Юртимизда айни кунларда табиат уйғониб, гўзал диёримизга барчамиз орзиқиб, соғиниб кутган Наврўзи олам кириб келди. Айниқса, тинчлик ва соғликни улуғлайдиган, ҳаётни, яшариш ва янгиланишни шарафлайдиган байрам — Наврўзнинг бу йилги қадри ўзгача. Наврўз аёмига бағишланган бугунги тантанада давлатимиз раҳбари томонидан ўтган йилда пандемия сабабли Наврўз айёмини нишонлай олмаганлигимизни ёдга олиб, «коронавирус балоси ҳали тўла бартараф бўлмаганини, шунча меҳнат зое кетмаслиги учун пандемияга қарши курашишни бир лаҳза ҳам тўхтатмаслик, бепарволик ва беғамликка берилмаслик керак»лигини таъкидладилар. Чунки ўтган йили бутун инсоният бошига келган синовлар бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Азалдан пок нияти ва ёруғ умидига таянган олижаноб халқимиз ўз меҳнати ва матонати, улкан сабр-тоқати, огоҳлиги билан бу синовлардан устун келди.
Ҳа, Наврўзнинг бутун моҳиятида халқимизнинг эзгуликпарвар қалби намоён бўлади. Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрку зийнати бўлиб келаётган бу ажойиб, хосиятли байрам бугун қалбларимизга яна чексиз қувонч ва завқ бағишламоқда.
Бу йилги Наврўз мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигида ўтмоқда. Халқимиз бу айёмни ўзгача кайфият билан кутиб олмоқда.
Наврўзнинг ўлмас руҳи ва боқий фалсафаси биз бугун бунёд этаётган янги Ўзбекистон ғояси билан уйғун ва ҳамоҳангдир. Шунингдек, Наврўз дўстлик, аҳиллик байрами. Бу ҳақда Президентимизнинг: «Бизнинг кучимиз – бирлик ва аҳилликда, бизнинг қудратимиз – меҳр-оқибат, ўзаро кўмак ва саховатда, бизнинг ютуғимиз – эртанги кунга бўлган юксак ишончимизда», – деган сўзлари айни ҳақиқатдир.
Бугунги кунда Наврўз ўзининг умуминсоний ғоялари билан башарият ҳаётидан тобора чуқур ўрин эгалламоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қарори билан 21 март — бутун дунёда Халқаро Наврўз куни сифатида кенг нишонланмоқда.
Юртимизда янги-янги ислоҳотлар давом этмоқда. Юртбошимиз барча соҳага тенг эътибор қаратишлари натижасида юртимизда кўплаб янгидан-янги корхоналар иш бошламоқда.
Шу билан бирга, хотин-қизлар ва ёшларга алоҳида эътибор кўрсатилмоқда. Шунингдек, байрам арафасида жазо муддатини ўтаётган кўплаб юртдошларимизни афв этилиши Наврўзнинг моҳиятида мужассам бўлган инсонпарварлик, меҳр-оқибат, ободлик қадриятларига мослигидан далолат беради.
Аҳоли фаровонлиги, юртимиз равнақи устувор мақсад бўлган шиддатли ислоҳотларимизда ҳам Наврўз руҳи бор гўё! Бу эзгу ўзгаришлар ҳам одамлар ҳаётига хуш янгиликлар олиб кирмоқда.
Жонажон диёримизда байрамлар кўпайяверсин, ҳамиша шодлик, яратувчанлик меҳнати, бунёдкорлик, халқнинг бахту-саодати тантана қилаверсин.
Дилбар Мамажонова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси