Давлат қарзини бошқариш – стратегик вазифа

 

Давлат қарзининг келиб чиқиш сабаблари, унинг миқдоран ошиб ёки камайиб бориши ҳар бир мамлакатнинг олиб бораётган иқтисодий сиёсати, ислоҳотлар қамрови ва динамикаси билан узвий боғлиқ.

Кейинги 10 йилликда дунё мамлакатларида ташқи қарзга бўлган талаб нисбатан ошганлиги ҳамда мамлакатлар ўртасида бу борада тафовутлар кучайганлигининг бир қанча сабаблари бор. Улардан энг муҳимлари сифатида: жаҳон молиявий инқирозининг келиб чиқиши; айрим мамлакатларда ижтимоий муаммоларнинг кесикнлашуви; иқтисодий ҳавфсизлик масалалалари; иқтисодий қудрат билан ижтимоий талаблар ўртасидаги номутаносибликлар; молиявий манбаалардан самарасиз фойдаланиш натижасида бюджет тақчиллигининг ошиб кетиши; фавқулодда вазиятлар ва шу ўринда коронавирус пандемияси каби омилларни келтириш мумкин.

 

Ташқи қарз географияси

Дунёда давлат қарзи масаласини четлаб ўтиб, ривожланишга эришган мамлакатни топиш қийин. Одатда давлат қарзи ва унинг динамикасига баҳо берилганда қарзнинг ялпи ички махсулотга (ЯИМ) нисбати ўганилади. Ушбу кўрсаткичнинг энг юқори чегараси Маастрихт (1992 йил 7 февралда Нидерландиянинг Маастрихт шаҳрида имзоланган) келишув мезонларига кўра 60 фоиз, Халқаро валюта фонди ва Европа иттифоқининг кўрсатмаларига мувофиқ 50 фоиздан ортмаслиги тавсия қилинади.

Агар дунёдаги ташқи қарз географиясига назар ташланса, давлат қарзининг нисбий ва абсолют қийматларига кўра энг юқори даража – АҚШ, Япония, ва Европа иттифоқи(ЕИ) мамлакатларига тўғри келади. Ушбу мамлакатларнинг аксариятида мамлкат ташқи қарзининг ЯИМга нисбатан 60 фоизлик “қизил чизиқ”дан аллақачон ошиб бўлган, айримларида эса 100 фоиздан ҳам ортиқлигини кузатиш мўмкин. АҚШ ва ЕИ мамлакатлари қарзни кўпроқ ташқи бозорлардан олишни маъқул кўрса, Япония ва илдам ривожланаётган мамлакатлар (Хитой, Ҳиндистон ва жанубий шарқий Осиё мамлакатлари) ички бозордан олинган қарзлар ҳисобига иқтисодиётни молиявий ресурсларга бўлган талабини қондиради. Ушбу мамлакатлар иқтисодиётига жалб қилинаётган инвестиция маблағларининг аксарият қисми корпоратив қарзлар ҳиссасига тўғри келади.

Ташқи қарз “олди-берди”си жаҳон амалиётида кенг қўланилиб келаётган молиявий воситалардан бўлиб қолаётганлигига қарамасдан давлат бюджети камомадини тўлдиришда ундан фойдаланишнинг хавф-хатарларини ҳам холисона эътиборга олиш лозим. Ривожланаётган давлатлар учун ташқи қарз улушининг кескин ошиб кетиши ҳалқаро молиявий тузулмаларга нисбатан иқтисодий ва сиёсий қарамликни келтириб чиқариши ёки кучайтириши мумкин. Шунингдек, қарз миқдорларининг ошиб бориши давлат томонидан қарзларни қайтаришда бюджет юкинининг ортиб боришига сабаб бўлади. Бундан ташқари, корпоратив қарзларнинг ички ва ташқи бозорлардан жалб қилиниши ва самарасиз лойиҳаларга сарфланиши ёки макроиқтисодий конъюнктуранинг (масалан инфляция даражаси, иқтисодий ўсиш суръати, миллий валюта курслари) кескин ўзгариши натижасида иқтисодиётда салбий ҳолатлар юзага келади.

 

Ўзбекистон ташқи қарзининг ўзига хос жиҳатлари

Молия вазирлигининг берган дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзи жами 23,3 млрд. доллар эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 40,4 фоизни ташкил этди. Хусусан, ушбу қарзларнинг 21,1 млрд. долларга ёки ЯИМга нисбатан 36,5 фоизга тенг қисмини давлат ташқи қарзи ташкил қилади.

