Партиямиз депутатлик бирлашмалари бандлик йўналишида парламент ва депутатлик назоратини кучайтиради

 

Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда Тошкент шаҳар касб-ҳунарга ўқитиш маркази (KOICA)да “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитиш” мавзусида видеосеминар ўтказди.

Семинарда кейинги йилларда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий маъсулияти кучайтирилгани таъкидланди.

Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида Президентимизнинг бир қатор фармон ва қарорлари қабул қилинган. Ушбу ҳужжатлар асосида аҳоли бандлиги соҳасидаги муаммоларнинг ечими юзасидан аниқ механизм яратилди.

Аммо бу механизм жойларда тўлиқ ва самарали ишлаяптими?.. Шу борада депутатлик, парламент ва жамоатчилик назоратини қайси йўналишларда кучайтириш зарур?.. Семинарда ана шу масалалар хусусида сўз юритилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари Мақсуда Ворисова, Ўрол Ўразбоев, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги масъул ходими Абдухалил Раҳмонов, ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Боймурод Юсупов, Сергели туман Кенгаши депутати Шоира Солметова ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Семинарда “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитиш, аҳоли бандлигини таъминлашга оид ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш”, “Камбағал ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўргатиш ва уларнинг бандлигини таъминлашнинг самарали тизимини жорий этиш”, “Ногиронлиги бўлган шахслар учун иш ўринлари яратаётган тадбиркорлик субъектларига имтиёзли микрокредитлар ажратиш” мавзуларида таҳлилий маърузалар тингланди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган тадбирда билдирилган таклифлар Халқ демократик партияси депутатлик бирлашмаларининг бандлик соҳасида депутатлик назоратини тизимли ташкил этишига муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш