Депутатга ёрдамчи, сайловчига кўмакчи зарур

 

Инсоният яралибдики, бир қанча вазифаларни адо этишига тўғри келади, кимгадир катта, кимгадир кичик вазифалар белгиланади.

Депутатлик вазифасини бажариш – жуда катта масъулият. Аҳолини ўйлантириб келаётган муаммоларга ечим топиш учун, бугунги ислоҳотлар жараёнида фаол иштирокчига айланиш учун ҳар бир хонадонга кириб бориш керак, бунга депутат тўлиқ имконият топиши осон эмас.

Сайловчиларга берилган ваъдаларни бажаришдан ташқари, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуши фаровонлигини таъминлашга кўмаклашувчи ташаббуслар кўпайишига хизмат қилувчи фикрлар халқимиз билан бўлган мулоқотлар давомида аниқланади.

Давлат ва жамият ҳаётига доир кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда, халқимиз ҳуқуқ ва манфаатларини химоя қилишда сиёсий партияларнинг роли ва ўрнини ошириш жуда муҳим. Нафақат қонун ижодкорлиги, балки қонунлар ижроси бўйича таъсирчан парламент ва депутатлик назоратини амалга оширишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Шу жиҳатдан Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг қўйи палатадаги депутатларининг округлардаги вакиллари вазифаси ташкил этилгани депутатларга бир қатор қулайликлар яратиб келмоқда. Айниқса, мурожаатларни кўриб чиқиш, маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, аҳолини қийнаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этишда самарали натижаларга эришилмоқда.

Жорий йилнинг 2 февраль куни давлат раҳбарининг сиёсий партия раҳбарлари билан ўтказган очиқ мулоқотида “Депутат ёрдамчиси” институти жорий этиш таклифи билдирилди. Бу дунё парламентида бор жуда муҳим тажриба. Бу таклиф бизда амалга ошса, сайловчилар билан парламент аъзоларининг доимий ҳамкорлиги йўлга қўйилишига эришилади.

Бугун мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш, камбағалликни қисқартириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўплаб ижтимоий-иқтисодий дастурларнинг ижроси юзасидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш, “Темир дафтар”, “Ёшлар” ва “Аёллар” дафтарларига киритилган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатишда ҳам депутат ёрдамчиси институти катта аҳамият касб этади.

Бу, айниқса, ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлам манфаатларини ҳимоя қиладиган Халқ демократик партияси фракцияси учун муҳим масала ҳисобланади.

 

Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш