Партиямиз депутати ташаббуси билан 18 йиллик муаммо ҳал бўлди

 

Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Аксауле Тумишова ўзи сайланган округида, яъни Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри, Учқудуқ туманларида бўлиб, халқ билан бевосита мулоқотлар ўтказди. Аҳолини ташвишлантираётган муаммоларни ўрганди, таҳлил қилди.

Юзма-юз мулоқотлар давомида ечимини кутаётган бир қатор муаммолар борлиги маълум бўлди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 10-декабрдаги 594-сонли қарорининг 4-бандига асосан Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарларида ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкаси ҳудудидаги бюджет ташкилотлари ва муассасалари ишчи ходимларига муайян давр ишлаганлик учун ҳар ойлик тақдирлаш пули жорий қилинган.

Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳудудлардаги бюджет ташкилотлари ишчи ходимлари иш жойини ўзгартирса ёки бюджетдан молиялаштирилмайдиган корхона ва ташкилотда ишлаб, кейинчалик қайтадан бюджет ташкилотларига ишга қабул қилинса, унинг олдинги иш стажи даври ҳисобга олинмаслиги ҳамда янгидан иш бошлаган ва узлуксиз иш даври ҳисобга олиниши юзасидан эътирозлар билдирилган эди.

Шунингдек, Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкаси бюджет ташкилотлари ва муассасаларида кўп йиллик меҳнати учун ишчиларга ойлик тўловлар тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг (Адлия вазирлигидан 13.04.2001 йил 1026-сон билан рўйхатга олинган) 3-бандида мазкур ҳудудлардаги бюджет ташкилоти муассасаларида ишловчиларга ҳар ойлик устамаларни олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига қуйидагилар киритилади:

а) Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарларида ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкаси ҳудудида жойлашган бюджет ташкилотлари ва муассасаларида ишлаган даври;

б) ходим ҳақиқатда ишламаган бўлиб, бироқ амалдаги қонунчиликка мувофиқ Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкаси ҳудудида жойлашган бюджет ташкилотлари ва муассасаларида унинг иш жойи сақланган даври.

Мазкур Низомда Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва  шаҳар типидаги Зафаробод посёлкаси ҳудудида жойлашган бюджет ташкилоти ёки муассасаси ишчи ходимларнинг иш стажи қандай ҳолатларда узлуксиз, деб ҳисобланиши акс эттирилмаган.

Шундан келиб чиқиб, Аксауле Тумишова Молия вазирлигига ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкасининг бюджет ташкилотлари ва муассасалари ходимларига муайян давр ишлаганлик учун ойлик тўловлар тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича депутатлик сўрови билан мурожаат қилган.

Натижада Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексига, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкасининг бюджет ташкилотлари ва муассасалари ходимларига муайян давр ишлаганлик учун ойлик тўловлар олиш ҳуқуқини берадиган иш стажини ҳисоблаб чиқишни тартибга солиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Молия вазирлиги қарори қабул қилинди.

2001 йил 13-апрелдаги 1026-сон билан рўйхатга олинган Низомга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2019 йил 15 августдаги 9-2019/к/қ, 32-сон қарори билан ўзгартиришлар киритилди.

Унга кўра, Низомнинг номи «Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкаси бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларига муайян давр ишлаганлик учун ойлик тўловлар тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида», деб янги таҳрирда баён этилди.

1-банднинг янги таҳрири “Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкаси бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларига муайян давр ишлаганлик учун ойлик тўловлар тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин”, деб белгиланмоқда.

1-банд  қуйидаги таҳрирда баён этилиши белгиланмоқда:

«Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкаси бюджет ташкилотлари ходимларига муайян давр ишлаганлик учун ойлик тўловлар, ходимнинг юқорида келтирилган шаҳарлардаги бюджет ташкилотларида ишлаган иш стажидан келиб чиқиб, қуйидаги миқдорларда белгиланади:

Иш стажига кўра

Ойлик тўловларнинг миқдори, ойлик тариф ставкасининг ёки лавозим окладининг улушида белгиланади

3 йилгача

0,25

3 йилдан 5 йилгача

0,5

5 йилдан ортиқ

0,75

 

Ўзгартишларга асосан 3-банднинг 1 ва 2-кичик бандлари ҳам янги таҳрирда баён этилмоқда. Шунингдек, қуйидаги мазмундаги 31-банд билан тўлдирилмоқда. Яъни, мулкчилик шаклидан қатъи назар, бошқа ташкилотдан Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкасидаги бюджет ташкилотларига ишга кирганда, иш стажи сақланиб қолиши қайд этилади.

Бир қарашда оддий кўринадиган ана шу ўзгартиш Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкасидаги минглаб юртдошларимизнинг ҳақ-ҳуқуқи таъминланишига, даромади яхшиланишига хизмат қилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Молия вазирликлари раҳбариятига ҳамкорликда иш олиб боргани учун ўз миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз, дейди депутат. 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати

Манба: http://uza.uz/oz/society/deputat-tashabbusi-bilan-18-yillik-muammo-al-b-ldi-02-10-2019

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш