Тўрақўрғонда ёшлар муаммоларини айтди, депутатлар ёрдам берадиган бўлди

 

Ўзбекистон ХДП Тўрақўрғон туман кенгаши томонидан Тошкент маҳалла фуқаролар йиғинида “Ёшларга кўмак” лойиҳаси ўтказилди. Депутатлар олиб борган ўрганишлар давомида ҳудудда ишламайдиган, ногиронлиги бўлган ёшларнинг 62 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилгани аниқланди.

Шу ҳудуддан сайланган Халқ демократик партияси туман кенгаши депутати, туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова ўзининг фуқаролар билан олиб бораётган сайёр қабули давомида ёшларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратмоқда. Натижада бир неча ёшлар ўз ишини йўлга қўйишга эришди.

Жумладан, янги тартибдаги хонадонда ижара асосида ўз оилавий тадбиркорлигини йўлга қўйган, махсус кийимлар тикиш билан шуғулланадиган Гулбаҳор Қосимова ҳам ана шундай ёшлардандир.

Гулбаҳор Қосимова жорий йил Микрокредит банкдан 31 миллион имтиёзли кредит олиб, қайта касб-ҳунарга ўқиган ва шу асосда ҳозирда 6 та ишчи ўрни яратган. Ишчилардан 4 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз ёшлар ҳисобланади.

Ёш тадбиркор иш ўринлари сонини янада ошириш учун унга ёрдам кераклиги ҳамда ўз таклифларини билдирди.

Ишчи гуруҳининг ўрганишлари давомида 1995 йилда туғилган мутахассислиги тарбиячи бўлган Ўмарова Зиёда томонидан яшаш хонадонида 3 ёшдан 6 ёшгача болалар учун ташкил этилган “Юлдузча-2” оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотидаги шароит билан танишиб чиқилди. Бу ерда асосий тайёрловдан ташқари болажонлар учун хорижий тиллар машғулотлари олиб борилиши ҳамда 10 та иш ўрни яратилиши ният қилинган. Ташкилот апрель ойидан ўз фаолиятини бошлаши кутилмоқда.

Кумидон МФЙда яшовчи 1996 йилда туғилган Адашбоева Жумагул маҳалла фуқаролар йиғини таклифига кўра, “Ёшлар” дафтарига киритилган 10 нафар қизларга тикувчилик, пишириқлар тайёрлаш бўйича ҳам билим бериб келмоқда.

Ўрганишлар давомида ўз фаолиятини йўлга қўйган ёшлар томонидан айтиб ўтилган муаммолар ечимига туман Кенгаши депутатлари ёрдам берадиган бўлди.

Лойиҳа доирасида бир гуруҳ хайрихоҳ ёшлар Халқ демократик партияси аъзолигига қабул қилинди.

 

Равшан Қосимов,

Ўзбекистон ХДП Тўрақўрғон туман кенгаши раиси

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш