ХДП тизимида халқ билан халқона мулоқот кенг йўлга қўйилмоқда

 

Ижтимоий муаммоларни ҳал этмасдан, жамиятдаа ижтимоий адолатни таъминламасдан туриб, тараққиётга эришиб бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси мафкураси учта асосий ғоядан иборат. Булар ижтимоий тенглик ва адолат, ижтимоий бирдамлик ҳамда ижтимоий демократия ғояларидир.

Бозор иқтисодиёти муносабатлари чуқурлашган жамиятда ижтимоий ҳимоянинг аҳамияти юқори бўлиши шубҳасиз. Шу маънода кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга эътибор тубдан кучайди, давлат халққа яқинлашди, халқ учун ишлай бошлади. Ушбу ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад халқ ҳаётини яхшилаш, фуқароларнинг эмин-эркин яшаши, турмуш фаровонлигининг бойишига эришишдан иборат. Бу масалаларда партиямизнинг сиёсий позицияси мамлакат тараққиётининг янги босқичида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини изчил оширишга кўмаклашишдир.

 

Ижтимоий масалаларни жараённинг ичига кириб ўрганиш амалиёти

Хусусан, партиямиз ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини эътироф этади. Шундан келиб чиқиб, жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш бўйича жойларда партиямиз фаоллари ва депутатларининг аҳоли билан сайёр учрашувлари ташкил этиляпти. Энг муҳими, бу каби ижобий ишлар халққа яқинлашиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси “маҳаллаба” ва “фуқаробай” тартибдаги ишларни ташкил қилишда янгича механизм асосида қатнашмоқда. Бу йўналишда партиянинг тегишли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ва шу асосида амалий тадбирлар ўтказилмоқда. Бу камбағалликни қисқартириш ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолтага баҳо бериш, амалга оширилган ишлар назорат қилиш, ҳудудлардаги “ўсиш нуқталари”ни аниқлашда аҳамиятга эга бўлмоқда. Чунки халқ ичига кирмасдан, улар билан мулоқот қилмасдан туриб, муаммоларни ҳал қилиб бўлмайди.

Хусусан, шу йилнинг ўтган даври мобайнида партиямиз ташаббуси билан ўтказилаётган лойиҳалар давомида 1400 дан ортиқ ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганишлар давомида ҳудудларда, айниқса, мамлакатимизнинг қишлоқ жойларида аҳолининг аксар қисми етарли даромад манбаига эга эмаслиги маълум бўлмоқда. Аҳоли вакиллари билан суҳбат давомида бир нарсага кўп гувоҳ бўляпмиз, яъни иш бошлаш ниятида юрган, бунга қобилиятли одамларимиз кўп. Фақат уларни қўллаб-қувватлаш, ўз ишини йўлга қўйиши учун яқиндан кўмаклашиш зарур. Чунки, ишсиз одамлар иш бошлаш учун ҳам ёки касб-ҳунар ўрганиш, малака ошириш учун ҳам биринчи навбатда маблағдан қийналишади. Уларга моддий таъминот ҳамда ижтимоий кўмак кўрсатилса, жамиятда ижтимоий-иқтисодий фаол қатламни кўпайтириш ишлари янада жадаллашади, деб ўйлайман.

 

Эҳтиёжманд оилаларга ёрдам

Айтиш керакки, ҳозир амалиётга кенг жорий этилаётган “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” аҳолини қўллаб-қувватлашнинг самарали ечимига айланди, десак хато бўлмайди. Аҳамиятли томони, ушбу дафтарлар орқали ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб-ҳунар ўрганмоқчи бўлган ишсиз фуқаролар,ёшлар ва хотин-қизларни аниқлашнинг имкони янада ортди.

Партиямиз билим, касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор ишсиз фуқароларни қўллаб-қувватлаш, жойларда камбағалликни қисқартиришнинг муҳим омили, деб ҳисоблайди. Шундан келиб чиқиб,эндиликда қўллаб-қувватлашга муҳтож аёллар ва ёшлар истиқомат қиладиган оилаларгача кириб бориш бўйича янгича тартибда ишлаяпмиз. Партиямизнинг “Йўл харитаси” асосида ишлаб чиқилган лойиҳалар асосида ҳудудларга кириб бориб, дафтарларга киритилган фуқаролар билан юзма-юз суҳбатлашиб, уларнинг қизиқиши, мақсадлари ўрганиляпти.

Хусусан, “Аёлларга кўмак”, “Ёшларга кўмак”, “Депутат маҳаллада” лойиҳалари асосида одамларнинг турмуш тарзи, оилавий шароити ўрганилмоқда. Уйма-уй юриб, муаммолар ўрганилмоқда, хотин-қизлар ва ёшлар учун яратилаётган имтиёз ва имкониятларнинг жойларда қандай бажарилаётганлиги устидан депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатилмоқда.

Муҳим томони, лойиҳалар асосида аниқланган муаммолар, аҳоли мурожаатлари шунчаки расмиятчилик учун ёзиб олинмайди. Улар умумлаштирилади ва таклифлар тайёрланади. Маҳаллий Кенгашларга кўриб чиқиш учун тақдим этилади ва доимий комиссиялар, сессиялар муҳокамасига киритилади.

Мақсадимиз - мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаро ҳаётдан рози бўлиб яшасин!

 

М.Рашидова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходими.

Теглар

Лойиҳаларимиз Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш