Бир давра атрофидаги суҳбат бир-биримизни тушунишимизга ёрдам беради

 

Қайси соҳада, қандай вазифада ишламасин, аёлларнинг бир-бирига ўхшаш олами бўлади. Шунинг учун аёллар ўзаро тезроқ тил топишса керак. 15 март куни Яшнобод тумани “Ўқчи-Олмозор” маҳалласида бир гуруҳ опа-сингилларимиз билан кундалик ҳаётдаги ўзгаришлар ҳақида гаплашдик.

Аввало, кейинги йилларда оналар ва болаларнинг сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, гўдаклар ва болалар ўлими ҳолатларининг олдини олишга қаратилган қатор қонунлар, Президент фармон ва қарорлари қабул қилингани ҳақида айтишди.

Асосан оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги ишларни, аниқ ҳолатларни эсладик. “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастурининг 177-дан 199-бандигача соғлиқни сақлаш соҳасига тааллуқли.

Хўш, бу йил оналаримиз ва болаларимиз учун қандай янгиликлар бўлади?

Жорий йилдан бошлаб 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади.

Бу жараён билан 2021 йилда—11 миллион нафар, 2022 йилда –17 миллион нафар аҳоли қамраб олинади ва бунинг учун 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Бутун дунёда оналик ва болалик муаммолари мамлакатдаги фаровонлик ва сиёсий вазиятнинг ифодаси сифатида намоён бўлмоқда.

Перинатал ва демографик кўрсатгичлар нафақат акушер-гинекологлар ва педиатрлар, балки соғлиқни сақлаш тизими раҳбарлари фаолиятидаги асосийларидан бўлиб, бутун давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Бу нафақат акушерлик ва тиббий хизматнинг ривожланиш даражасини, балки мамлакатнинг ривожланиш истиқболини акс эттиради.

Шунинг учун бу йил аёллар ва болаларни йод, темир, фолий кислотаси, витаминлар ва паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминлаш орқали аҳоли ўртасида камқонликни 25 фоизга камайтириш мўлжалланган.

Бу вазифаларнинг замирида аҳолининг соғлом ва бахтли умр кўриш давомийлигини узайтириш мақсади мужассам. Соғлом инсонгина соғлом фикрлашга қодир бўлади, ғоялар, ташаббусларни илгари сура олади, шунда оналар фарзандларининг орзу-ҳавасини кўриш бахтига муяссар бўлади.

Суҳбатда мени қувонтирган нарса шу бўлдики, аёлларимизда ижобий, кўтаринки кайфиятни сездим. Синовли кунлар бизга мактаб бўлди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам тайёр туриб, доим яхшилик талабида бўлишимиз керак.

Камчилик ва муаммоларни биргаликда ҳал қилиш учун турли соҳа вакиллари бир давра атрофига йиғилиб туришимиз керак экан.

 

Қизилгул Қосимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш