Офатлардан жабр кўрганлар давлат божи ва консуллик йиғимидан озод қилинмоқда

 

Дунёда ҳеч бир инсон табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлардан тўлиқ ҳимояланган эмас. Фуқаро ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда фавқулодда вазиятдан жабр кўрса, давлат уни ҳимоя қилиши зарур.

Оддий мисол, фавқулодда ҳолатда қолган фуқаро соғлиғи, мулкларидан ташқари, зарур ҳужжатларини ҳам йўқотса, унинг ҳужжатлари тикланиши давлат ҳисобидан амалга оширилиши ҳар томонлама тўғри бўлади. Чунки ҳужжат ва ҳуқуқ тушунчалари бир-бирига жуда яқин туради.

Шу маънода айни кунларда парламент қуйи палатасида кўриб чиқилаётган “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси муҳим аҳамиятга эга.

Унга кўра, қонуннинг 11-моддасига яъни, нотариал ҳаракатлар амалга оширилганда давлат божини тўлашдан озод этиладиганлар тоифасига - Ўзбекистон Республикаси ва чет давлатлар ҳудудида табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар (турар ва нотурар жойнинг ёнғини ёки қулаши, транспорт воситасининг ёнғини) юз берганлиги оқибатида жабрланган жисмоний шахслар киритилмоқда. Уларга ҳужжатларнинг дубликатлари, кўчирма нусхалари ва нотариал ҳаракатларни рўйхатга олиш реестридан кўчирмалар давлат божисиз берилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, давлат божи ва консуллик йиғимидан озод қилинган шахсларнинг тоифаларини кенгайтириш мақсадида ушбу қонуннинг 13-моддаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги ҳужжатларни расмийлаштириш ва беришда давлат божини тўлашдан озод қилиш, деб қайта номланмоқда.

Шу моддага қўшимча ҳам киритилмоқда. Унга асосан офатлар юз берганлиги оқибатида жабрланган жисмоний шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқароси (биометрик паспорти), Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет давлат фуқаросига ва фуқаролиги бўлмаган шахсга (яшаш учун рухсатнома) ID-картаси, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахснинг хорижга чиқиш биометрик ҳаракатланиш ҳужжати, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча бўлиб турган чет давлат фуқаросига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга паспортнинг ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатнинг йўқолганлиги ҳақидаги маълумотномани ҳамда Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиш тўғрисидаги ҳужжатни такрорий берганлик учун улар давлат божини тўлашдан озод қилиниши белгилаб қўйилмоқда.

Шу билан бирга, қонуннинг 14-моддасига ҳам қўшимчалар киритилиб, офатлар натижасида жабрланган жисмоний шахслар уларнинг йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳужжатларини тиклаш чоғида, шунингдек, ушбу ҳужжатларнинг кўчирма нусхаси, дубликати ҳамда уларнинг мавжудлиги ҳақида маълумотномалар Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари томонидан талаб қилиб олинганда Консуллик йиғимини тўлашдан озод қилиниши таклиф этилмоқда.

Албатта, ушбу нормаларнинг қонунга киритилиши ҳар жиҳатдан адолатли бўлади.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш