Физика фани бўйича таълим сифати янада оширилади

 

Кишининг шахс сифатида шаклланиши, интеллектуал, ахлоқий жиҳатидан камолга етиши, дунёқараши ўсиши учун таълимнинг, илм-фаннинг ўрнини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Таълим орқали дунёни англаймиз, фикрлаймиз. Илм-фан эса бизга ҳар бир нарсанинг моҳиятини, мазмунини тушунтиради. Шу жиҳатидан олиб қарасак, таълимга эътибор келажакка эътибор демакдир.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида 2021 йилда физика ва чет тиллари фанларини ўқитиш устувор йўналишлардан бири этиб белгиланган эди. Куни кеча Президентимизнинг “Физика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Айтиш керакки, ушбу қарорнинг қабул қилиниши илм-фанни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётган ҳозирги пайтда айни муддао бўлди. Чунки ушбу фанда ўқитиш сифатининг оширилиши ўқувчиларда мустақил ишлашга, атрофдаги ҳодисаларни талқин этишда, табиатни илмий асосда билишда, мантиқан фикрлашида муҳим аҳамиятга эга.

Қарор билан 2021–2023 йилларда физика фанлари бўйича таълим сифатини ошириш ва физика соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг натижадорлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури (Комплекс дастур) тасдиқланди. Физика фани бўйича кадрларни, хусусан, қишлоқ жойлардаги мактабларнинг ўқитувчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ривожлантириш Комплекс дастурнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Демак, мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида ҳам физика фанидан профессионал муҳит яратилади, илмий даражага эга бўлган олимлар кўпаяди.

Физика табиат ҳақидаги умумий фандир. Атрофимиздаги, ҳаётимиздаги ҳар бир жараён, воқелик бевосита табиат билан уйғун бўлгани учун бу фанни ўрганиш, ёшларни шунга қизиқтириш долзарб масала ҳисобланади.

2021–2022 йилларда босқичма-босқич республика ҳудудларида физика фанига ихтисослаштирилган жами 28 та таянч мактаби ташкил этилиб, уларга тегишли ОТМнинг кафедралари бириктирилишининг бу жараёнда аҳамияти катта, албатта. Шунингдек, 175 та мактабда физика фани чуқурлаштириб ўқитиладиган синфлар ташкил этилиши белгиланди. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларида физика фани кенгроқ ўқитиладиган вариатив ўқув режаси жорий қилинади. Ихтисослаштирилган мактабларда физика фани таянч ўқув режада белгиланган ўқув соатлар доирасида ҳафтасига 3 соатдан ўқитилади. Бу қанчадан-қанча ёшларимизни физикага қизиқтириш, яқин келажакда соҳада ихтиролар кўпайишида хизмат қилади, деб ўйлайман.

Келгуси йил 1 январгача Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги биттадан “Баркамол авлод” болалар мактабларида “STEM” физика клублари ташкил этилади. Физика фанидан билимларни баҳолаш бўйича миллий сертификатлаш тизими жорий қилинади.  Бу нафақат физика соҳасида таълим сифатини оширади, балки ушбу соҳага қизиққан, ўз орзу-мақсадларини шу фан билан боғлаган юзлаб ёшларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришда муҳим ўрин тутади.

Эътиборли яна бир томони, тизимда яхши ишлаган, ўзини кўрсата олган ўқитувчилар рағбатлантирилади. Яъни 2022 йил 1 сентябрдан ихтисослаштирилган мактабларнинг физика фани бўйича миллий сертификатлаш тизимида максимал баллнинг 70 ва ундан юқори фоизини тўплаган физика фани ўқитувчиларига базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик устама ҳақи 50 фоиз миқдорида тўланади. Бу таълим сифатини яхшилаш, физика фанини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, педагогларнинг самарали меҳнатини қўллаб-қувватлаш учун муҳим, албатта.

Умуман олганда, физика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантиришга эътибор тубдан кучаяди. Физика фанининг ривожланиши эса жамият  тараққиётида, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда катта-катта ўзгаришлар бўлишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Чунки замонавий турмушнинг ҳар бир жабҳасида физика фани алоҳида ўринга эга. Атрофимизга қарасак, кўзимиз тушган ҳар бир нарсанинг ихтиро қилинишида, яратилишида ва ишлаб чиқарилишида физика фани эришган ютуқларнинг улкан ҳиссаси мавжуд. Демак, соҳани ривожлантириш орқали тараққиёт сари муҳим қадамлар ташланди.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш