Мамлакатимизда эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш, уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотлар қуйида, маҳаллаларда амалий натижа бериши долзарб аҳамиятга эга.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари У.Иноятов Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги маҳаллаларда очиқ мулоқот ва ўрганишлар ўтказди.
Дастлабки мулоқот тумандаги “Пўлатдархон“ маҳалласидаги меҳнат гузарида маҳалла фаоллари ва оқсоқоллари билан бўлиб ўтди. Учрашувда давлат томонидан ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, хусусан, “Темир дафтар” ва “маҳаллабай” тизимларининг аҳамияти ҳақида тушунча берилди. Мулоқотда иштирокчилар ўзларини ўйлантираётган масалалар бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдиришди.
У.Иноятов “Авазали” маҳалла фуқаролар йиғинида “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”даги фуқароларни камбағалликдан чиқариш борасидаги ишларнинг самарадорлигига эътибор қаратди. Давлат субсидияси асосида қуриб берилган иссиқхона фаолияти ҳамда ажратиб берилган ерлардан фойдаланиш ҳолати Аброр Омонов ва Диёра Қаюмова фаолияти мисолида бевосита ўрганилди.
“Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд фуқароларга маиший техникалар берилди.
Наврўз байрами арафасида беморлар ҳолидан хабар олиш, нуронийлардан кўнгил сўраш мақсадида 1-гуруҳ ногирони Аллаёр Раҳмоновнинг хонадонида суҳбат ўтказилди. У кишининг мурожаатлари тингланиб, махсус аравача топширилди.
Маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан мулоқотда Самарқанд вилоятида камбағалликни қисқартириш, аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, шу йўналишда депутатлик назоратини кучайтириш масаласи муҳокама этилди.