Сайлов ва сайлашдаги янгиликлар қонунчиликни такомиллаштиришга ва халқимиз манфаатига хизмат қилади

 

Бу — ҳар бир фуқаронинг конституцион ҳуқуқи бўлиб, давлат раҳбари, парламент вакиллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва яна бошқа қатор лавозимлар учун сайловлар бўлиб ўтади. Халқаро амалиёт шуни кўрсатадики, сайловлардан сўнг кейинги сайловгача орттирилган тажрибадан ҳамда халқнинг хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб, қонунчилик такомиллаштириб борилади. Шу маънода миллий қонунчилигимизга ҳам тегишли тартибда ўзгаришлар киритиш мақсадида лойиҳа ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳа қонун кўринишида Сенатда маъқулланиб, Президентимиз томонидан тасдиқланди. “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан боғлиқ саволларимизга Марказий Сайлов комиссияси котибият мудири Худоёр МАМАТОВ жавоб берди.

— Ўзгаришлар энг аввало нималардан иборат бўлади?

— Сайловлар — бу ҳар бир мустақил давлат учун муҳим сиёсий воқеликдир. Юртимизда ҳам сайловларни очиқ, шаффофлик принциплари асосида ўтказишда халқ ҳокимияти ва сиёсий плюрализмнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, тизимни босқичма-босқич модернизациялаш бўйича қатор амалий чоралар кўрилмоқда. Бир неча кун аввал татбиқ этилган янги меъёрлар ҳам ана шулар жумласидандир.

Хусусан, миллий сайлов қонунчилигимиз халқаро сайлов стандартларига янада яқинлашди ва дунё мамлакатлари сиёсий индексларида юқори поғоналарга кўтарилди. Шунингдек, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари асосида ҳам ўзгартишлар ўрин олган. Асоссийси, ушбу ҳужжат муҳим ижтимоий-ҳуқуқий ва сиёсий аҳамият касб этади. Бу эса фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қўшимча амалий механизмларини такомиллаштириш имконини беради.

— Бу қонун орқали қайси меъёрий ҳужжатларга ўзгартишлар киритилмоқда?

— Аввало, «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасида сиёсий партиялар учун сайлов кампанияси даврида Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар учун Ғазначиликда ҳисоб варақлар очишга доир меъёр эндиликда йўқ. 10-моддадан эса сайлов давридаги оралиқ ва якуний ҳисоботни Ҳисоб палатасига тақдим этиш чиқариб ташланди. Мазкур қонуннинг 16-моддасига кўра, сиёсий партиянинг уставида назарда тутилган фаолиятни молиялаштириш тўғрисидаги ҳисобот шакли Адлия вазирлиги томонидан белгиланмайдиган бўлди.

Шу билан бирга, Сайлов кодексига ҳам қатор янгиликлар жорий этилди. Хусусан, 10-модданинг биринчи қисмига туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкаларини туман ва шаҳар сайлов участкалари томонидан тузилишини назарда тутувчи қўшимча киритилди. 21-модданинг тўртинчи қисмида Халқ депутатлари туман, шаҳар (Тошкент шаҳридан мустасно) Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари тузилмаслигига доир ўзгартириш белгиланди.

Кодекснинг 44-моддасига еттинчи хатбоши сифатида сайловолди ташвиқоти даврида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз қўл остидаги ёки хизмат бўйича бўйсунадиган шахсларни сайловолди ташвиқотига жалб этиш чиқариб ташланди. Шунингдек, давлат органига тегишли бинодан сайловолди ташвиқотида фойдаланишни тақиқланишига доир меъёр ҳам эндиликда мавжуд эмас.

96-модданинг биринчи қисми биринчи хатбошига эътибор қиладиган бўлсак, унда ҳам халқаро стандартларга мос талабни кўрамиз. Унга кўра, туман, шаҳар комиссияси ўзига келиб тушган участка сайлов комиссияларининг баённомалари асосида сайлов натижаларини белгилаши мумкин. Яна ўндан ортиқ моддалар таҳририй ўзгартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан такомилига етказилган ва халқ манфаатларига хизмат қилувчи, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда муҳим ўзгаришларни назарда тутувчи мазкур Қонун Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йилнинг 8 февраль куни имзоланди ва 9 февраль куни эълон қилинди.

