Камбағаллик нима ўзи?

 

Камбағаллик кеча ёки бугун пайдо бўлган тушунча эмас. Китобий тилда камбағаллик бу – меҳнат қилиш, авлодлар узвийлигини давом эттириш, ҳаётий эҳтиёжларни қондириш имкониятига эга бўлмаган шахс ёки ижтимоий гуруҳларнинг иқтисодий ҳолатларини ифодаловчи кўрсаткич дейилар экан. Камбағаллик нисбий тушунча бўлиб, ҳар бир жамиятда қабул қилинган турмуш даражасининг умумий стандартига боғлиқ бўлар экан.

Жаҳон амалиётида камбағалликни аниқлашда беш хил ёндашув мавжуд экан. Яъни, тирикчилик воситаларидан маҳрумлик кўринишидаги камбағаллик, тенгсизлик кўринишидаги камбағаллик, маданий камбағаллик, эксплуатация кўринишидаги камбағаллик ҳамда таркибий камбағалликлардан иборат экан.

«Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 12-15 фоиз ёки 4-5 миллион аҳолимиз камбағал. Бу уларнинг бир кунлик даромади 10-13 минг сўмдан ошмаяпти, дегани. Ёки бир оилада машина ҳам, чорва ҳам бўлиши мумкин, лекин бир киши оғир касал бўлса, оила даромадининг камида 70 фоизи уни даволатишга кетади. Хўш бундай оилани ўзига тўқ дейиш мумкинми?

Президент сифатида мени одамларимизнинг овқатланиши, даволаниши, болаларини ўқитиши, кийинтириши каби ҳаётий эҳтиёжлари нима бўлаяпти, деган савол ҳар куни қийнайди», деб алоҳида таъкидлаган эди Президентимиз.

Шиддат билан ривожланиб бораётган айни замонда, бутун дунёда олимлар, сиёсатчилар, давлат арбоблари ва жамоатчилик вакиллари ўртасида камбағалликнинг келиб чиқиш сабаблари, ижтимоий-иқтисодий оқибатлари, уни бартараф этиш йўллари хусусида илмий мунозаралар, турли кўринишдаги давра суҳбатлари ва сабабий боғлиқликда илмий-амалий изланишлар ҳам амалга оширилмоқда.

Бунда аҳоли, айниқса, ёшларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш – энг устувор йўналишлардан бири бўлиши лозим. Умуман, ҳар қандай жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши ҳал қилувчи ўрин тутади.

Эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан ишлаш бўйича янги тизим жорий этилди. Ушбу тизим орқали 527 минг нафар инсоннинг бандлиги таъминланди.

Ижтимоий нафақа олувчилар сони 2 баробарга – 1,2 млн нафарга кенгайди. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2016 йилга нисбатан бюджетдан 5 баробар кўп маблағ ажратилди.

Ўз-ўзини банд қилган аҳолига солиқ имтиёзларининг берилиши ва кўплаб чекловларнинг бекор қилиниши натижасида 500 минг нафар инсоннинг расмий бандлиги таъминланди.

Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерлари учун 300 млрд. сўм имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратилди.

Президент Шавкат Мирзиёев камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил инсоннинг интилиши, ўз кучига таянган ҳолда, аниқ мақсад сари ҳаракати бўлиши кераклиги ҳақида гапираркан, бевосита Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида амалга ошириши лозим бўлган аниқ ва манзилли вазифалар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Бу йил Республикамизнинг худудларида аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича мингдан зиёд марказлар ташкил этилишини маълум қилди. «Бунда касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир шахс учун ўқув марказларига 1 миллион сўмгача субсидия берилиб, бунинг учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади. Ўқув курсларини тамомлаб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга ускуналар харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар берилади.

Шунингдек, ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилади.

Эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлашга Бандликка кўмаклашиш ҳамда Жамоат ишлари жамғармаларидан 500 миллиард сўм йўналтирилади.

Пандемия шароитида ўз ишини йўқотган аҳоли камбағалликка тушиб қолишига йўл қўймаслик кераклиги таъкидланган маърузада келгуси йилдан бошлаб янгича тизим жорий этилади. Унга кўра, вақтинча ишсизлик нафақаси 3 баробар (223 минг сўмдан 680 минг сўмга) оширилади ва бунда 6 та ҳужжат талаб этиладиган эски бюрократик тартиб бекор қилинади.

“Камбағалликни қисқартириш борасида ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатга баҳо бериш, амалга оширилаётган ишлар ижросини назорат қилиш Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий кенгашларнинг диққат марказида бўлиши лозим. Умуман, ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимлари ўз ҳудудларида камбағалликни қисқартириш бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқиб, унинг ижроси бўйича ҳар чоракда маҳаллий кенгашларда ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали халққа ҳисобот бериб бориши зарур. Бу масала барча раҳбарларнинг биринчи даражали вазифаси ва иш самарасини баҳолайдиган асосий мезонга айланиши керак», дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.

Шу ўринда биргина қарор асосида амалга ошириладиган ишларни бир таҳлил қилайлик.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, Республика хотин-қизлар жамоатчилик Кенгаши ташкил этилди ҳамда асосий вазифалари белгилаб берилди. Кенгаш ҳудудларда, айниқса, қишлоқ жойлардаги хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасидаги вазифаларнинг самарадорлигини ошириш мақсад этиб белгиланди.

Кенгашнинг мазкур вазифаларни амалга ошириш мақсадида Жамғармага ҳар йили Давлат бюджетидан 300 миллиард сўмгача миқдорда маблағ ўтқазилади. Дастурда ўзлаштиришда хотин-қизларга туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларининг биринчи ўринбосарларининг тавсияларига кўра, тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйиш учун 3 йилгача муддат ва 6 ойгача имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида БҲМнинг 150 бараваригача (36 млн 750 минг сўмгача) миқдорда кредитлар берилади. 2021 йилда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган хотин-қизларга ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадалларини тўлаб бериш ва ижтимоий уй-жойлар сотиб олиш учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан, яъни:

  • - нотурар жойларда истиқомат қилаётган аёлларни уй-жой билан таъминлашга – 10 миллиард сўмдан;
  • - отасидан айрилган, ёлғиз онаси қарамоғида бўлган вояга етган уй-жойга мухтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлашга – 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилади;
  • - 2021 йилда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган ва ўзгалар парваришига муҳтож хотин-қизларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш учун 80 миллиард сўм, шунингдек, нотурар жойларда истиқомат қилаётган хотин-қизларга турар жой ижараси компенсациясини тўлаш учун 11 миллиард сўм ажратилади;
  • - 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб базавий тўлов шартномаси асосида давлат олий таълим муассасига қабул қилинган, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда давлат олий таълим муассасалари ҳисобидан ўқитиш тартиби жорий этилади. Бунда ўқиш учун тўлов пуллари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан 100 нафардан хотин-қизлар учун ҳар йили маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан тўлаб берилади.

Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича самарали ишларни ташкил этиш вазифаси секторлар бў­йича ишлар модели ёрдамида ҳал этилмоқда. Ҳар бир сектор ҳокимият, прокуратура, ички ишлар органлари ва солиқ хизмати вакилларидан, яъни жойлардаги вазият ҳақида барча маълумотларга эга бўлган шахслардан ташкил топади. Бундай ёндашув қуйи даражаларда ишларни йўлга қўйиш имконини беради, шунингдек, ҳар бир тумандаги фаолият учун сектор раҳбарининг шахсий масъулиятини оширилди.

Бу борада Президентимиз томонидан белгиланган мақсад «камбағал оиланинг ҳеч бўлмаганда битта аъзосини иш билан таъминлаш» ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир.

Бошқача айтганда, бунда эътибор эҳтиёжманд қатламга ёрдам пули беришга эмас, балки ишлаб пул топиш учун шарт-шароит ва имкониятлар яратишга қаратилади.

Камбағаллик муаммосини бутунлай ва қисқа вақт ичида бартараф этиб бўлмаслиги табиий. Бошқа мамлакатларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, бу жуда узоқ вақт ва машаққатли меҳнатни талаб этадиган жараён. Бироқ айнан ўша халқаро тажриба бу муаммога ҳар томонлама ва изчил ёндашилса, тўғри амалга оширилса, кутилган натижага албатта эришамиз. Буни «Темир дафтар» амалиёти ҳам тасдиқламоқда.

Юқоридагилардан хулоса қилиб алоҳида таъкидламоқчиманки, мамлакатимизда камбағалликка қарши курашишнинг энг тўғри йўли бу – фуқароларнинг иқтисодий тафаккурини ўзгартиришдир. Фуқароларнинг иқтисодий тафаккури ва иқтисодий тарбияси ўзгармас экан, камбағаллик тузоғидан чиқишимиз жуда мушкул. Зеро, Жалолиддин Румий айтганларидек:

“Аввал ақлли эдим – дунёни ўзгартирмоқчи бўлдим. Энди эса дономан – ўзимни ўзим ўзгартираяпман.”

 

Ўрол ЎРОЗБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш