ЎзХДП фракцияси муҳим қонун лойиҳаларини қўллаб-қувватлади

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама этилди.

Фракция йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Лойиҳада қимматли қоғозлар бозори ва акциядорлик жамиятлари фаолияти соҳасида ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, ҳозирги ривожланиш шароитларига мос келмайдиган меъёрларни бартараф этиш назарда тутилган.

Хусусан, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонундаги айрим меъёрлар миноритар акциядорларга акциядорларнинг умумий йиғилишида масофадан қатнашиб, ҳуқуқларини амалга ошириш имкониятини бермаяпти.

Қолаверса, амалдаги тартиб бўйича акциялар бўйича ҳисобланган дивидендлар тўлови акциядорлик жамиятлари орқали амалга оширилади. Бу ҳолат эса жамиятларда қўшимча иш кучи жалб қилинишига, кўп вақт сарфланишига олиб келади.

Қонун лойиҳаси ташаббускори томонидан, шунингдек, айрим жамиятларда миноритар акциядорлар тўғрисида актуал маълумотлар йўқлиги сабабли ҳисобланган дивидендлар барча эгаларига тўлаб берилмаётгани қайд этилди.

Фракция аъзолари мамлакатимизда капитал бозорини ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этиш, мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш, инвесторларга қулайлик яратиш долзарб масала эканини таъкидлашди, қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.

Капитал бозорида очиқлик ва эркинлик муҳитини қарор топтириш нуқтаи назаридан таклифлар берилди.

“Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда ғоявий жиҳатдан кўриб чиқилди. Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони 11-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Тушунтириш хатида асослантирилишича, 1993 йилда қабул қилинган, 2000 йилда эса янги таҳрирда қабул қилинган амалдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунда суд тизимидаги чуқур ўзгаришлар тўлиқ акс эттирилмаган ва замонавий талабларга жавоб бермайди.

Янги қонун лойиҳасида асосан суд тизимидаги ташкилий-тузилмавий ўзгаришларга, одил судловнинг асосий тамойилларини қайта кўриб чиқишга, суд ҳужжатларини қайта кўриш тартибини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштиришга, судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Депутатлар суд ҳокимияти тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг зарурлигини ҳисобга олиб, қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади, шунингдек, иккинчи ўқишгача таклифлар шакллантирилиши маълум қилинди.

“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги
қонун лойиҳаси муҳокама этилди. Унга кўра, қонуннинг 11-моддасига яъни, нотариал ҳаракатлар амалга оширилганда давлат божини тўлашдан озод этиладиганлар тоифасига - Ўзбекистон Республикаси ва чет давлатлар ҳудудида табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар (турар ва нотурар жойнинг ёнғини ёки қулаши, транспорт воситасининг ёнғини) юз берганлиги оқибатида жабрланган жисмоний шахслар киритилмоқда. Уларга ҳужжатларнинг дубликатлари, кўчирма нусхалари ва нотариал ҳаракатларни рўйхатга олиш реестридан кўчирмалар давлат божисиз берилиши белгиланмоқда.

Фракция аъзоси Фирдавс Шариповнинг таъкидлашича, дунёда ҳеч бир инсон табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлардан тўлиқ ҳимояланган эмас. Фуқаро ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда фавқулодда вазиятдан жабр кўрса, давлат уни ҳимоя қилиши зарур. Шу маънода ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар фуқаролар, айниқса, кам даромадли юртдошларимиз манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Қонуннинг 13-моддасига ҳам қўшимча киритилмоқда. Унга асосан офатлар юз берганлиги оқибатида жабрланган жисмоний шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқароси (биометрик паспорти), Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет давлат фуқаросига ва фуқаролиги бўлмаган шахсга (яшаш учун рухсатнома) ID-картаси, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахснинг хорижга чиқиш биометрик ҳаракатланиш ҳужжати, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча бўлиб турган чет давлат фуқаросига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга паспортнинг ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатнинг йўқолганлиги ҳақидаги маълумотномани ҳамда Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиш тўғрисидаги ҳужжатни такрорий берганлик учун улар давлат божи тўланмаслиги белгилаб қўйилмоқда.

Депутатлар қонун лойиҳасини бир овоздан қўллаб-қувватлади.

Йиғилишда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаси баҳс-мунозара ва савол-жавобларга бой тарзда ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 ноябрдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида иккита муҳим масала ўрин олган.

Биринчидан, Жиноят-процессуал кодексининг 391, 3812-моддаларига электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш бўйича тергов ва суриштирувга тегишлилик вазифаси Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмаларига юклатишни назарда тутувчи ўзгартиш киритиляпти.

Иккинчидан, электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари жойларда содир этилаётганини инобатга олиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2453, 248-моддаларига суриштирувга тегишлилик ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика (катта) инспекторларига тааллуқлилиги белгиланмоқда.

Депутатлар қонун лойиҳасидан кўзланган мақсад айрим ижтимоий тармоқларда бир томонлама ва нотўғри талқин қилинаётганини таъкидлашди.

Аслида ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ҳолатларда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш, электр ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан ёки қоидани бузган ҳолда уланиш учун айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича суд-тергов амалиётининг таҳлили мазкур тоифадаги ҳуқуқбузарликлар бўйича қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги ва унинг учун белгиланган жазолар ўртасида номутаносибликлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Оқибатда мазкур тоифадаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар учун ўрнатилган санкциялар ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга хизмат қилмасдан, жиноят сифатида баҳоланган ҳолатлар кузатилмоқда. Бундай ҳолатлар Халқ демократик партияси ҳимоя қиладиган тамойилларга мутлақо тўғри келмайди.

Депутатлар қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашини, шунинг билан бирга, янги ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида сайловчилар ва кенг жамоатчилик ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш зарурлигини такидлашди.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш