Хотин-қизларни қийнаётган масалалар муҳокама этилди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Навоий шаҳар кенгаши ташаббуси билан вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази, Халқ депутатлари Навоий шаҳар кенгаши депутатлари, “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш” шаҳар бўлими, шаҳар аҳоли бандликка кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида «Аёлларга кўмак» лойиҳаси доирасида тадбир ташкил этилди.

Хотин-қизлар масалаларига оид қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда топшириқлар ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, «Аёллар дафтари»га киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ечимига ёрдам бериш мақсадида ташкил этилган тадбир бўш иш ўринлари ярмаркаси билан бошланди. Унда 111 корхона ва ташкилот 321 иш ўрни билан қатнашди. Натижада 30 нафар хотин-қиз ишли бўлди.

Шундан сўнг, Халқ депутатлари Навоий шаҳар кенгаши депутати Ширин Алдабергенова билан “Мустақиллик” МФЙдаги хотин-қизларнинг муаммоларни ўрганиш мақсадида уларнинг хонадонларига ташриф буюрилди.

Маҳаллада 5056 нафар фуқаро истиқомат қилади. Шундан 2470 нафари эркак, 2586 нафари аёллардир. Аҳолининг 54 нафари «Аёллар дафтари», 74 нафари «Ёшлар дафтари»га киритилган.

Мулоқот чоғида 5 мартда қабул қилинган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Хотин-қизлар ҳам ўзларини қийнаётган муаммоларни баён қилди.

Анна Барноева шу пайтга қадар тикувчилик қилиб, оиласига ёрдам бериб, 3 нафар фарзандини тарбиялаб келаётган эди. 2 ой олдин у касал бўлиб ётиб қолади. Уй бекасига шифокорлар оқ қон деб ташхис қўйишади. Бу хабарни эшитган оила бошлиғи аёлини даволатиш учун пойтахтга боришади.

– Ижарада яшаймиз, – дейди Анна. – Уй оламиз деб, мисқоллаб йиғиб юрган пулларимиз даволанишим учун кетиб қолди. Дори-дармонлар қиммат экан. 30 кун давомида шифохона шифтига қараб ётишнинг ўзи бўлмас экан. Яна мулоажаларни давом эттиришим учун оиламиз моддий тарафдан қийналиб қолдик. Насиб бўлса шифо топсам, ишимни давом эттираман.

А. Барноевани қийнаб келаётган масаласини депутат ўз назоратига олди. Уни “Аёллар дафтари”га киритиш чоралари кўриладиган бўлди.

1941 йил туғилган Евгения Гончарова тақдирнинг тақазоси билан ёлғиз ўзи яшайди. У билан суҳбатимиз жуда самимий кечди. Онахон давлатимиз раҳбари бошчилигида хотин-қизлар, кексаларга қилинаётган ғамхўрликдан жуда хурсанд. Фақат у кишини уйни таъмирлаш масаласи қийнаётганини айтди. Ушбу мурожаат бўйича ширкат билан гаплашилиб, ижобий ҳал этилиши айтилди.

1966 йил туғилган, I гуруҳ ногирони Дилором Ҳакимова 2 нафар ўғли ҳамда келини Дилноза Жабборова ишсиз эканлигини таъкидлади. Кенжа фарзанди яқинда Россиядан келганлигини, иш тополмай сарсон бўлиб юрганини айтди.

Депутат оиланинг 3 нафар ёшларини ҳам “Ёшлар дафтари”га киритиш лозимлигини таъкидлади.

Долгая Галина турмушидан ажралгач, Аликин Ильгиз билан шаърий нигоҳдан ўтиб, у билан яшай бошлайди ва уйига доимий рўйхатга ҳам қўйдиради. Аммо оила бошлиғи кўп ўтмай ичкиликка ружу қўйиб, руҳияти ўзгариб қолади. Ҳар кун турмуш ўртоғи, фарзандлари билан жанжаллашадиган одат чиқаради. Натижада қўни-қўшниларнинг ҳам тинчлиги бузилади.

Суднинг қарори билан А. Ильгиз вилоят наркалогия диспанцерига жўнатиладиган бўлди.

Тадбир давомида Ўзбекистон маҳалла фуқаролар йиғинидаги аёллар билан ҳам учрашилди. Хусусан, 1973 йил туғилган Рўзихол Мавлонова билан суҳбатлашдик.

– 5 нафар фарзандим бор, – дейди Р. Мавлонова. – Тикувчилик қўлимдан келади. Яқинда шу соҳани мукаммал эгаллашим учун вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик марказининг ўқувларида ўқиб, сертификат олдим. 33 миллион кредит олиш учун ҳужжатларимни расмийлаштирдим. Тикув машинкаларини олишим билан маҳалламиздаги 3-4 нафар аёлларни ҳам ишга оламан. 1998 йил туғилган ўғлим – Жамшид Қамбаров яқинда Россия Федерациясидан келди. Иш тополмай сарсан бўлиб юрибди. У ҳам тадбиркорлик қилишга қизиқади.

Ж. Қамбаров “Ёшлар дафтари”га киритилди.

Ойсулув Тоғаева 12 йил давомида ҳамшира бўлиб ишлаган. Айрим сабабларга кўра, меҳнат стажида узилиш бўлган. У қайтиб ишга кириш учун малакасини ошириш учун таҳсил ҳам олган. У шаҳар бандликка кўмаклашиш марказининг йўлланмаси билан вилоят перинатал марказига борган. Аммо уни бўш иш ўрни йўқ деб қайратиб юборишган. Бу бўйича депутатлик сўрови жўнатилди.

Лойиҳа доирасида “Кимёгар” МФЙдаги 2018 йилдан буён қаровсиз турган бино бўйича ҳам ўрганишлар олиб борилди. Бино ҳудуддаги аёллар тикувчилик қилишлари учун берилса, ўнлаб хотин-қизларнинг бандлиги таъминланарди.

Шунингдек, “Ёшлик” МФЙда умумий овқатланиш шахобчасини ташкил этган Орзигул Ярашева фаолияти билан ҳам танишдик.

–Ўқув марказида ўқиб, банкдан 33 миллион кредит олдим, – дейди О. Ярашева. – 4 нафар ёшларни ишга олдим. Фаолиятимизни бошлаганимизга кўп бўлмаган бўлсада, мижозларимиз етарлича. Бу мени янада ғайрат ва шижоат билан ишлашга ундамоқда. Ўғлим Озодбек Ярашов ҳам “Ёшлар дафтари”га киритилган. У вилоятимизда IT соҳасини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшмоқчи. Бу бўйича дастлабки ишларни бошлаб ҳам юборди.

Шунингдек, лойиҳа доирасида “Кимёгар” МФЙдаги “Навоий-Маржона келажаги” хусусий корхонасига қарашли икки қаватдан иборат бўш турган бино борлиги аниқланди. Бу бўйича Навоий шаҳар ҳокими номига депутат сўрови жўнатилди ва ушбу бинода хотин-қизлар турли йўналишда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари бўйича таклифлар билдирилди.

 

Хуршида Нарзиева,

ЎзХДП вилоят кенгаши сектор мудири.

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш