Наврўз — боқий байрам

 

Юртимизда айни кунларда табиат уйғониб, гўзал диёримизга барчамиз орзиқиб, соғиниб кутган Наврўзи олам кириб келмоқда. Айниқса, тинчлик ва соғликни улуғлайдиган, ҳаётни, яшариш ва янгиланишни шарафлайдиган байрам — Наврўзнинг бу йилги қадри ўзгача. Чунки ўтган йили бутун инсоният бошига келган синовлар бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Азалдан пок нияти ва ёруғ умидига таянган олижаноб халқимиз ўз меҳнати ва матонати, улкан сабр-тоқати, огоҳлиги билан бу синовлардан устун келди.

Ҳа, Наврўзнинг бутун моҳиятида халқимизнинг эзгуликпарвар қалби намоён бўлади. Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрку зийнати бўлиб келаётган бу ажойиб, хосиятли байрам бугун қалбларимизга яна чексиз қувонч ва завқ бағишламоқда.

Наврўз қадим ва боқий байрам. Хусусан, Наврўз ҳақида “Авесто”да шундай битиклар бор: “Зардўштийлар эътиқодига кўра, кўклам гиёҳлари униб, дарахтлар куртак ота бошлагач ўша атрофдаги қора кучлар маҳф бўлган”.

Таъкидлаш жоиз, Абу Райҳон Беруний Наврўз тарихи борасида Сосонийлар (226-650) давлати давридаги ажойиб байрам тантаналаридан ривоятлар сўйлайди. У йилнинг айрилишини илмий асосда исботлаб берган олимлардан саналади. Алишер Навоий кун билан тенглашган (Қуёш тақвими билан 21 март) паллани шундай изоҳлайди:

Юз очиб билдирди қад бирла сочи тенг эрканин,

Зоҳир ўлғондек туну кун тенглиги Наврўздин.

Умар Хайём “Наврўзнома” асарида шундай дейди: “Қачонки, Ҳамал қошидан ўз айланиш даври бўйлаб йўлга чиққан офтобни осмон яна уйига қайтариб келтирса, унинг бошқатдан фалак сайрига чиқишдан бошлаб оламни ўзгартириб юборадиган янги тарих бошланади”. Ал-Ҳаким ат-Термизий эса ўзининг “Наврўзнома” асарида Наврўз ва Наврўз байрами тафсилотлари баробарида унинг келиши ҳафтанинг қайси кунларида тўғри келса, йилнинг қандай кечишини, деҳқончилик, савдо-сотиқ ҳамда бошқа соҳаларда табиат ва замоннинг авзойини осмон ёритгичлари ҳаракатлари орқали асослаб беради ва китоб ҳақида: “Токи ҳар ким ўқиса, тақвимга муҳтож бўлмас ва ҳарчанд (қанча) замон ўтса ҳам бу нусха мансух (эски) бўлмас” – дейди.

Бугунги кунда Наврўз ўзининг умуминсоний ғоялари билан башарият ҳаётидан тобора чуқур ўрин эгалламоқда. Барчангизга аёнки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қарори билан 21 март — бутун дунёда Халқаро Наврўз куни сифатида кенг нишонланмоқда.

Наврўзни шодиёна қилаётган халқимиз бугун “Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!” деган эзгу тилакларини қайта-қайта билдирмоқда.

Аҳоли фаровонлиги, юртимиз равнақи устувор мақсад бўлган шиддатли ислоҳотларимизда ҳам Наврўз руҳи бор гўё! Бу эзгу ўзгаришлар ҳам одамлар ҳаётига хуш янгиликлар олиб кирмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, азиз юртдошларимизни Наврўзи олам билан самимий муборакбот этаман.

Жоножон диёримиз улкан тўйхонага айланиб, ҳамиша шодлик, яратувчанлик меҳнати, бунёдкорлик, халқнинг бахту-саодати тантана қилаверсин.

Улуғ айём муборак бўлсин!

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш