Ассалому алайкум азиз дўстлар!
Меҳри дарё ЮРТДОШЛАРИМ!
Обод ва Мунаввар юртимнинг ёрқин тонгларида бир-бирларини НАВРЎЗИ ОЛАМ билан қутлашга ошиқаётган пок ниятли, чеҳраси қуёшдан нур олган ХАЛҚИМ!
Байраминг муборак бўлсин!
Шундай тароватли кунларда табиат уйғониб, гўзал диёримизга барчамиз орзиқиб, соғиниб кутган Наврўзи олам кириб келмоқда.
Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрку зийнати бўлиб келаётган бу ажойиб, хосиятли байрам бугун қалбларимизга чексиз қувонч ва завқ бағишламоқда.
Азиз дўстлар, сизларни юртимизга қутлуғ қадамлар билан кириб келаётган баҳор, яшариш ва янгиланиш рамзи, шарқона янги йил дебочаси Наврўзи олам билан чин юракдан самимий муборакбод этаман!
Айнан шу бетакрор ва дилбар фаслда барчамиз ўзимизни яшариб кетгандек, вужудимизга янги куч-ғайрат, азму шижоат киргандек ҳис этамиз. Неча юз йиллик анъана ва қадриятларимизни янгидан кашф этамиз, қандай буюк тарих, қандай буюк маданият ворислари эканимизни яна бир бор англаймиз. Ва бундан қалбларимиз ғурур ва ифтихорга тўлади. Она табиатни севиш ва ардоқлаш, ҳаёт гултожи бўлмиш инсонни қадрлаш, Ватанга муҳаббат ва садоқат каби эзгу ниятларни ўзида мужассам этган Наврўз халқимизнинг энг қадимий, асл миллий байрамидир.
Наврўз - янги кун, янги фасл демакдир. Бугун она табиат бағрида янгиланиш ва яшариш фасли бошланмоқда.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳнамолигида жонажон юртимиз бугун ўз миллий тараққиётининг янги даврига қадам қўйди. Бу – эркинлик ва озодликнинг янги даври, бунёдкорлик ва фаровонликнинг янги, юксак босқичидир. Бу – «Халқ манфаати ҳамма нарсадан улуғ» деган эзгу ғоя амалий ишлар билан ўз тасдиғини топаётган даврдир.
Янги-янги уй-жойлар, замонавий корхоналар, таълим, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари, обод қишлоқлар юртимиз чиройига чирой қўшаётган давр бу.
Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, ёрдамга муҳтож инсонлар ва оилаларга чинакам кўмак ва ёрдам бериш, меҳр-оқибат кўрсатиш ҳаётимиз қоидасига айланиб бораётган давр бу.
Азиз дўстлар!
Наврўз ўзининг ўлмас руҳи, умуминсоний ғоялари билан башарият ҳаётидан тобора чуқур ўрин эгалламоқда. Барчамизга аёнки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қарори билан 21 март – бутун дунёда «Халқаро Наврўз» куни сифатида кенг нишонланмоқда. Наврўз руҳи ва фалсафаси «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»нинг ғоя ва мақсадлари билан уйғун, ҳамоҳанг равишда намоён бўлмоқда.
Халқимиз бир-бирларини қутлаб, дала ва қирлар, боғ ва майдонларда Наврўз байрамини шод-у хуррамлик билан нишонламоқда. Дастурхонларга баҳор неъматлари тортилиб, сайил-томошалар қилинмоқда. Шу ёруғ кунларга етказгани учун шукроналар айтилмоқда.
Ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва мурувват кўрсатиш, табаррук кексаларимизни йўқлаб, дуосини олиш, ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, ҳашарлар уюштириш, юртимизни янада обод қилиш каби савобли ишларимиз Наврўзнинг файзига-файз қўшмоқда.
Наврўз – янги деҳқончилик мавсумининг бошланиши, қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи. Бободеҳқонларимиз янги йилнинг мўл, серҳосил, қут-баракали келишини, тўкин-сочин бўлишини сўраб дуога қўл очишмоқда.
Азиз юртдошлар!
Бугун юртимизда рўй бераётган беқиёс ўзгаришлар, улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишлари кўклам, Наврўз каби ҳаётимизга, кўнглимизга илиқлик бахш этмоқда.
Муҳтарам отахону онахонлар!
Мунис ва меҳрибон опа-сингиллар!
Қадрли ака-укалар!
Халқимизнинг ишончи ва таянчи бўлган навқирон ёшлар!
Ҳаммамиз учун суюкли ва ардоқли Наврўз байрами билан барчангизни чин дилдан табриклайман!
Наврўз ҳар бир хонадонга, бутун эл-юртимизга тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат, қут-барака олиб келсин!
Барча эзгу ният ва мақсадларимиз амалга ошсин!
Ватанимиз янада обод, халқимиз доимо соғ ва омон бўлсин!
Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!
Зулайҳо Акрамова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ХДП фракцияси аъзоси.