Айтиш керакки, Қонун билан Консти туциямизнинг 17-моддаси, «Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида»ги, «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги қонунлар ва Сайлов кодексига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди.

— Мазкур қонун муҳокамасида жамоатчилик муносабати қандай бўлади?

— «Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида»ги қонунда белгиланган талабларга биноан бир неча маротаба жамоатчилик муҳокамалари ташкил этилди. Хусусан, қонуннинг лойиҳа шакли биринчи марта 2020 йилнинг май-июнь ойларида Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилди. Ҳамюртларимиздан турли фикр-мулоҳазалар, таклифлар олинди. Парламентнинг қуйи палатаси вакиллари ҳам аҳоли орасида муҳокамалар, сўровлар ташкил этиб борди. Зеро, уларнинг фикри, талаб ва истаклари ҳар нарсадан муҳим саналади. Мисол учун, жорий йилнинг 23 январида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтига лойиҳа жойлаштирилди. Фаол фуқароларимиз томонидан икки мингга яқин таклиф, ранг-баранг муносабатлар билдирилди.

Эътиборлиси, уларнинг аксарияти лойиҳадаги ўзгаришлар ҳамда қўшимчаларни қўллаб-қувватлашди. Ҳаттоки, хорижда ишлаётган ёки ўқиётган ҳамюртларимиз ҳам ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Янги сайлов қонунчилигига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий вакиллик органларига сайловларни декабрь ойидан октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиладиган бўлди. Бу ўзгариш сабаблари ҳақида батафсил тўхталсангиз.

— Биринчидан, сайловлардан кейин олий давлат органлари, хусусан, ҳукуматни ўз вақтида шакллантириш ва муҳим сиёсий-ҳуқуқий қарорларни қабул қилиш учун тегишли замин яратилади. Шунингдек, Президентнинг парламентга Мурожаатномаси ва унинг асосида қабул қилинадиган Давлат дастури ҳам кечикмайди. Об-ҳаво совиб кетган кунларда сайлов участкаларида фаолият олиб борадиган хотин-қизларнинг саломатлигини сақлаш, фуқароларнинг сайловлардаги иштирокини имкон қадар кенгроқ қамраб олиш имкони юзага келади. Бундан ташқари, маҳаллий ва халқаро кузатувчиларга ҳам қатор қулайликлар яратилади.

Янги меъёрларга кўра, хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини, дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, шунингдек, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойда кўчма қутиларда овоз беришининг ҳуқуқий асоси яратилмоқда. Шу билан бирга, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, ҳарбий қисмларда ташкил этилган сайлов участкаларини кузатувчилар ўз ташрифи ҳақида камида 3 кун олдин хабардор қилиши тартиби белгиланмоқда. Хориждаги юртимиз фуқаролари учун электрон рўйхатдан ўтиш имкони яратилди. Сайлов комиссиялари аъзоларига ҳақ тўлаб бериш, компенсация тўлаш ҳамда иш ҳақини ҳисоблашнинг аниқ тартиби ўрнатилмоқда.

— Янги тартибга мувофиқ, сиёсий партияларга қандай талаблар белгиланмоқда?

— Хусусан, сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси қонунчиликдан чиқариб ташланмоқда. Сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланмоқда. Бундан ташқари, сайлов натижаларини эълон қилиш муддатларининг асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилмоқда.

Сиёсий партиялар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек, Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилмоқда. Шу билан бирга, сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари юзасидан сайлов кунига қадар оралиқ ҳисоботини ва сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин якуний ҳисоботини Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиши кўзда тутиляпти.

Ҳужжатга мувофиқ, халқ депутатлари туман(шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари тугатилиши ва уларнинг ваколатлари туман(шаҳар) сайлов комиссияларига ўтказилиши назарда тутилмоқда. Қонунчиликдаги мазкур ўзгариш натижасида 54 мингдан ортиқ аъзодан иборат 5739 та округ сайлов комиссиялари тугатилади ва оптимизация ҳисобига давлат бюджетининг 33,2 млрд сўм миқдоридаги маблағи иқтисод қилинади.

 

“Ўзбекистон овози” мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА

суҳбатлашди.

 
← Рўйхатга қайтиш