Давлат қарзининг сўнги уч йилдаги (01.01.2018-01.01.2021 йиллар) ўсиш динамикаси ЯИМдаги улушига нисбатан олганда 19,5фоиз дан 40,4фоиз гача, ташқи қарз эса 12,7 фоиздан 36,5 фоизгача ортганлигини кузатиш мумкин. Шу ўринда, давлат ички қарзи 6,8 фоиз дан 3,9 фоизгача қисқарган. Давлат қарзи, шу жумладан ташқи қарз ўсишида кузатилаётган юқори динамикага қарамасдан ушбу қарз миқдорлари халқаро меъёрларга кўра мамлакатимизда мўътадил даражада сақланиб қолаётганлигини ҳалқаро молиявий ташкилот экспертлари ҳам эътироф этишмоқда.

Лекин, кейинги 3-4 йил ичида Ўзбекистоннинг давлат қарзи, шу жумладан ташқи қарз нега бунчалик тез суръатларда ўсиб кетганлиги кўпчиликни қизиқтираётганлиги бежизга эмас. Бундай ўсиш суръатларининг биз билган ва билмаган бир қанча сабаблари бор.

Энг аввало, кейинги 4 йилда иқтисодиёт тармоқларида олиб борилаётган ислоҳотларга янгича тус берилганлиги, тадбиркорликни номигагина эмас, балки амалда қўллаб – қувватлаш, валюта операцияларини эркин амалга ошириш имконининг яратилиши, ташқи савдода экспорт – импорт операцияларини амалга ошириш шартларининг енгиллаштирилиши ва бошқа бир қанча иқтисодиётни либераллаштириш омиллари эвазига мамлакатимизда тадбиркорлик ва инвестиция фаоллиги кескин ошди. Натижада иқтисодиётнинг энергетика махсулотлари (нефт, газ, электр энергияси) ва транспорт хизматларига бўлган талаб кескин ошди. Шу туфайли ҳам кейинги 4 йилда энергетиканинг нефт ва газ, электр энергияси ҳамда транспорт соҳаларида ишлаб чиқариш инфраструктурасини ривожлантириш, модернизация қилиш ва янги қувватларни ишга туширишга оид бир қанча лойиҳалар ҳалқаро молиявий ташкилотлар кумагида амалга оширилмоқда. Ушбу мақсадларга деярлик 8 млрд. АҚШ доллари эквиваленти миқдорида, ёки ташқи қарзнинг 38 фоизи йўналтирилган.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигида бевосита давлат томонидан олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, соҳани модернизация ва диверсификациялашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш учун ишлатилган давлат ташқи қарзи маблағлари 2,2 млрд. АҚШ доллари эквивалентига тенг бўлди. Бу - давлат ташқи қарзининг 10 фоизига тенг маблағлар қишлоқ хўжалигида суғориш, агротехника, уруғчилик, селекция, ер унумдорлиги ва мелиоратив ҳолатини яхшилаш билан боғлиқ энг долзарб лойиҳаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш дегади.

Давлат ташқи қарзининг тез суръатларда ошишининг яна муҳим жиҳати ҳалқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш билан боғлиқ. Аҳолининг яшаши, уй-жой шароити, сув таъминоти, канализация ва коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш борасида мамлакатимизда куплаб муаммолар йиғилиб қолганлиги ҳеч кимга сир эмас. Айниқса мухтож оилаларни уй-жой билан таъминлашда кейинги 4 йилда мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилганлигига қарамасдан, бу борада вазиятни кескин ўзгартириш учун давлат кўмагида бозор тамойилларига асосланган ипотека тизимини такомиллаштириш, шунингдек давлат ташаббуси билан катта миқдордаги сармоялар киритиш талаб этилади. Ички имкониятлар чекланганлиги учун 2020 йилнинг якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг 11,0 фоизи ёки 2,3 млрд. доллар эквивалентидаги маблағлар уй-жой ва коммунал хўжалиги соҳаларини ривожлантиришга йўналтирилган.

Бундан ташқари, таълим, соғлиқни сақлаш, телекоммуникация ва бошқа соҳалар учун ҳам ташқи қарз ҳисобидан 2 млрд. АҚШ доллари эквивалентида маблағлар йўналтирилган. Шунингдек 2020 йилда Молия вазирлиги томонидан умумий хажми 750 млн. доллар миқдоридаги суверен халқаро облигацияларнинг иккинчи транши илк бора миллий валютамиз - ўзбек сўмида 2 трлн. сўм миқдорида Лондон қимматбаҳо қоғозлари бозорида муваффақиятли жойлаштирилди. Ушбу облигациялардан тушган маблағлар Бирлашган миллатлар ташкилотининг (БМТ) Барқарор ривожланиш мақсадларига, жумладан камбағалликка қарши курашиш, соғлом турмуш тарзини ва сифатли таълимни тарғиб қилиш, гендер тенглиги таъминланишини жадаллаштириш, тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятларини яратиш, муносиб меҳнат шароити ва иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ҳамда инфратузилма барқарорлигини оширишга қаратилган ривожланиш лойиҳалари учун йўналтирилмоқда.

 

Ички қарз учун капитал бозори ривожланиши керак

Ички бозорда жойлаштирилган давлат қимматли қоғозлари 2018 йилдаги қарийб 0,6 трлн. сўмдан 2020 йилда 5,0 трлн. сўмгача ошганига қарамасдан кейинги 3 йил ичида давлат қарзида ички қарзлар миқдори 4,0 млрд. АҚШ доллари эквивалентидан 2,2 гача, ёки ЯИМ га нисбатан фоизда 6,8 фоиздан 3,9 фоизгача қисқарганлигини кузатишимиз мумкин. Давлат қарзининг таркибида ички қарзлар салмоғи йил сайин нисбатан камайиб бораётганлиги капитал бозорининг ривожланиш даражаси ва бугунги кундаги ҳолати билан боғлиқ. Капитал бозорининг етарли даражада ривожланмаганлиги учун ҳам республика бюджетида тақчилликни молиялаштиришда қимматли қоғозларга бўлган эҳтиёж молия бозоридаги ички талабдан келиб чиқиб нисбатан паст даражада белгиланмоқда.

Давлат қимматли қоғозларини кўпроқ муомалага чиқариш орқали ички қарз улушини орттириб бориш тезда ҳал бўладиган масала эмас. Бунинг устида Молия вазирлиги Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва АҚШ Ғазначилиги билан ҳамкорликда давлат қарз портфелини диверсификациялаш борасида иш олиб бормоқда. Албатта, ички молиялаштириш манбалардан кенг фойдаланиш ҳамда давлат қимматли қоғозлар бозорини фаоллаштириш валюта хатарларини камайтириш имконини беради. Шу мақсадда маҳаллий ва хорижий инвесторларни давлат ва копоратив қимматли қоғозларини ички молия бозорларида жойлаштириш орқали жалб этиш имкониятларидан кенг фойдаданиш Ўзбекистонда капитал бозорини жадал ривожлантириш зарурлигини кўрсатмоқда.

 

Давлат қарзини бошқаришнинг янги механизмлари

“2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига кўра, Ўзбекистон Республикаси номидан ва давлат кафолати остида жалб қилинган давлат қарзининг суммаси ялпи ички маҳсулотнинг йиллик прогноз кўрсаткичига нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги белгиланган. Шунингдек, 2021 йил учун ички ва ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 5,5 млрд. доллар, шундан Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун - 2,2 млрд. доллар (шу жумладан, давлат қимматли қоғозлари - 5 трлн. сўм), инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун - 3,3 млрд. доллар миқдорида белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан қарз маблағларини жалб қилишда консерватив ёндашувга таянган ҳолда хатарларни бошқариш тамойилларини қўллаш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқда. Давлат ташқи қарзининг манбалари диверсификацияланган бўлиб, ташқи қарз портфелида халқаро молиявий институтларидан жалб қилган қарз ҳажми 10,1 млрд. долларни ташкил қилади. Хусусан, ташқи қарзнинг асосий қисми Осиё тараққиёт банки (5,0 млрд. доллар), Жаҳон банки (3,7 млрд. доллар) ва Ислом тараққиёт банки (0,9 млрд. доллар) ҳиссасига тўғри келади. Хорижий давлатлар молия ташкилотларининг давлат ташқи қарзидаги улуши 44,0 фоизни ташкил қилмоқда.

Давлат қарзини самарали бошқариш мақсадида Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси билан ҳамкорликда 2020-2022 йиллар учун “Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзини бошқариш стратегияси” ишлаб чиқилган. Стратегия доирасида давлат қарзини диверсификациялаш ҳамда валюта хатарларини камайтириш мақсадида Давлат бюджети тақчиллигини, аввало, давлат қимматли қоғозларини ички бозорда жойлаштириш ва суверен халқаро облигацияларни халқаро молия бозорига жойлаштириш орқали қоплаш борасида аниқ вазифалар белгиланган ва амалга оширилмоқда.

Давлат қарзи, шу жумладан ташқи қарзни доимий мониторинг қилиш мақсадида Халқаро валюта жамғармаси билан биргаликда “Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзи барқарорлиги таҳлили” амалга оширилди. Шунингдек, илк бора 2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг “Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун билан Давлат қарзи миқдорини ялпи ички маҳсулотга нисбатини 60 фоиздан оширмаслик белгиланди. Бундан ташқари Давлат қарзини жалб қилиш ва ишлатилиши бўйича шаффофликни таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, давлат қарзи ҳисобидан молиялаштирилган ва якунланган барча лойиҳалар мажбурий тартибда Ҳисоб палатаси томонидан аудитдан ўтказилиши ва Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида муҳокама қилиб борилиши тизимли йўлга қўйилади.

Шунингдек, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва АҚШ Ғазначилиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Конунчилик палатасида депутатлар мухокамасига киритилиши кутилмоқда. Ушбу қонун лойиҳасида давлат ички ва ташқи қарзлари таснифи, давлат бошқарув органларининг давлат қарзини жалб қилиш ва бошқариш соҳасидаги ваколатлари, давлат корхоналари томонидан қарз маблағларини жалб қилиш, давлат қарзи бўйича лимитлар ва уларни ўрнатиш қоидалари, шартли мажбуриятларни бошқариш, давлат қарзига ўз вақтида ва тўлиқ хизмат кўрсатилиши ҳамда давлат қарзини бошқаришда шаффофлик ва маълумотлар очиқлигини таъминлаш каби масалалар акс эттирилган.

 

Стратегия – стратегияга монанд, ёки хотима ўрнида

Дунёнинг айрим мамлакатларида ташқи қарзнинг критик даражаси юқорилаб бораётганлиги нафақат мамлакатлар иқтисодий хавфсизлиги, балки дунё иқтисодиёти барқарорлиги нуқтаи назаридан ҳам хавф-хатарлар келтириб чиқараётганлиги бор ҳақиқатдир.

Бир қатор ривожланган ва жадал ривожланаётган мамлакатлар умумий қарз мажбуриятларида нафақат давлат қарзининг, балки тижорат банклари ва корпоратив секторнинг қарзлари кескин ошиб кетиши иқтисодиётда жиддий муаммоларни келтириб чиқарганлиги жаҳон молиявий инқирози авж олган пайтида ЕИнинг Греция, Португалия, Испания каби мамлакатлари мисолида кўзатилди. Ушбу мамлакатлар тажрибаси қарздорлик даражасини доимий назорат қилиш, қарзларни ноўрин ошиб кетишига йўл қўймаслик, ташқи ва ички қарзларни самарали бошқаришда ҳар бир давлат ўзининг миллий стратегиясига эга бўлиши зарурлигини кўрсатади.

Ўзбекистон шароитида ички капитал бозори энди шаклланаётган пайтда тизимли ислоҳотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашда ҳозирча ягона муқобил манбаа – ташқи қарз бўлиб қолаётганлигини ҳисобга олган ҳолда мамлакатнинг инвестиция ва қарз бозорининг молиявий дастакларини ва механизмларини тезроқ ишга солиш чораларини кўриш мақсадга мувофиқ. Бунда, аҳолининг қўлида мавжуд маблағларни иқтисодиётга самарали жалб қилиш муҳим вазифадир. Айни пайтда аҳоли ихтиёрида 10 млрд. АҚШ доллари эквиваленти миқдорида маблағлар мавжудлиги тахмин қилинмоқда. Масалан, ҳозирги пайтда айрим аҳоли табақаларининг ўз сармоясини сақлаш мақсадида Тошкент шаҳрининг энг нуфузли ҳудудларидан, эҳтиёжи бўлмаса ҳам, уй-жойлар сотиб олаётганлигини ҳисобга олсак, ушбу тахминлар ноўрин эмаслигига ишонч хосил қилишимиз мумкин. Шундай экан ушбу маблағларни иқтисодиётимизга самарали инвестиция сифатида жалб қилиш давлатнинг ташқи қарзларга бўлган талабини бироз бўлса ҳам қисқартирган бўлар эди. Бунинг учун аҳолининг қимматли қоғозларга бўлган ишончини ва иштиёқини ошириш мақсадида махсус қимматли қоғозларни чиқариш ва тижорат банклари орқали тўғридан-тўғри сотиш имкониятларини чуқур урганишимиз керак. Бундай амалиётни тўғри йўлга қўйиш капитал бозори ривожланишининг дастлабки босқичида реал иқтисодиётни молиявий маблағлар билан таъминлашда ҳамда давлат бюджетининг тақчиллигини қоплашнинг самарали воситаси сифатида хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, давлат қарзи ва шунингдек ташқи қарз масаласида Ўзбекистон жиддий муаммаларга тўқнаш келмаганлигини энг аввало Президентимизнинг узоқни кўзлаб олиб бораётган иқтисодий сиётсатининг натижасидир. Давлат қарзини бошқаришнинг миллий стратегиясида белгиланган вазифалар Президентимиз томонидан “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган вазифалар билан ҳамоҳанг бўлиб, унда ташқи қарз портфелини оптималлаштириш ва ички қарз бозорини ривожлантириш эвазига ички маблағларни иқтисодиётнинг энг устувор йўналишлари ва долзарб лойиҳаларига қаратиш стратегик аҳамият касб этган. Ҳалқаро молия ташкилотлари мониторинг гуруҳларининг бераётган хулосалардан ҳам бунинг тасдиғини топишимиз мумкин.

 

Шарофиддин НАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси, иқтисодиёт фанлари доктори.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш