ЎзХДПда “марказ – вилоят – туман” тизими самара бермоқда

 

Сиёсий партиянинг сайловолди дастури руёбга чиқиши биринчи навбатда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг узвий фаолият юритишига боғлиқ. Қонун ижодкорлиги, ижтимоий масалаларни таҳлилий ўрганиш, электорат мурожаатларига ечим топиш жараёнларида қуйидан юқоригача бўлган тизим ўртасида узилиш бўлмаслиги жуда муҳим.

Халқ демократик партияси бу масалага алоҳида эътибор қаратмоқда. Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича фракция ва маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ўртасида ҳамкорлик ва хабардорлик муҳити мустаҳкамланмоқда. “Марказ – вилоят – туман” тизими жорий этилди.

Бу тизим асосан учта йўналишда ривожланмоқда.

Биринчидан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида тайёрланаётган қонун лойиҳалари биринчи ўқишдан сўнг вилоят, туман, шаҳар кенгашлари ва маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларида муҳокама этилиб, уларнинг хулоса ва таклифлари олинмоқда.

Ўтган давр давомида 80 дан ортиқ долзарб ижтимоий масалаларга оид қонун лойиҳалари бўйича 300 дан ортиқ таклиф ва фикр-мулоҳазалар олинди. Бу таклифлар қонун лойиҳалари бўйича партия фракцияси позициясини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Мисол учун “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги, “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги, “Давлат тили ҳақида”ги, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги, “Транспорт тўғрисида”ги, “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги қонун лойиҳалари бўйича жойлардан кўплаб таклифлар келиб тушди.

15 дан ортиқ ижтимоий масалаларга оид қонун лойиҳалари партиянинг расмий сайтига муҳокама учун жойлаштирилиб, фуқароларнинг таклифлари олинмоқда.

Иккинчидан, партия фракцияси йиғилишларида электорат манфаатлари билан боғлиқ қонун лойиҳалари кўриб чиқилаётганда, шу билан бирга, вазирлик ва республика идоралари раҳбарларининг партия учун принципиал бўлган масалалардаги ахборотлари эшитилаётганда партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ушбу муҳокамаларда бевосита иштирок этмоқда.

Бу амалиёт республикадаги умумий ахборотларни жойларда реал ҳолат билан таққослаш, зарур саволларни бериш ва хулосалар чиқаришда қўшимча имконият яратмоқда.

Учинчидан, партия фракцияси аъзолари ўз округларига борган вақтларида маҳаллий Кенгаш сессияларида иштирок этиб, қуйидаги жараёндан бевосита хабардор бўляпти, вазиятни ичида туриб кузатиб, тавсияларини ҳам беряпти.

Фракция аъзоларининг ҳар бири учун бир нафардан вакил вазифаси жорий этилгани депутатларнинг округдан узилиб қолмаслиги, доимий таъсир ва ёрдам кучига эга бўлиши мурожаатлар тезкор кўриб чиқилиши, ижтимоий масалалар қисқа муддатларда ҳал этилишига хизмат қилмоқда.

Албатта, бу катта ижтимоий-сиёсий ўзгаришларнинг бошланиши холос. Ҳали ечимини кутаётган камчиликлар, самарадорлик ва натижадорликка путур етказаётган омиллар оз эмас. Олдинда вазифалар кўп. Уларни рўёбга чиқариш учун марказдан бошлаб қуйи бўғингача ҳамма тизимда талабчанлик ва масъулиятни кучайтиришимиз зарур, деб ўйлайман.

 

Дурбек Худойқулов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон ХДП фракцияси ижрочи котиби

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш