«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» ташаббуси: қишлоқ ва маҳаллаларда катта ўзгаришлар бўлади

 

2018 йили бевосита мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» ташаббуси юртимизнинг ҳар бир гўшаси ободончилигининг янги босқичини бошлаб берган эди. Натижада ўтган давр мобайнида қишлоқ ва маҳаллалар қиёфаси тубдан ўзгарди, ҳудудлар янгича замонавий кўринишга эга бўлди, аҳоли яшаш жойлари обод масканларга айланмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар бежизга эмас, албатта. Чунки обод маҳаллада яшаган кишининг қалби ҳам обод, маданияти ҳам юксак бўлади.

Маълум бўлишича, ушбу дастурлар доирасида 5 миллионга яқин юртдошимиз яшайдиган 1 минг 200 та маҳалла ва қишлоқдаги шароитлар яхшиланди. Лекин ўтган йили коронавирус пандемияси туфайли бу борадаги ишлар вақтинча тўхтатилган эди. Президентимиз раислигида шу йилнинг 24 март куни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилиш бўйича ишлар белгилаб олинди.

Бу ҳудудларда, мамлакатимизнинг чекка қишлоқларидаги минглаб оддий одамларнинг ҳаётига ўзгаришлар бўлишини англатади. Шу орқали жойларда ечимини кутаётган қанчадан-қанча муаммолар ҳал бўлади, қишлоқлар ривожланади, зарур инфратузилма яратилади. Энг муҳими, одамлар ҳаётдан рози бўлади.

Видеоселектор йиғилишида ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғир 325 та қишлоқ ва 71 та маҳаллани комплекс ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Уларда ичимлик суви ва электр тармоқлари, ички йўллар, ижтимоий объектлар қуриш ҳамда таъмирлаш учун 3 триллион 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Шунингдек, 2 минг 721 та маҳалладаги 10 минг километрдан ортиқ ички йўлларни таъмирлашга 2 триллион сўм, 500 та маҳаллага 4 минг километрдан ортиқ ичимлик суви тармоғи тортиш учун 1 триллион сўм ажратилади.

Шунингдек, 5 минг 377 та маҳалладаги 15 минг километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 4 мингдан ортиқ трансформаторни янгилаш белгиланмоқда. Бу юртимиздаги маҳаллаларнинг 60 фоизи демакдир. Ушбу чора-тадбирларга қарийб 2 триллион 100 миллиард сўм йўналтирилиши айтилди. Демак, ҳудудлар қиёфасини бутунлай ўзгартириш, одамларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш, қишлоқларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар рўёбга чиқарилади.

Тўғриси, сайловчилар томонидан бўлаётган мурожаатларнинг аксарияти тоза ичимлик суви, электр энергияси билан таъминлаш, ички йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ бўлмоқда. Одамлар, айниқса, қишлоқ аҳолиси электр энергияси таъминотидаги доимий узилишлардан қийналиб келмоқда. Жорий йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган бу борадаги муаммолар ўз ечимини топадиган бўлди.

Умуман олганда, қишлоқларимизни замонавий масканга айлантириш мақсадида катта ислоҳотлар олиб борилиши режалаштирилган. Бу ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий муҳит яхшиланиши, одамларимизнинг дунёқараши ўзгариши, ўзига ишончи ва қатъияти ошишига хизмат қилади. Эътиборли яна бир томони, мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасини обод қилиш ғояси катта ўзгаришларга асос бўлиши аниқ.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш