikTokни анчадан бери кузатиб бораётган йигитларнинг айтишича, бу қизлар орасида ўзини реклама қилишда ёки қўшмачиликда анчадан буён машҳурлари бор экан...

Энди йигитлар ва йигитчаларнинг ўша қизларга гап отиб, сўкинишлари ёки бир-бирига дўқ-пўписа қилиб,айтаётган жирканч гапларига қаранг... Эсиз ўғил бола, йигит деган ном. Баъзилари тубанлашиб, шундай сўзларни айтадики, дунё-дунё бўлиб, одам одам бўлиб, эркак киши оғзидан бунақа бузуқ сўзлар чиққанини кўрмаган.

Ҳай йигитлар, эркаклар, онангиз, опа-синглингиз бордир, қизингиз бордир, улар олдида нима деган одам бўласиз? Уларга акангман, отангман, деб айтишга маънавий ҳаққингиз қоладими? Агар ота-онангиз ҳаёт бўлса, улар кўзига қай юз билан қарайсиз?..

Бу шармандаликлар ҳақида ўйлаганинг сари фиғонинг фалакка чиқади. Аёл, она деган муқаддас номга, эркак зотига нега иснод келтиряпсанлар, миллатни нега шарманда қиласанлар, деб уларнинг ёқасидан олгинг келади.

Афсуски, бунинг фойдаси йўқ. Улар тарбияси аллақачон издан чиқиб кетган. Биз томошабин бўлиб турганмиз, лоқайд бўлганмиз. Уларнинг касофати болаларимизга, невараларимизга уришини, миллий қадриятларга, маънавиятга тажовузлигини ўйламаяпмиз. Бундай уятсизликларга лоқайд қараб келаётган жамият эртага нима бўлади? Тўғри, айрим виждонли, ғурурли одамлар уларни тартибга чақирмоқчи бўлишяпти. Аммо бундайлар жуда кам. Кўпчилик эътиборсиз. Шу касофатларга тоқат қилиб, томошабин бўлиб ўтирган эканмиз, демак, ўзимиз ҳам уларга руҳан яқинроқмизмикин, деган ўйга келасан киши.

Тасаввур қилиб кўрайлик, ғурурсиз, ориятсиз, уятсиз бу йигитларнинг, аёллик ҳаёси, назокатини аллақачон йўқотиб бўлган тарбиясиз бу қизларнинг қилиқларини кўрган, ярамас сўзларини эшитган ёшлар, айниқса, ўсмир қизлар, болалар руҳиятида қандай бузилишлар бўлади? Улар хаёлини TikTokда кўрган ғайри табиий, ғайри тарбиявий, ғайри инсоний гап-сўзлар, томошалар, қилиқлар эгаллаб олади-ку.

Ўзининг ахлоқсизлиги ва шармандалигини “намойиш” этаётганлар осмондан тушмаган, бегоналар эмас, ўзимизнинг одамлар. Айбдор ким? Аввало, ота-она ва мактаб, болалар ва ёшлар тарбиясига масъул бўлган барча давлат ва нодавлат ташкилотлар, албатта. Масалага кенгроқ қарайдиган бўлсак, булар ҳаммаси жамият ва давлат ишидаги хатоликлар эканини англаймиз. Биз аччиқ тарихимиздан яхши биламиз, узоқ ва яқин ўтмишда таълим-тарбия ишидаги қолоқлик оқибатида тараққиётда бошқалардан ортда қолдик, кўп таландик, хўрландик. Ўтган асрнинг бошларида маърифатпарвар, миллатпарвар боболаримиз тарбиядаги хатоликлардан изтироб чекишган, фарёд қилишган. Абдурауф Фитрат шундай деган эди: Агар оталаримиз фарзандларини замон талабларига мувофиқ тарбия қилганларида эди, бугун шундай қийин аҳволга тушмас эдик. Бу аҳволга тушган эканмиз, унинг сабаби ўша тарбиядадир...

Бу аламли гаплар бола тарбиясидаги бугунги муаммоларга ҳам бевосита дахлдорлигини ҳис этиб турибмиз.

Мустақилликка эришилган дастлабки йиллардаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар сабабли таълим тизимига етарли эътибор берилмади. Ўқитувчи обрўси тушиб кетди. Мактабларда асосан аёл ўқитувчилар қолди, улар гапига қулоқ солмайдиган, юзга чопар болалар кўпая бошлади. Кейин мактаб ўқувчилари қўлида қимматбаҳо телефонлар пайдо бўлди. Бу телефонлар ичида ҳар балолар жойлаштирилганини биламиз. Ўқувчилар дарс пайтида телефонда ўйин ўйнаб ёки нималарнидир томоша қилиб ўтирадиган бўлиб қолди. Ўқитувчилар эрталаб мактабга келган ўқувчилар қўлидан телефонларни йиғиштириб ололмай қийналишди, ҳамон қийналишади. Ота-оналар ўқитувчини қўллаб-қувватлаш ўрнига фарзандлари ёнини олишади. Мактабларда ҳам, коллежларда ҳам давомат издан чиқиб кетди. Ёшлар орасида ахлоқсиз, масъулиятсиз, мақсадсиз бир қатлам пайдо бўлди. Енгил-елпи ҳаётга қизиққан бу саводсиз, касб-ҳунарсиз, ишсиз ёшлар бугунга келиб, жамият дардига айланди. Улар учун ўйин-кулгу, тунги клублар, саргузаштли воқеалар ҳаёт мазмуни бўлиб қолган. Агар бунақалар сони кўпайиб бораверса, хавф-хатар янада катталашади, энг муҳим бойлигимиз бўлган ёшлар тарбиясига, миллий қадриятларга, маънавиятга, миллий хавфсизликка тажовуз кучаяди.

Бугун Президентимиз ташаббуси билан мактабларда “тарбия” фани жорий қилингани сабабини ҳамма ҳам чуқур англаб етмаётганга ўхшайди. Бироқ “тарбия” дарси ташкил этилиши билангина муаммолар ҳал бўлиб қолмайди. Тарбия кенг қамровли йўналишларни ўзида жамлаган бутун бир тизим. Унинг бир бўғинида узилиш бўлса, тамом, мақсадга эришиб бўлмайди. Бугун дунёда кечаётган шиддатли глобаллашув жараёнида юзага келаётган таҳдидлар нималардан иборатлиги, улар қандай оқибатларга олиб келишини аниқ билишимиз ва ёшларимизни бу тажовузлардан ҳимоя қилиш учун қатьий чоралар кўришимиз талаб этилади. Биз одатда ташқаридан бўлаётган турли хуружлар тўғрисида гапиришга ўрганиб қолганмиз. Бироқ ҳамма бало-қазо ташқаридан келавермайди. Бугун турли сабаблар билан мамлакат ичкарисида ҳам ёшларимизни йўлдан урувчи, миллий хавфсизликка таҳдид солувчи бузғунчи тўдалар пайдо бўляпти. Ташқаридан бўлаётган таҳдидлардан кўра, ичкаридагиси хавфлироқ. Улар бирдан кўзга ташланмайди, кишини доғда қолдиради. Ўзингдан чиққан балога, қайга борасан даъвога, деб бекорга нола қилинмайди. Бугун бир томондан, интернет сайтларида ўзимизнинг айрим ёшлар беҳаёлик, номуссизлик ва маданиятсизлик ботқоғига ботган “томоша “лар кўрсатяпти. Иккинчи томондан хусусий телевидениеларда миллий қадриятларимизга ёт ғоялар билан тўлиб-тошган чет эл сериаллари намойиш этилмоқда. Биз эса бу бузғунчиликларга бепарвомиз, қўлимиздан ҳеч иш келмайдигандек ўзимизни тутаяпмиз. Ёки бу ҳолатлар безовта бўлишга арзимайдими, биз номдор ижодкорлар, зиёлилар, депутатлар, маданият ва маънавиятга масъуллар бу муаммолардан кўра, муҳимроқ ишлар билан бандмизми?..

Афсуски, бугунги хатолар тўғрисида бугун гапирмаймиз. Одатимиз шунақа. Вақт ўтиб, замон ўзгарса, кейин гапирамиз. Бу орада кўп нарсани йўқотиб қўйган бўламиз. Иқтисодий йўқотишларни ўнглаш унчалик қийин эмас, аммо маънавий йўқотишларни тиклаш жуда оғир кечиши ҳаёт тажрибасидан маълум.

Бугун кўриб, билиб турибмиз, дунёда иқтисодиёти ривожланган, илғор технологияларга эга қатор давлатларда маънавий йўқотишлар оқибатида ахлоқ-одоб, оила муқаддаслиги, ота-она ва болалар ўртасидаги муносабатлар изидан чиқиб, жамият ташвиши ортиб бормоқда.

Илгари кўп такрорланган бир ҳақиқатни ёдга олишга тўғри келади: Маънавиятга қарши қаратилган ҳар қандай таҳдид ўз-ўзидан мамлакат хавфсизлигини, унинг миллий манфаатларини таъминлаш йўлидаги жиддий хатарлардан бирига айланиши ва охир-оқибатда жамиятни инқирозга олиб келиши мумкин.

Ҳаёт тажрибасидан маълумки, ахлоқсиз, уятсиз, маданиятсиз одамда ор-номус, ғурур бўлмайди. Бундайлардан ҳар қандай пасткашликни кутиш мумкин. Улар турли сабаблар билан боши берк кўчага кириб қолишган. Бу йўлнинг охири бахтсизлик ва фожиадан бошқа нарса эмаслигини тушунишмайди ҳозирча, тушунишни исташмайди ҳам. Энг хавфли томони эса бу гумроҳлар ёшларнинг ахлоқ-одобини, тарбиясини бузмоқда. Давлатга, жамиятга зиён-заҳмат етказишмоқда, бошқача айтганда, душманлик қилишмоқда. Уларнинг зарари диний экстримистик оқимлар, ташқаридаги бузғунчи гуруҳларникидан кўп бўлса кўп, кам эмас.

Тарбия бу – ёшларнинг билими, дунёқараши, ахлоқ-одоби, меҳр-оқибати, эътиқоди, ғурури, ватанпарварлиги дегани. Бундай фазилатлардан мосуво бўлган ёшлар ҳар кимнинг изидан эргашиб кетаверади, ёт ғоялар таъсирига тушади, охири хор-зор бўлади, жамият ва давлатга катта зиён-заҳмат етказади.Шунинг учун ҳам тарбия – миллат учун ҳаёт-мамотдир. Шунинг учун ҳам Президентимиз тарбия масаласига давлат стратегик сиёсатининг бош вазифаларидан бири сифатида қарамоқда, бутун жамият эътиборини тарбияга қаратмоқда.

Айрим мисолларни ёдга олиш лозим бўлади. 2017 йилда давлатимиз раҳбари “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқида ижтимоий-маънавий соҳани янада ривожлантириш, жамиятда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси масалалари бўйича қатор долзарб вазифаларни белгилаб берган эди.

Ўша нутқда айтилгандики, “...шу масалалар бизнинг бугунги ва эртанги кунимизни, фарзандларимиз, набираларимиз тақдири ва келажагини, бир сўз билан айтганда, ҳаёт-мамотимизни ҳал қилиши ҳеч кимга сир эмас”.

Тўғри, сир эмас, аммо бу ҳақиқатни билатуриб эътиборсиз, лоқайд бўлаётганимиз ҳам сир эмас. Ўша анжуманда тарбияга масъул ташкилотлар зиммасига кўплаб вазифалар юкланган эди. Улардан қанчаси бажарилгани-ю қанчаси ёддан чиқиб кетаётганини ҳам инкор этиб бўлмайди.

Президент тарбия бўйича олиб борилаётган ишлардан қониқмаётгани Республика маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида яққол сезилди.

Ўша йиғилишда айтилган айрим фикрларни ёдга олайлик: ... “агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир”.

Бу юксак фалсафий таъриф ва баҳонинг маъно-мазмунини бутун жамият англаб етиб, хулоса чиқариб олмаса, дадил ўзгаришлар бўлиши қийин. Ёки яна айтилди: “Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз.”

Учинчи фикр: “...неча юз йиллар давомида шаклланган асл инсоний қадриятларимиз ўрнини бузғунчи ғоялар эгаллаб олишига йўл қўймаслигимиз зарур.” Ўйлаб кўрайлик, миллий қадриятларимиз нималардан иборат ўзи?.. Уларга қандай хавф-хатарлар таҳдид солмоқда?..

Президент ушбу таҳдидларга жамоатчилик эътиборини қаратиб, жумладан шундай деди: “...бугунги кунда болаларимизни ота-она, боғча, мактаб ёки институт эмас, аксарият ҳолларда қўлидаги телефон “тарбияламоқда”. Афсуски, ана шу кичкинагина телефон энди оддий алоқа воситаси эмас, кўпинча ёт мафкурани тарғиб этадиган катта қуролга, зўравонлик, ёвузлик “вируси”ни тарқатадиган манбага айланмоқда, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.”

Бу фикр ташвишли, хавф-хатарли ҳақиқат. Бугунга келиб, TikTok деб аталган тармоқда миллий қадриятларимизга мутлақо ёт, халқимиз шанига, маданиятига, номуносиб бўлган ҳаёсизлик ва ахлоқсизликларнинг пайдо бўлгани ҳам хавф-хатарларнинг ёвуз турларидан биридир.

Ҳаётнинг шундай сабоғи бор, тушунтирилганда тушунмаган, яхши гап билан ўзгармаган одамга нисбатан чора кўришга тўғри келади. Интернет тармоқларидаги турли ҳаёсизликлар, зўравонлик ва ёвуз ғоялардан ёшларни асраш учун қатъий чоралар кўрилмаса, эртага оғир муаммоларга дуч келишимиз аниқ. Ёшлар тарбиясига бўлаётган таҳдидларга юмшоқ муносабатда бўлиш хавф-хатар кучайишига имкон беради. Тарбияси издан чиқиб, шарм-ҳаёсини, ор-номуси, ғурурини йўқотиб қўйганларни қайта тарбиялаш ўта мушкул иш. Биз уларга насиҳат қилиб вақт ўтказамиз, бу орада улар яна қанчалаб ёшлар тарбиясига путур етказишади.

Шунинг учун, аввало, мактаб ўқувчиларига қандай телефонлардан фойдаланишга рухсат бериш тартибини ишлаб чиқиб, қатьий жорий қилиш, ота-оналар зиммасига аниқ вазифаларни юклаш керакка ўхшайди. Боласини эркалатиб, қўлига қимматбаҳо телефон олиб берган ота-она ўз боласига ёмонлик қилаётганини тушунмаса,нима қилиш керак?

Иккинчи хавф-хатар – TikTokда шарм-ҳаёсизлик, ахлоқсизлик қилаётган, шахсларга, ярим яланғоч бўлиб, ўзини бозорга солаётган хотин-қизларга нисбатан кескин чоралар қўлланмаса, фарзандларимиз, набираларимизни бу хавф-хатардан ҳимоя қилмаган бўламиз.

Улуғ аждодларимиз, буюк тарихимиз ва маданиятимиз, миллий қадриятларимиз билан фахрланаётган халқ бўлатуриб, нега ёшларимиз тарбиясига бўлаётган тажовузга қарши дадил турмаяпмиз? Нимадан, кимдан қўрқамиз? Миллий мафкурамизга, маданиятимизга зид бўлган, ёшлар тарбиясини бузиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатларга қарши, ким нима дейишидан қатъи назар, қаттиқ туриб курашмоғимиз зарур.

Юқорида айтилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз айтган яна бир фикрни эслашга тўғри келади: Ватан, халқ тақдири ўртада турганда, керак бўлса, қонун ҳам ўз кучини кўрсатиши шарт.

Шундай экан, савол туғилади: қонун нега ўз кучини кўрсатмаяпти? Қонун нега ишламаяпти, кучи етмаяптими?..

Бугун давлат тараққиёти, халқ фаровонлиги ҳақида гап кетса, кўпинча “Сингапур мўжизаси”дан мисол келтирилади. Тўғри, Сингапурдан ўрганса арзийдиган тажрибалар оз эмас. Бу кичик оролча — қашшоқ бир мамлакат ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олиши учун ўзига хос қонунларни қабул қилди. Сингапур ҳар қандай ёлғон сўзга қарши қонун чиқарган ягона давлат ҳисобланади. Ҳатто сақич чайнаш ва жамоат жойида тупириш таъқиқланди. Транспорт воситалари, телевизор ва радио шовқинларига қарши кураш эълон қилинди. Қонунларни қабул қилишда бунақа қонун дунёда йўқ эканку, бироз кутиб турайлик, дейилмади.

Биз ҳам бугун ёшлар ахлоқ-одоби, тарбияси, маънавияти, маданияти билан боғлиқ шундай қонун қабул қилайликки, келажакда бошқалар Ўзбекистон қандай қилиб, миллий қадриятларини асраб қолдийкин, ахлоқ-одоб, тарбияни ниманинг ҳисобидан бунчалик мустаҳкамлаб олдийкин, деб қизиқсин, биздан ўргансин.

Яқинда Қонунчилик палатасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама этилиб, қабул қилинди. Унда порнография ҳамда зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотларни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида интернет тармоқларида жойлаштириш учун жавобгарлик белгиланди. Аммо бу кодекс Тik Tokдаги ахлоқсиз, уятли гапларни айтаётган, сўкинаётган, ярим яланғоч бўлиб, ўзини бозорга солиб, ҳаёсиз қилиқлар кўрсатаётганларга нисбатан чора кўриш имконини бермайди. Шунинг учун ҳам Кодексга алоҳида қўшимчалар киритиш зарурати сезилмоқда, деб ўйлайман.

Кимдир айтиши мумкин, қонуний чора қўллаш учун даъвогар бўлиши керак, деб. Тўғри, кимдир кимнидир ҳақорат қилса, шаънига тегса, жабрланувчи томон даъвогар бўлади.

Биз айтаётган ҳолатда, яъни интернет тармоғида икки киши бир-бирини ҳақоратлаётган бўлса ёки қайсидир қиз ёки аёл уятсиз қилиқлар қилиб, ўзини бозорга солаётган бўлса, ким унга қарши даъво ариза киритиши мумкин? Ким жабрланган ҳисобланади?

Бу ўринда ёшлар зарар кўрмоқда, жамиятга зиён етмоқда. Шундай экан, давлат ва жамият манфаатидан келиб чиқиб, ёшлар тарбиясига, маданият ва маънавиятга масъул вазирликлар ва ташкилотлар судга даъво киритиши мумкин, деб ўйлайман. Кимдир бу чора инсон эркинлигига зид, демократия талабларига тўғри келмайди, дея айюҳаннос солиши ҳам мумкин. Биринчидан, биз бир тўда ахлоқсизлардан фарзандларимиз тарбиясини, тақдирини ҳимоя қилаяпмиз. Иккинчидан, ёшларимизни ҳар қандай ёт ғоялардан асраш, миллий қадриятларимизни ҳимоя қилиш тинчлик-осойишталикни, жамият ҳамда давлатнинг мустаҳкамлигини таъминлайди ва бу – биз учун энг олий ғоя ва мақсаддир.

 

Сафар ОСТОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

“Ўзбекистон овози”

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш