Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган хотира тадбири ўтказилди

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорига асосан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида видеоанжуман шаклида хотира тадбири ўтказилди.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан улуғ ижодкор таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланган бўлиб, шунга мувофиқ Абдулла Орипов хотирасини абадийлаштириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хотира тадбирини очар экан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов йиғилганларга шу ҳақда атрофлича маълумот берди.

Шоирнинг ижоди ва ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи видеолавҳа намойиш этилди.

Маълумки, Абдулла Орипов 1941 йил Қашқадарё вилояти Косон тумани Некуз қишлоғида туғилган, 1958 йил ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлаб, таҳсилни Ўзбекистон давлат университети ўзбек филологияси факультетининг журналистика бўлимида давом эттиради.

Шиор 1963 йилдан 1996 йилгача турли ижодий ташкилотларда самарали фаолият юритган. Узоқ йиллар Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасига раислик қилган, Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитасини бошқарган.

Илк шеърий тўплами “Митти юлдуз” деб номланган бўлиб, шоирнинг 20 га яқин китоблари нашр этилган. Абдулла Орипов Данте Алигьерининг “Илоҳий комедияси” ва бошқа ижодкорларнинг асарларини ўзбек тилига юксак маҳорат билан таржима қилган.

Абдулла Орипов Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси сўзининг муаллифи сифатида ҳам халқимиз қалбида мангу яшаши таъкидланди.

Абдулла Орипов мамлакатимиз парламентини шакллантириш ва ривожлантириш жараёнларига муносиб ҳисса қўшган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, кейинчалик Сенат аъзоси бўлган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Улуғбек Иноятов у кишининг сиёсий фаолияти, хусусан, қонун ижодкорлиги, ижтимоий ҳимояни кучайтиришга доир таклифлари ҳақида сўз юритди.

Хотира кечасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, академик Қаландар Абдураҳмонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Хуршид Дўстмуҳаммад сўз олиб, Абдулла Орипов ижодиётининг ўзбек адабиёти тарихидаги аҳамияти, шоир асарларида инсонийлик ва ватанпарварлик юксак қадрият сифатида тараннум этилгани ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Бир гуруҳ депутатлар шоирнинг “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” шеърини турли тилларда мушоира тарзида айтиб беришди.

Хотира тадбирида шоирнинг турмуш ўртоғи Ҳанифа Мустафоева ҳамда видео алоқа орқали Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов ижод мактаби ўқувчилари ҳам иштирок этди.

Тадбирда Абдулла Орипов хотирасига бағишланган, Президент қарорига кўра тайёрланган “Ўзбекистон – дилбар ватаним” киботи тақдимоти ҳам ўтказилди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш